Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат кадастрлари қўмитаси Оққўрғон туман филиали ходими пора олишда гумонланиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланди. Тергов маълумотларига кўра, кадастр муҳандиси маҳаллий фуқаро ўзбошимчалик билан эгаллаб олган 9 сотих ер майдонига нисбатан ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни ноқонуний расмийлаштирган.
ДХХ матбуот хизмати хабарига кўра, давлат хизматчиси мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш учун 1200 доллар талаб қилган. Эвазига уй-жой қуришга рухсат олишда ёрдам беришни ваъда қилган.
Давлат кадастрининг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда муҳандис пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат юзасидан мансаб мавқейидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Аввалроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бир нечта давлат ташкилотлари ходимларини катта миқдорда пора олаётганда қўлга олган эди. Улар орасида "Фарғона сув таъминоти" инспектори, "Энергосавдо" муҳандиси, туман кадастр бўлими бошлиғи бор. Барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинган.
Изоҳлар мавжуд емас