Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкент ва Фарғонада ўтказилган рейдлар давомида товламачилик ва одамларнинг мол-мулкини ўзлаштириш билан шуғулланган жиноий гуруҳларнинг 25 нафар аъзоси қўлга олинган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ маълумотларига кўра, “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев товламачиликка оид жиноий иш бўйича кенг миқёсда олиб борилган тергов доирасида Тошкентда қўлга олинган. У катта миқдордаги товламачилик ва гиёҳвандлик воситаларини сақлашда гумон қилинмоқда.
Баъзи хабарларга кўра, қўлга олиш ўтган ҳафтада Grand Mir (собиқ “Россия”) меҳмонхонаси ёнидаги унинг квартирасида амалга оширилган.
Ундан ташқари ҳуқуқ-тартибот идоралари таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан товламачилик билан шуғулланган Дилшод Шарипов ва Анвар Мирзахоновни ҳам ушлашган. Тергов олиб борилмоқда.
Бир қатор қўлга олишлар Фарғона вилоятида ҳам амалга оширилган. У ерда жиноий тўдаларнинг 22 нафар аъзоси ҳибсга олинган. Улар орасида аралаш яккакурашлар билан шуғулланувчи "Борз" лақабли Хумоюн Тўхтамуродов ҳам бор. У икки нафар фуқарога тан жароҳати етказгани ва жиноят жойидан қочиб кетганидан кейин ҳибсга олинган.
Жиноят содир этилган жойда A. Мамиров ҳам ҳибсга олинган. У томонидан ташкил этилган гуруҳ фуқароларнинг пуллари ва мол-мулкини ўзлаштириб борган.
Бундан ташқари, Фарғона вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан жиноий муҳитда мавқега эга 248 кишининг турар-жой манзилларида текширувлар ўтказилган. Тадбирлар доирасида 66та жиноят фош этилган, 4,75 килограмм гиёҳвандлик воситалари, 78та психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, 41та қурол ва ўқ-дорилар, диний адабиётлар мусодара қилинган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари суд ва терговдан яширинган 37 кишини ҳибсга олишган.
Эслатиб ўтамизки, Ички ишлар вазирлиги томонидан Сирдарё, Хоразм, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Бухоро ва республиканинг бошқа вилоятларида рейдлар ўтказилмоқда. Аввалроқ, пойтахтда таҳдид ва товламачилик йўли билан қарзларни “ундириб” берадиган “Сайидазиз медгородок” лақабли жиноий авторитет ва унинг шериклари қўлга олингани ҳақида ҳам хабар берилган эди.
Юқорида қайд этилган шахсларнинг ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан ИИББга 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 ёки 99-370-73-94 телефонлар рақамлари орқали мурожаат қилишлари сўралади. Мурожаатчи шахсининг сир сақланиши кафолатланади.
Изоҳлар мавжуд емас