Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар Дубайда пичоқбозлик уюштиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, содир бўлган воқеа туфайли баъзи Ўзбекистон фуқаролари амирликка кираверишда орқага қайтарилмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги изоҳ берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, амирлик ҳудудларидан бирида Ўзбекистон фуқароларидан тузилган икки қарама-қарши гуруҳ ўртасида қонли тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида бир киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Яна бир неча киши оғир пичоқ жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган, уларнинг баъзилари кома ҳолатида.
"Дубайдаги Ўзбекистон фуқаролари ўртасида юзага келган вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида мамлакатимиз дипломатлари Дубай Жиноят қидирув бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Маълум бўлишича, мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, унинг доирасида 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган", - дейилмоқда тарқатилган хабарда.
Шунингдек, Дубай томони ўзбекистонликлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бораётганидан хавотир билдирган. Қайд этилишича, бундай динамика мамлакатлар ўртасидаги амалдаги визасиз режимга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ваколатли идоралар билан биргаликда вазиятни ўрганаётганини маълум қилган. Фуқароларга ўз эркинликлари ва Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини хавф остига қўймаслик учун ўзлари бўлиб турган мамлакат қонунлари ва одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиш тавсия этилади.
Изоҳлар мавжуд емас