Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкент шаҳрининг Сергели ва Янгиҳаёт туманлари аҳолиси ҳар куни сассиқ ҳид, тутун ва куйиндидан нафас олишга мажбур. Номаълум шахслар бу ерда чиқиндилар ахлатхонасини ташкил қилишган, янги келтириладиган ахлат учун жой бўшатиш мақсадида ҳар куни ёнғин уюштиришмоқда.
Тергов давомида маълум бўлишича, аҳолини ишбилармонлар ёки қурувчилар эмас, балки вазифаси шаҳарни шу ахлатдан тозалаш бўлган одамлар – Сергели туманини ободонлаштириш хизмати ходимлари заҳарламоқда. Энг ёмони, инспекторлар уларга бир неча бор огоҳлантиришлар ва жарималар ёзишган, ободонлаштирувчилар эса ўз ишларини давом эттиришган ва чиқиндиларни бу ерга олиб келаверишган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Экология вазирлигига Тошкент шаҳрининг Сергели тумани аҳолисидан "Дарё бўйи" маҳалласи ҳудудида жойлашган ахлатхона бўйича шикоят келиб тушган. Вазиятни ўрганиш учун инспекторлар жойга чиқиб, текширув ўтказишган.
Натижада, Сергели туманини ободонлаштириш бошқармаси ушбу маҳалла ҳудудида мунтазам равишда ва ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда чиқиндиларни ташлаб юборганлиги аниқланган.
Шу билан бирга, инспекторлар ҳудудда тўпланган чиқиндиларни йўқ қилиш учун Сергели тумани ҳокимлиги ва ободонлаштириш бошқармасига етти марта огоҳлантириш хатлари юборишган. Шунингдек, Сергели тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига нисбатан икки марта маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённома тузилган.
Ҳудудни қайта текширишда Сергели туман ободонлаштириш бошқармаси ҳеч қандай рухсатномасиз чиқиндиларни ноқонуний жойлаштириш ва ёқишни давом этаётгани аниқланган.
Ушбу ҳолат "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида" ги қонуннинг 22, 41, 47-моддаларини, "Чиқиндилар тўғрисида" ги қонуннинг 15, 17, 22-моддаларини, "Қурилиш чиқиндилари билан ишлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ҳукумат қарорини қўпол равишда бузмоқда.
Айни пайтда тегишли ҳужжатлар вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратурага юборилган.
Изоҳлар мавжуд емас