Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳусниддин Мамадиев ва унинг шериги жами 150 минг доллардан ортиқ миқдорда пора олишда гумонланмоқда. Ҳолат юзасидан Batafsil.uz мухбири ММТВ матбуот котиби Дилфуза Собирова билан боғланди.
Маълум қилинишича, ҳозирда Ички Ишлар вазирлиги томонидан ҳолат ўрганилмоқда.
Мазкур ҳолатнинг энг шов-шувли жиҳати шундаки, Мамадиев қўлга олинишидан атиги бир ҳафта олдин, яъни 17 февраль куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги марказий аппаратида бошқарма бошлиғи этиб тайинланган эди. Унинг вазирликдаги фаолияти етти кун ўтмай коррупцияга оид жиноят сабабли якунланган.
Суриштирувга кўра, жиноий схема Жарқўрғон туманидаги "Менинг мактабим" лойиҳаси доирасида тузилган. Мамадиев ва Термиз шаҳар бўлими собиқ раҳбари Сирожиддин Рўзиқулов боғчаларга техник жиҳозлар етказиб берувчи тадбиркорлардан тендерда ғолибликни ваъда қилиб, пул талаб қилишган.
Олинган маблағлар 111 200 доллар ва 567 миллион сўм бўлиб, мансабдорлар ашёвий далиллар билан ушланган.
Қизиқ жиҳати, Рўзиқулов ҳам 2025 йилнинг октябрь ойида лавозимидан тантанали ва совғалар билан кузатилган эди. Эндиликда ҳар икки шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас