Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятида қўшни давлатдан ноқонуний равишда олиб кирилган 9,5 минг донадан ортиқ "Зардекс" кучли таъсир қилувчи дори воситаси ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мусодара қилинди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Риштон тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда йирик миқдордаги дори воситаларининг ноқонуний айланмаси фош этилган. Муқаддам судланган фуқаро Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистонга "Хўжа Илғор" маҳалласи ҳудудидаги божхона пости орқали 9 542 дона кучли таъсир қилувчи "Зардекс" дори воситасини олиб кираётган вақтида қўлга олинган.
Ашёвий далил сифатида олинган мазкур воситаларнинг умумий қиймати 1,3 миллиард сўмга тенг экани белгиланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда), 251-1 (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш), 223-моддалари (Қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ўтказган назорат тадбирлари давомида Medflora компанияси томонидан ишлаб чиқарилган "70 фоизли тиббиёт этил спирт" соғлиқ учун хавфли ва сифатсиз деб топилганди.

Изоҳлар мавжуд емас