Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳар Сергели тумани жиноят ишлари бўйича судида 54 ёшли, тўрт нафар вояга етган фарзандлар отаси — врач-травматологни шафқатсизлик билан ўлдирганликда айбланган хотини ва ўғлига нисбатан ҳукм эълон қилинди: хотини 13 йилга, ўғли эса 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судида кўрилган ишда маълум бўлишича, она турмуш ўртоғини ўлдиришни аввалдан режалаштирган ва бу ишда унга катта ўғли ёрдам берган.
Маълумотларга кўра, жиноятга эрнинг бошқа аёл билан муносабати сабаб бўлган.
2025 йил 12 июль куни аёл эри ва ўғли билан кечки овқатланиш учун ресторанга борган. Уйга қайтишгач, маст ҳолатдаги эр ухлагани кирган. Аёл бу вазиятдан фойдаланиб, электр кабелининг очиқ симини эрига теккизиб, иккинчи учини ток тармоғига улаган. Ток уришидан уйғониб кетган эр жанжал бошлаган, орқасидан келган ўғли эса отасини бўғиб ўлдирган.
Жиноятдан кейин қариндошлар жасадни яшириш мақсадида уни Tracker автомашинасига ортган ҳолда "Халқобод" маҳалласи орқали ўтувчи "Қорасув" канали бўйига олиб бориб, у ерга ташлаб кетган.
Орaдан уч-тўрт кун ўтиб, аёл тегишли идораларга мурожаат қилиб, эрининг гўёки "бедарак йўқолгани" ҳақида хабар берган.
Суд жараёнида аёл ва унинг ўғли айбдор деб топилган. Суд ҳайъати ҳукмига кўра, она 13 йилга, ўғил эса 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Эслатиб ўтамиз, Наманганда уч нафар қариндошини ўлдирган йигит умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас