Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўтган йили Ўзбекистон судлари 78 мингга яқин шахсга оид 60 мингдан ортиқ жиноий ишни кўриб чиққан. Суд статистикасига кўра, жиноятларни асосан эркаклар содир этган бўлиб, судланганларнинг катта қисмини ёшлар ташкил этади.
Олий суд маълумотларига қараганда, 61,5 минг нафар судланганларнинг аксарият қисми – 54,4 мингдан ортиқ киши (88,4 %) эркаклар ҳисобланади. Аёллар эса анча камроқ жиноий жавобгарликка тортилган – уларнинг улуши 7,1 минг ҳолатни (11,6 %) ташкил қилган холос.
Судланганлар орасида ёшлар сони ҳам анча кўп – 22,8 минг нафарни ташкил қилган, шундан 2,2 минг нафари вояга етмаганлар ҳисобланади. 60 ёшдан ошган шахслар орасидан эса 2,6 мингдан ортиқ киши жавобгарликка тортилган.
20 мингга яқин шахс озодликдан маҳрум этиш жазосини олган, аммо кўпчилигига бошқа чоралар – жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ва шартли жазо тайинланган. Шу билан бирга, 13 мингдан зиёд айбланувчи томонлар ярашгани сабабли жиноий жавобгарликдан озод қилинган.
Судлар асосан фирибгарлик, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, ўғрилик, гиёҳванд моддалар, талон-торож қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, безорилик ва қасддан тан жароҳати етказиш билан боғлиқ бўлган ишларни кўриб чиққан.
Изоҳлар мавжуд емас