Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида дори воситаларининг ноқонуний айланмаси билан шуғулланган дорихона аниқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини шифокор тавсиясисиз сотиш ҳолати аниқланган.
Департамент матбуот хизматининг маълум қилишича, дорихона фармацевти фуқарога "Омепразол" дори воситасини шифокор рецептисиз сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Айбланувчи қўлга олинганда дори воситаси олиб қўйилган.
Бундан ташқари, терговга қадар текширувда қатъий ҳисобда турган ва фақат рецепт бўйича сотишга мўлжалланган кучли таъсир қилувчи дори воситалари камомади аниқланган. Гап дорихона мудирининг моддий жавобгарлигида бўлган, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд 10 номдаги 2,8 минг дона дори воситалари ҳақида кетмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 271-моддаси ("Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш") билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда кучли таъсир қилувчи "Регапен" дори воситасини дорихоналар орқали яширинча сотиш мақсадида биологик фаол қўшимчалар қутиларига қайта қадоқлаган эркак қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас