Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ёзёвон туманида яшовчи 28 ёшли фуқаро ўз уйида беш нафар вояга етмаган болага қонунга хилоф равишда диний сабоқ бериб келаётгани аниқланди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 1998 йилда туғилган шахснинг яшаш манзилида тегишли рухсатномага эга бўлмаган диний таълим маскани ташкил этилгани маълум бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 229²-моддаси 2-қисми (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари фарзандларини ноқонуний таълимга топширган ота-оналарга нисбатан ҳам чора кўргвн.
Беш нафар вояга етмаган боланинг ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 3-қисмига асосан ( Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) жавобгарликка тортилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, диний таълим фақат махсус лицензияга эга бўлган олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида берилиши мумкин.
Аввалроқ Наманган шаҳрида ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тадбирда, вояга етмаган болаларга ноқонуний диний таълим бериб келган яширин ҳужра аниқланганди. Энг хавотирлиси, ҳужрадаги таълим сабаб мактаб ёшидаги 13 нафар бола бу йил умуман мактаб дарсларга қатнашмаганлиги маълум бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас