Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда сифати кафолатланмаган дори воситаларини сақлаш ва сотиш билан шуғулланиб келган ота-бола қўлга олинди. Уларнинг яшаш хонадонидан Туркия ва Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 87 турдаги улкан миқдордаги дори захираси топилган.
Пойтахтда истиқомат қилувчи, 57 ва 29 ёшли шахслар ўз уйларида айланма йўллар билан олиб келинган дори воситалари учун махсус яширин омбор ташкил қилишган. У ердан дорихоналарга сифат сертификати бўлмаган маҳсулотларни тарқатиш билан шуғулланиб келишган. Текширув давомида қонунбузарларнинг хонадони ва автомобилидан "Дюспаталин", "Новомикс", "Гальвус МЕТ" каби жами 133 374 дона препарат аниқланган.
Ашёвий далил сифатида олиб қўйилган дори воситаларининг умумий қиймати 3 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этади.
Бундан ташқари, хонадондан 50 минг доллар, 10,6 миллион сўм нақд пул ва 150 нафар шахсга тегишли банк пластик карталари топилган. Мазкур карталар ва маблағлар ноқонуний савдо айланмасига тегишли эканлиги тахмин қилинмоқда.
Ҳозирда мусодара қилинган дори намуналари уларнинг инсон саломатлиги учун хавфлилик даражасини аниқлаш мақсадида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига экспертизага юборилган. Ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мутасаддилар сифати кафолатланмаган дорилар соғлиқ учун жиддий хавф туғдиришидан огоҳлантириб, фуқароларни фақат расмий дорихоналардан харид қилишга чақирмоқда.
Олдинроқ Наманганда ҳам тегишли органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қалбаки дори воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланган шахс қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас