Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонлик 20 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдоров шахмат бўйича Номзодлар турнирининг муддатидан олдин ғолибига айланди. Энди у амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳс олиб боради.
Турнирнинг 13-турида нидерландиялик кучли рақиб Аниш Гири билан дуранг ўйнаган Жавоҳир Синдоров очколари сони бўйича яқин таъқибчилари учун етиб бўлмас даражага етган. Ушбу натижа Синдоровни шахмат тожи учун расмий даъвогарга айлантирган. Жаҳон чемпиони унвони учун кечадиган финал баҳсида ҳамюртимиз Ҳиндистон вакили Доммаражу Гукешга қарши дона суради.
Синдоровнинг ушбу муваффақияти тасодиф эмас. Ўтган йили у Шахмат бўйича Жаҳон кубогида ғолибликни қўлга киритиб, Номзодлар турнирига йўлланмани нақд қилган эди. 2025 йил сарҳисобига кўра, Синдоров ва Нодирбек Абдусатторов дунёнинг энг кўп мукофот жамғарган гроссмейстерлари қаторидан жой олган.
Апрель ойи бошида Синдоров АҚШ вакили устидан муҳим ғалабага эришиб, мусобақада ўз рекордини янгилаган. Ҳозирда ёш шахматчимиз нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон шахмат оламида энг кучли ва истиқболли вакиллардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
20 ёшли юртимиз вакили шахмат тарихида Номзодлар турнирида ғолиб чиққан энг ёш даъвогарлардан бирига айланди ва Жаҳон тожи учун курашадиган илк ўзбекка айланди.
Аввалроқ ўзбекистонлик гроссмейстер ушбу турнирининг бешинчи турида мусобақа фаворитларидан бири, АҚШлик Ҳикару Накамура устидан ғалаба қозонганди. Қора доналарда ҳаракат қилган Синдаров ушбу муваффақияти орқали турнир тарихида илк бор стартдаги 5 та имкониятдан 4,5 очко жамғарган биринчи шахматчига айланганди.

Изоҳлар мавжуд емас