Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Самарқанддаги дайди ҳайвонларни ушлаш хизматига тушиб қолган ярадор тулки ўлган. Тахминларга кўра, унинг юраги итларнинг вовуллашига дош беролмаган. Бу ҳақда эковолонтёрлар маълумотига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамизки, бу ҳақда ekolog канал маълум қилган. Аниқланишича, Самарқанддаги хусусий хонадонлардан бирига тулки кириб қолган, хонадон эгасининг чақирувига кўра ҳайвонни ушлаш хизмати олиб кетган.
Зооҳимоячиларнинг айтишича, ҳайвоннинг олд оёқлари ярадор бўлган, у қийинчилик билан ҳаракатланган. Уни озодликка чиқаришнинг иложи бўлмаган. Уни оёққа турғизиб, кейинчалик ёввойи табиатга чиқариш ёки ҳайвонот боғига бериш режалаштирилган.
Бироқ, Зарафшон миллий боғининг илмий ходими ушлаш хизматига етиб борганида, тулки ўлган бўлган. У ушлаш хизматида қарийб бир кун яшаган.
Текширув натижасида ҳайвонда бирорта ҳам хавфли касаллик топилмаган. Тахминларга кўра, у итларнинг вовуллаши натижасида келиб чиққан стресс таъсирида ўлган.
Эковолонтёрлар аҳолига мурожаат қилиб, агарда ёввойи ҳайвон кириб қолса, ушлаш хизматини чақирмасликни, жониворни озодликка чиқариб юборишни сўрашган.
Изоҳлар мавжуд емас