Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Юнусобод туманида яшовчи 20 нафар фуқаро молиявий пирамидадан шикоят қилиб, фирибгарлик ҳолати бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига мурожаат қилган. Гап кейинги пайтларда шов-шувга сабаб бўлган Gift of Legacy онлайн-ўйини ҳақида кетмоқда. Бу ҳақда ИИББ маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Молиявий пирамида қандай ишлайди
Gift of Legacy механизми жуда оддий. Ўйинда "столлар" мавжуд, уларнинг ҳар бирида 14 нафар иштирокчи бўлади. Уларнинг ҳар бири аста-секин иерархик босқичдан кўтарилиб, навбат билан "совға", "қурувчи", "гид", "куратор" ва "афсона"га айланади.
“Стол”га чиқиш учун 100 доллар тўлашингиз керак ва сиз "совға"га айланасиз. Кейинчалик, ўйинга қанчалик кўпроқ одам жалб қилсангиз, шунчалик тезроқ марказга қараб борасиз ва ҳар-бир янги мақом учун пул берилади. Масалан, афсонага етиб борганингизда, 800 доллар олишингиз мумкин.
Шу билан бирга, столлар "бронза", "кумуш", "олтин" ва "платина"га бўлинган. Улар дастлабки тўлов билан фарқ қилади. Агар бронза столига 100 доллар қўйилса, кумуш столга 400 доллар, олтин столга 1600 доллар, платина столига 5000 доллар тикилади. Шунга кўра, ҳар бир стол устидаги мукофот ҳам бир неча баравар кўпаяди. Платина столининг "афсонаси" га айланиб, 40 минг доллар олишингиз мумкин.
Охири нима бўлган?
“Instagram орқали машҳур блоггернинг саҳифасини кўриб бордим. У пул топиш мумкин бўлган ва мутлақо хавфсиз ўйин ҳақида гапириб берди. Ўйин шартларига кўра, мен 100 доллар тўлашим, шунингдек, ҳар-бири яна 100 доллардан берадиган икки кишини топишим керак эди. Бир неча кун ўтгач, бунинг учун менга 800 доллар тўланиши лозим эди. Мен бунга ишондим ва ўзимни синаб кўришга қарор қилдим", - деди жабрланганлардан бири.
У 1,1 сўм кўчириб берган бўлсада, ваъда қилинган пулни ҳам, тикилган пулни ҳам ололмаган. Унинг сўзларига кўра, апрель ойида ўйин тўсатдан тўхтаган ва аёл қуруқ қолган.
Яна бир ўзбекистонлик аёлнинг сўзларига кўра, у бу ўйинга февраль ойи охирида қўшилган.
"Сайт блоклангач, ўйин тўхтади. Биз бир неча ҳафта кутдик, аммо янги одамлар келмади, демак даромад ҳам йўқ эди. Кейин биз блогер орқали реклама қилишга қарор қилдик, унга 300 доллар тўладик. Мен махсус дафтар очиб, унга янги иштирокчиларни ёзиб бордим, пул пластик картамга ўтказилди, нақд берганлар ҳам бор. Ўйин авжида эди, янги иштирокчиларнинг пуллари олдинроқ қўшилганларга бериларди. Мен ўзим уч марта ўйнадим ва пулни олдим", - деди у.
Қизнинг қўшимча қилиб айтишича, бу молиявий пирамида эканлиги ва бундай фаолият билан шуғулланиш ноқонунийлигини билмаган экан.
Қизга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 188-1 ( пул маблағлари ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб қилиш бўйича ноқонуний фаолият) моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган. Иш қонуний қарор қабул қилиш учун судга юборилган.
Изоҳлар мавжуд емас