Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиззах вилояти Мирзачўл туманида содир бўлган фожиали ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Суд эҳтиётсизлик орқасидан ўз дўстини ўлдириб қўйган овчига нисбатан ҳукм чиқарди.
Суд ҳужжатлари билан Batafsil.uz мухбири танишиб чиқди.
Суд ҳужжатларига кўра, Самарқанд вилоятида яшовчи 31 ёшли фуқаро уч нафар дўсти билан ов қилиш мақсадида Жиззахга келган. 2025 йил 5 октябрь куни соат 22:30 лар атрофида, қоронғида у қамишзор ичидан келаётган қора сояни ёввойи тўнғиз деб ўйлаб, ўқ узган. Бироқ у шериги бўлган. Оқибатида жабрланувчи бошидан оғир жароҳат олиб, шифохонада вафот этган.
Маълум қилинишича, овчилар тўнғиз ови учун турли нуқталарга жойлашиб олишга келишиб олган. Бироқ марҳум келишилган жойни ўзгартириб, айбдор томонга яқинлашган.
Судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлиб, дўстини қасддан ўлдирмаганини, қоронғи шароитда ва шеригининг энгашиб ҳаракатланиши уни ҳайвон деб гумон қилишга сабаб бўлганини айтган.
Қайд этилишича, улар яқин дўст бўлишган, айбдор эса икки йилдан буён расмий рўйхатдан ўтган овчи сифатида фаолият юритиб келган. Марҳумнинг отаси судда даъвоси йўқлигини маълум қилган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди фуқарони Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) билан айбдор деб топган.
Суд ҳукмига мувофиқ, айбдорга 1 йил муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш, шунингдек, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундирган ҳолда 1,5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг Мерсин вилояти, Анамур туманида ўрта мактаб ўқувчиси таълим муассасаси ҳовлисида мактаб директорини отиб қўйганди.

Изоҳлар мавжуд емас