Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда жамоат тартибини бузган ва самолёт бортидаги йўловчиларни ҳақорат қилган эркак 7 суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Бу ҳақда Batafsil.uz мухбирига Аэропортларда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси маълум қилди.
Ҳодиса 2 сентябрь куни "Истанбул - Тошкент" рейси бортида содир бўлган. Маълум қилинишича, эркак ўзини тажовузкор тутган, бошқа йўловчиларга нисбатан уятли сўзларни ишлатган ва борт кузатувчиларининг буйруқларига эътибор бермаган.
Аэропорт хавфсизликни таъминлаш бошқармаси инспекторлари унга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича баённома расмийлаштирган.
Сергели туман суди 17 сентябрь куни ишни кўриб чиқиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади, шунингдек, безорига қамоқда сақлаш харажатларини ҳар бир қамоқ куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида тўлаш мажбуриятини юклади.
Аввалроқ Ўзбекистонда йилнинг биринчи ярмида самолёт бортида манзилга етиб боргунга қадар содир бўлган бешта ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас