Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сохта алкотестер текширувлари ва жарима майдончасидан ноқонуний машина чиқариш билан шуғулланган икки нафар ички ишлар ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Жиззах вилояти бўйича бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида тизимда кўп йиллар хизмат қилган ходимларнинг порахўрлик схемалари фош этилди. Нафс қулига айланган соҳа вакиллари ҳайдовчиларни алдаш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали бойлик орттириб келишган.
1-ҳолатда тизимда 17 йил ишлаган, тажрибали ЙПХ инспектори Ғаллаоролдаги "Сангзор-15" маскани ходими содир этган.
Инспектор ҳайдовчиларни тўхтатиб, алкотестер (мастликни текширувчи асбоб) билан текширган. Ҳайдовчи ичмаган бўлса ҳам, асбобни алдаб ёки сохта кўрсаткич чиқариб, "сиз мастсиз, 72 соат олдин ичган бўлсангиз ҳам кўрсатади" деб қўрқитган.
Мастлик ҳақида ҳужжат тайёрлаб, машиналарни жарима майдонига қўйишини айтган. Бу ишни қилмаслик учун ҳайдовчилардан 1 миллион сўмдан пул талаб қилган.
Ўзини хавфсизлигини таъминлаш учун пулни нақд олмаган. Машиналар турадиган жарима майдонида ишлайдиган танишининг (фуқаро) банк картасига ўтказдирган.
Ўтказилган тезкор тадбирда ҳам инспектор, ҳам унга шерик бўлган карта эгаси қўлга олинган.
2-ҳолатда эса Жиззах шаҳар ва вилоят ЙҲХБнинг раҳбар ва икки нафар инспектор ҳам қўлга олинган. Улар жарима майдонидан машинани "чиқариб юбориш" билан шуғулланган.
Инспекторлар 1,3 миллион сўм ва 500 минг сўм пора эвазига жарима майдонидаги ҳужжатларнинг (далолатнома) орқасига "бу машинанинг қарзи йўқ, тақиқ ечилган" деб сохта ёзув ёзиб, муҳр босиб беришган.
Натижада қарзи тўланмаган машиналар ноқонуний равишда кўчага чиқариб юборилган. Бу қилмиш ҳам тезкор ходимлар томонидан фош этилган.
Бешала ходим ҳам ички ишлар тизимидан шармандалик билан ҳайдалган.
Прокуратура уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари (пора олиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, қалбакилаштириш) билан иш очган.
Ҳозирда улар тергов жараёнида қамоққа олинган. Уларга узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси хавф солмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Навоийда йўл-патруль хизмати инспектори кийимида реклама ролигида суратга тушган йигит жаримага тортилганди.

Изоҳлар мавжуд емас