Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзгидрометнинг "Ойгаинг" станциясида хизмат қилаётган ходими оғир аҳволда қолгани сабабли Мудофаа вазирлиги томонидан махсус операция ўтказилган. Мураккаб рельеф ва тунги вақт бўлишига қарамай, Ҳарбий-ҳаво кучлари ходимни муваффақиятли қутқариб олишган.
Жорий йилнинг 5 январь куни Ўзгидромет раҳбарияти ҳарбийларга мурожаат қилиб, Угам–Чатқол тоғ тизмасининг бориш қийин бўлган қисмида жойлашган станция ходимини қутқаришда ёрдам сўраган. Станция денгиз сатҳидан анча баландда ва мураккаб рельефли ҳудудда жойлашгани сабабли, эвакуация фақат авиация ёрдамида амалга оширилиши мумкин эди.
Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-ҳаво кучларининг навбатчи қидирув-қутқарув вертолёти зудлик билан ҳавога кўтарилган. Қутқарув ишлари тунги вақтда, ноқулай шароитда олиб борилганига қарамай, ҳарбий учувчилар метеорологни хавфсиз эвакуация қилишга муваффақ бўлишган.
Қутқарилган ходим тезкорлик билан Чирчиқ шаҳридаги тиббиёт муассасасига етказилган. Шифокорларнинг маълум қилишича, беморга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилган ва ҳозирда унинг аҳволи назорат остида.

Изоҳлар мавжуд емас