Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилоятида алимент тўлашдан бўйин товлаб, бир неча ой давомида қидирувда бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди қароригa асосан, қарздор икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисмини алимент сифатида тўлаши керак эди.
Бироқ у суд қарори талабларини бажармаган, МИБ Пайариқ туман бўлими чақирувларига келмаган ва яшаш манзилида топилмаган. Шу сабабли, 2025 йил 18 сентябрь куни унинг номига қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари давомида Ш.Ч.нинг ўзи яшаб турган уйда экани аниқланган. 2025 йил 15 октябрь куни маҳалла вакиллари ҳамда гувоҳлар иштирокида ўтказилган текширув пайтида қарздор яшаш хонасидаги бешик орқасидан топилган.
Текширув натижалари ва тўпланган ҳужжатлар асосида Пайариқ туман суди қарори билан 33 миллион 854 минг сўм миқдоридаги қарздорликни тўламагани учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Изоҳлар мавжуд емас