Анастасия Уханова аёллар бизнеси, «Room 5»нинг ёпилиши ва бошқа давлатга кўчиши ҳақида сўзлаб берди
Воқеалар

Анастасия Уханова аёллар бизнеси, «Room 5»нинг ёпилиши ва бошқа давлатга кўчиши ҳақида сўзлаб берди

1452

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Анастасия Уханованинг барча бизнес лойиҳалари Тошкентда ҳар доим таниқли ва машҳур бўлган. Бунга табиий тошлардан ясалган тақинчоқлар сотиладиган Granat store дўконлари ва бижутерияга ихтисослашган Granat store, Be Trendy кийимлар бренди ва 2020 йилда карантиндан сўнг ёпилиб, катта шов-шувга сабаб бўлган Room 5 кафеларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Жорий йилнинг апрель ойида Анастасия ўзининг Facebookдаги саҳифасида оиласи бошқа мамлакатга кўчиб кетгани ҳақида ёзган эди. Мазкур интервью тайёрланаётган пайтдат улар кўчиб кетишган ва “уй тўйи”ни нишонлашга улгурган. Қолаверса, тадбиркор-аёл Россияда тақинчоқлар ясаш бўйича дастлабки мастер-класс ўтказишга ҳам муваффақ бўлган.

Бундай эпчиликка фақат ҳавас қилиш мумкин ва энг муҳими, Анастасиянинг сўзларига кўра, инсон ўзини синашдан қўрқмаслиги керак. Уни турли соҳаларда янги лойиҳалар очишга, умуман, Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришга айнан шу қоида ундаган. Бунга қандай эришгани қуйидаги суҳбатимизда баён этилган.

Бизнесвумен бўлишни истамаганман

– Сиз аёл бирор нарсани хоҳлаганда, унга албатта эришиши мумкинлигига мисол бўла оласиз. Бундай одам бўлиш қийинми?

"Бу ерда бир оз бошқача ҳолат. Мен умуман тадбиркор-аёл бўлишни хохламаганман, бирор бир цех, кафе, дўкон очиш мақсадим йўқ эди. Ростини айтсам, бундай режанинг ўзи бўлмаган. Менинг бир қоидам бор - бир ўзимни синаб кўрайчи, дейман. Ишим нақадар омадли бўлганини кейин кўраман.

Биринчи дўконни очганимда ёш эдим, кўпчилик менга Ўзбекистонда бирор нарса очиш жуда қийин, хавфли, ишлашга қўйишмайди, деган. Лекин мен таваккал қилдим. Бунга айнан нима таъсир қилганини айтишим қийин - тарбиями, характеримми ёки эримнинг кўмаги бўлиши мумкин. Бу ерда шундай бўлган: мен ниманидир бошласам, кейинроқ осонроқ кечади ва охир-оқибат зўр бўлади.

Мен доим вазиятга қараб ишлаганман, бизнес мақсадларини, йўналишларини ўзгартириб турдим. Худди шу тарзда, бундай ҳолатлар юзага келганида ҳамма нарсани ёпдим. Карантин бошқа нарса, чунки у ҳаммага таъсир қилди. Оиламда айрим нарсалар ўзгарди, шунинг учун ҳамма нарсани ёпиш керак, деган қарорга келдим. Бундан афсусланмайман.

Айни пайтда мен дам оляпман, келажакда эса бирор нарса очмоқчи бўлсам, етарли тажриба, кўникма ва билимим бор. Яъни мен бизнесга қайтиб боришни истасам, бунга онгли равишда ёндошаман.

– Анастасия, бизнесни бошлаганингиздан кейин характерингиз қандай ўзгарди?

– Ўзимга, ўз кучим ва кўникмаларимга нисбатан катта ишонч пайдо бўлди. Иш жараёнида муайян вазиятларда қандай ҳаракат қилишим мумкинлигини тушундим, фавқулотда ва танқидий ҳолатларда фақат ўзим учун эмас, балки бошқалар учун ҳам қарор қабул қилиш кераклигини билдим. Қандай қилиб куч ва фикримни бир жойга жамлай олишни ўргандим.

Менда муайян қатъиятлилик пайдо бўлди. Мени яхши танимайдиган одамлар мени жуда юмшоқ ва меҳрибон деб ўйлашади. Ўз вақтида "тўхта" дейишни ўргандим, керакли пайтда "йўқ" деб жавоб бериш, бутун жамоанинг умумий суҳбатини тўхтатиш, қарор қабул қилишга одатландим. Илгари бу одат менда ёки бўлмаган, ёки мен бундан фойдаланмаганман.

Менинг бошқалардан фарқим нимада? Ноанъанавий ёндашувлардан фойдаланишни ёқтираман. Менга биров “Ҳамма шундай қилади” деса, мен бунга “Биз эса бошқача қиламиз”, деб жавоб қайтараман.

Мен ҳар доим бошқача ечим таклиф қилганман, мен билан ишлаган кишилар шуни билишадики, мен билан доим қандайдир янгилик қилиш мумкин. Агар ишимиз юришмасада, ҳеч қиси йўқ. Изланишдан қўрқмайман. Ахир хатони деярли ҳар доим тузатиш мумкин. Агар синаб кўрмасангиз -натижани кўрмайсиз, бошқаларга қарасангиз -улардан ҳеч қандай фарқингиз қолмайди ва бир хил бўлиб қоласиз. Шунинг учун рақобатчиларга унчалик эътибор бермаганман, нима учун уларнинг ишини такрорлашим ёки уларга ўхшашим керак?

– Касбингиз сизга ёрдам берганми, ахир маълумотингиз иқтисодчику? Бизнесга айнан иқтисодий маълумот билан кириб бориш шартмикан?

– Тошкент Молия институтида иқтисодчи, банк иши ихтисослиги бўйича таҳсил олганман. Айтишим мумкинки, мен ўқишни жуда жиддий қабул қилмаганман, келажакда бу мен учун фойдали бўлиши мумкин деб ўйламаганман. Тўғрисини айтсам, институтда ўрганганим ишимда фойда бермаган, ҳаётдаги янги нарсаларни қайтадан ўрганишимга тўғри келган.

Ҳозирда эса бизнесга киришдан олдин барибир ўқиш керак, деб ўйлайман. Бизда эса бу соҳага энди кираётганларнинг аксарияти бир ҳаракат қилиб кўрайчи, деб ишни бошлайди. Мисол учун, аёл киши жуда истеъдодли ошпаз бўлса, унга ресторан ёки кафе очиш бўйича маслаҳат беришади. У инсон ишини бошлагач, менеджмент, маркетинг, HR ва бошқа соҳаларда билими етишмаслигини тушунади.

Агар бирор ишни яхши бажарсангиз, бизнес учун лаёқат бор дегани эмас. Бу икки хил тушунча ва биз уларни одатда алмаштирамиз. Мен ҳам бундан ўтганман. Заргарлик дўкони очганимдан сўнг билимим етарли эмаслигини тушуниб, ўқишга кирдим.

Ҳамма жойда ўзини синаб кўришдан қўрқмаслик

– 2010 йилгача журналистика билан шуғуллангансиз, бола туғилгандан кейин бизнесга кириб кетгансиз. Бу қарорнинг сабаби нима бўлган: пул етишмаслигими ёки эски орзуми?

– Ўша вақтда журналистика мен учун хоббидек эди, мен шунчаки бунга қизиққанман. Лекин бу унчалик ҳам менинг ишим эмас эди. Чунки ҳар-бир мақолани ёзишга ўзимни мажбур қилишим керак эди ва доимо муддатлар "ёниб" турарди.

Кейинчалик декрет таътилида бўлганимда, бижутерия билан шуғулландим ва айнан шу иш менга мос эканлигини тушуниб етдим. Бу иш менга шундай завқ бағишлардики... Мен дўкон очишга қарор қилдим ва ҳамма нарса ажойиб бўлиб кетди. Мени доим қўллаб-қувватлаб келган эримга раҳмат. Бижутериядан топган пулимни янги маҳсулотни тайёрлаш учун фурнитурага сарфлаганман.

– Кейин бизнесингиз қандай ривожланди?

– Дўкон очилганидан кейинги йил табиий тошлардан тайёрланган тақинчоқларга ихтисослашган Granat store номли яна бир дўкон ташкил қилдим. Мен уни ота-онам учун очдим. Уларнинг касби геолог бўлиб, ажойиб тақинчоқлар ясай олишади. Stacy Store дўкони муваффақиятли ишлай бошлаганда, онам ҳам мен билан заргарлик буюмларини сотишга ҳаракат қилмоқчи бўлди. Лекин онам табиий тошларни афзал кўрарди. Ота-онам билан муносабатлар мен учун жуда қадрли бўлгани учун оила ва бизнес аралаштирмасликка қарор қилдим. Шунинг учун уларга алоҳида дўкон очдим, лекин дастлаб ҳамма ишни ўзим қилиб турдим.

Вақт ўтиши билан қўлда тайёрланган маҳсулотларини бизга сотишлари учун ҳунармандларни таклиф қилдик. Биз дўконни икки марта кўчириб, ижара ҳаққи арзон ва қулай жойни қидирганмиз. Ҳозирда кичик дўконимиз Шота Руставели кўчасида жойлашган, у ерда заргарлик буюмлари жуда кўп, биз 60дан ортиқ ҳунармандлар билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Дўконнинг ўзига яраша обрўси бор, у яхши ривожланди ва мен бутун бошқарувни ота-онамга топширдим. Granat - Тошкентда қолган ягона бизнесимдир.

Бу дўкон очилгандан кейин кийим-кечак тикиш ғояси келди. Бир марта кичик цехга бориб, юбка тикишга буюртма бердим. Улар яхши сотилгач, яна қўшимча буюртма қилдим. Мен одамларга ёқадиган ва бозорларда йўқ кийимни танлаганман. Маҳсулотларим сифатли ва қизиқарли бўлган.

Шундай бир пайт келдики, бу жараённи назорат қилиш, вақт ва маҳсулот сифатини бошқариш кераклигини тушундим ҳамда шахсий цех очишга қарор қилдим. Собиқ тўқимачилик комбинати ҳудудида кичик жойни ижарага олдим, тикув машиналари ва ускуналар харид қилдим, ходимлар, тикувчилар, бичувчиларни топиб, ишни бошладик.

Албатта, агар илгари бизнес, менежмент, маркетинг, режалаштиришга ўрганганимда, эҳтимол, ҳамма нарсани бир вақтнинг ўзида ва турли йўналишларда очмаган бўлардим. Аммо ўшанда шижоат бор эди. Мен учун хамма нарса қизиқ туюларди, ишим ўнгидан келиб турди ва шу даврда иккинчи қизим туғилди. Икки йилдан сўнг мен Stacy Store ва Be Trendy лойиҳаларимни бирлаштирдим. Россияга кўчиб кетишдан аввал дўконни сотдим.

Алвидо, Room 5

– 2020-йилда кафе ёпилишини эълон қилганингизда кўпчилик шаҳардаги “кўнгил маскани” ёпилганини ҳақида ёзган эди. Дастлаб шундай ғоя бўлганми ёки у ерга келган одамлар туфайли муассаса шундай мақомга ега бўлдими?

– Room 5ни ҳар доим севиб эсга оламан, чунки бу самимий жой эди. Биз уни бизнес учун қилмаганмиз, у бўйича қабул қилинган ҳар-бир қарорда биринчи ўринда вазифа турган, шароит ўйланган. Кейинчалик фойда масаласи келган.

Бу шундай кафе эдики, у ерда ўзимиз ҳам ўтиришни ёқтирардик, у ерга дўстларимиз ташриф буюрарди. Официантлар мажбуран ишламасди, балки ягона оиладек яшарди. Биргаликда тоғларга борардик, дам олардик, суҳбатлашардик, ҳазиллашардик ва албатта меҳмонлар буни ҳис қилишарди. Улар ҳамма хуш кўрадиган, дам оладиган муассасага келишаётганини тушунишарди.

Одамлар одатда ўта зарур нарсани эмас, балким эмоция олиш учун ниманидир харид қилишади. Айнан шу эмоцияларни биз Stacy Store ва бошқа лойиҳаларимизда тақдим қилганмиз.

Мен биринчи навбатда мижоз хурсанд бўлиши, бизга мурожаат қилганидан мамнун бўлиши ва яхши таассуротлар билан кетишини истайман. Қачонки мижозни ўзингдек қабул қилсанг, ўшандагина даромад келади. Тўғри, кафе бизга катта қийинчилик ва харажатларни олиб келган. Лекин эрим ва мен шундай тажрибани қўлган киритганимиздан афсусланмаймиз. Тошкентдаги шундай зўр муассасанинг муаллифи бўлганимдан доимо фахрланаман.

– Тадбиркор – аёл ва оддий инсон сифатида пандемиядан қандай сабоқ чиқардингиз? Зеро, барчамизга қатъий карантин шароитида ўз қадриятларимизни қайта кўриб чиқишга тўғри келди.

– Карантин ҳаммага катта таъсир кўрсатди. Оиламизда жуда кўп ўзгаришлар бўлди. Аслида, мен карантиндан миннатдорман, чунки у менга кафени ёпиш имкониятини берди. Шу воқеалар бўлмаганида, ўша даврда отам ҳам касал эди, бу лойиҳа устида ишни давом эттиришга тўғри келарди.

Жамоат овқатланиш соҳаси кўплаб молия, асаб ва вақтни талаб қилади. Бу бизнесга тўлиқ кириш зарур. Агар бу ишга бутун юрак билан ёндошилса, оилага вақт кам қолади. Биз карантин пайтида ишни шундай ташкил қилишга ҳаракат қилдикки, ходимларимиз ҳеч бўлмаганида овқатланишига пул топишига имкон яратдик. Бироқ, бино эгаси ижара пулини талаб қилди. Шу боис, бизда ижара ҳаққини тўлаш учун пулимиз бўлмади.

Ўша даврда бошқа лойиҳаларимиз бизга асқотди. Локдаун жорий қилинишидан аввал мен Stacy Sore дўконимиздан барча молларни олиб чиқишга улгурдим. Натижада уйдан ишлашга имкон топдим. Бундан ташқари, ниқоб тикишни бошладим. Ёдингизда бўлса, карантин бошида ниқоблар етишмасди. Бахтимга, бир тикувчи қўшним бор эди. Дока, резинка ва мато етказиб берувчисини топдим ва уйда ишлаб чиқаришни бошладик. Қўшним тикарди, мен эса қадоқлаш билан шуғулланардим.

Ҳар қандай вазиятга муносабат билдириш тадбиркорликнинг асосий тамойилидир. Исталган ҳолатда фойда кўриш мумкин. Лекин бу истак инсонларга ёрдам беришга қаратилган бўилиш керак. Яъни, агар фақат фойдаси ҳақида ўйланса, бу ёмон тадбиркорлик. Яхши тадбиркорлик деганда бошқалар учун яхши амал қилиш тушунилади.

Уйда ишлаш ёмон эмаслигини билиб олдим. Ижара тўланмайди, ходимларга харажат қилинмайди, молларни ҳисоб-китоб килиш осон, қайғуриш ва хатлов қилиш шарт эмас. Муҳими - болаларим билан бўла туриб, пул ишладим. Бу фаолиятимни ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказдим.

– Лойиҳани ўйлаб топиш, ижод қилиш ва ундан айрилиш осонми?

– Мамлакатни тарк этишга қарор қилганимда, кафе масаласига кўникиб бўлгандим. Мен кетсаму, Stacy Store барбод бўлишини ўйласам, юрагим оғрирди. Шунинг учун дўконни фақат сотиш эмас, уни ишончи қўлларга топширмоқчи эдим. Менинг учун энг қадрли тушунча – бу мижоз. Мен дўконни, молларни, жиҳозларни ва сайтни жуда яхши инсонга топширдим. Лойиҳам давом этишини истайман. У ишини давом этаяпти, бир кун ҳам тўхтагани йўқ. Балким бир кун келиб, Россияда ҳам филиалини ташкил қилишим мумкин.

– Ўзбекистонда аёл кишига тадбиркорлик қилиш нақадар қийин?

Бу иш билан шуғулланиш муаммоли дея олмайман. Бунинг ўзига хос афзалликлари бор. Чунки эркаклар ёрдам бериш, ниманидир ўргатмоқчи бўлишади. Менда бу борада муаммо бўлгани йўқ. Мен ёш қизча бўлганимда, ўша пайтларда ҳали институтда ўқирдим, менга юқоридан қараб – қаерга шошаяпсан, деганлар ҳам бўлган. Лекин бизнесга кириш вақтида келганида, хаммаси жойига тушган.

Маҳаллий ҳокимликларнинг босимига дуч келганмисиз? Сиздан ёзувларни олиб ташлаш, ходимларни бепул овқатлантириш, фасад қисмини қайта бўяш талаб этилганми?

– Ҳа, ҳар- хил вазият бўлган. Масалан, солиқчилар учун “Аския” бозоридан картошка сотиб олганман, Пушкин ҳайкалини қайта ўрнатаётган ишчиларни овқалантирганман, умуман кўрмаган газеталарга обуна бўлганман. Буларни барчаси солиқчиларнинг ўзини мажбурлагани учун қилганман, чунки улар билан муносабти яхши эди. Тўғри, бундан бош торган тадбиркорлар ҳам бўлган. Лекин кейинчалик уларга муаммо қилинган.

Бизнинг давлатда тизимга қарши бориш қийинлигини тушунганман. Бироқ, шундай вақт келдики, бу тарзда ишлаш ва яшашнинг иложи йўқлигини англадим. Менинг хохишларим, бу ерда ҳеч кимга керак бўлмаган нарсаларни ўзгартириш истагим мени кетишга ундади.

– Сизнингча, Ўзбекистонда кичик бизнес учун шаротларни яхшилаш мақсадида нима килиш керак?

– Қўллаб-қувватлаш фақат оғизда эмас, балки амалда ҳам бўлиши керак. Карантин вақтида ёки ундан кейин бирданига шундай қонунлар қабул қилиндики, улар барқарор иқтисодий ҳолатда қабул қилиниши лозим эди. Масалан, Тошкентда реклама бизнеси ва ёзувлар билан боғлиқ ҳолат ноаниқлигича қолмоқда. Рекламачилар бундай шароитда қандай ишлаши мумкин?

Яна бир масала. Фақат коррупцияни тубдан бартараф этилиши кичик бизнесга жиддий ёрдам беради.

Янги имкониятларни излаш йўлидан

– Жорий йилнинг апрель ойида сиз бижутерия дўконингизни сотаётганингиз ва аллақачон чипта олганингиз хақида ёзгансиз. Мамлакатни тарк етдингиз. Буни янги ҳаётга қадам босиш деб тушунса бўладими?

– Биз Россияга кўчишга қарор қилдик, чунки у ерда оиламиз ва болаларимиз учун кўпроқ имкониятлар бор.

– Анастасия, яхши маош тўланадиган, лекин ёқмайдиган иш билан шуғуланаётганларга нима маслаҳат бера оласиз? Сиз бунга доим осонликча эришгансиз. Сири нимада?

– Тўғри, болалар бўлсада ва яшаш қийинлик қилаётганида ҳам, инсон олдинга қараб интилади, нималардадир ўзини синашга уринади. Энг муҳими яхшиликка ишониш керак. Қолаверса, тажриба ортади. Ҳар қандай аянчли тажриба ҳам фойдали бўлади.

Уч қизнинг онаси

– Ҳозирги болаларга нимани ўргатиш керак?

– Болаларга алоҳида муносабат қиламан. Улар билан ҳар доим бирга ўтириш, кўп вақт ва куч сарфлаш, тўгаракларга олиб юриш шарт эмас, деб ўйламан. Ўйлайманки, болалар севишингизни, сиз учун муҳимлигини билишлари керак. Улар учун шундай муҳит яратиш керакки, ўзларини ифода эта олсин. Менимча болалар учун нафақат билим, балким мулоқот қила олиш ва ҳаётда ўз ўрнини топа олиши муҳимдир. Ўзимнинг болаларимни кузатиб туриб, кўраяпманки, улар айнан уш кўникмаларга эга бўлишмоқда. Улар қандайдир логарифмаларни билмаслиги мумкин, лекин керак бўлса, зарурий маълумотни излаб, охирига етади.

Болалар учун мулокот қилиш ва муносабат қуриш, ўзини қўлга олиш, масъулиятни ҳис қилиш, мантиққа эга бўлиш – асосий сифатлар ҳисобланади.

Менимча, болаларни албатта молиявий саводхонликка ўргатиш керак. Айни пайтда мен қизларим, айниқса каттаси -10 ёшлиси билан молиявий муносабатларни йўлга қўйганман. У энага вазифасини бажариб, бу учун пул мукофотини олади. Болаларим ўз вазифасидан ташқари қилган иши учун маош олади. Айрим пайт улардан қарз оламан, кейинчалик албатта қайтараман. Гоҳида катта қизим мендан қарз сўрайди. Мен қизларимга тўлов тизимларидан фойдаланиш, такси чақириш ва интернет-дўконлари орқали харид қилишни ўргатаяпман.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 



Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0



0изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олингШарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


USER_ID and USER_SESSION_ID undefined

Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+