Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Онкология – ўта қийин иш ҳисобланади. Ҳар куни одамларга саратон касаллиги борлиги, соғайиш эҳтимоли кам эканлиги, олдинда катта кураш турганлигини айтиш нақадар қийин эканлигини ўйлаб кўрганмисиз? Бу ташхис, эҳтимол, бемор учун энг даҳшатли хабар бўлса керак. Бундан ташқари, вазиятни янада оғирлаштирадиган тахминлар ва миш-мишлар ҳам йўқ эмас.
Ташхис ҳақида беморни тўғри хабардор қилиш, уни касалликка мослаштириш ва у билан бирга саратон касаллигига қарши курашишни бошлаш – онкологлар зиммасидаги оғир юк. Бу масъулиятни ҳамма ҳам бажара олмайди. Бу ерда нафақат тиббий профессионаллик, балки маънавий барқарорлик ҳам керак бўлади, зеро бемор шифо топмаса, ҳар доим шифокорни айблади.
Шунинг учун онкологлар ҳақида ижтимоий тармоқларда ёмон гаплар ёзилади, уларни ҳақоратлашади ва камситишади. Бироқ, барча шифокорлар ҳам дипломини сотиб олмаган, бу касбни юракдан танлаган инсонлар жуда кўп.
Касбий қийинчиликлар, ҳар-бир аёл учун энг даҳшатли ташхис - кўкрак саратони атрофидаги стереотиплар, шунингдек кўкракни катталаштириш операциялари ва маммографиянинг зарарли ҳамда фойдали томонлари ҳақида Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий ва амалий тиббиёт марказининг таниқли маммолог-шифокори Нодира Шомансурова билан суҳбатлашдик.
Саратонни енгамиз, асосийси курашиш
Беморга саратон касаллиги борлигини айтиш қийин, лекин мен ҳеч қачон аёлда саратон касаллиги борлигини айтмайман, мен ўсма, шиш борлиги ва биргаликда касалликни енгиб ўтишимиз мумкинлигини тушунтираман.
Аслида, бу касалликни мағлуб қилиш мумкин, бугунги кунда фармацевтика саноати олдинга катта қадам қўйди: онкологик касалликни даволаш жараёни молекуляр ва генетик даражада олиб борилмоқда. Бир неча йил олдин, турли хорижий анжуманларда иштирок этиб, биз Ғарб клиникаларнинг техник даражаси ва ускуналарига ҳавас қилган бўлсак, бугунги кунда ҳукуматимиз саъй-ҳаракати туфайли чет эллик ҳамкасбларимиз томонидан ишлатиладиган замонавий дори-дармонлар бизнинг бозорда ҳам пайдо бўлди. Энди биз ҳам саратон жараёнини халқаро стандартларга мувофиқ даволашимиз мумкин.
Бугунги кунда онкологик хизматни ривожлантириш дастури туфайли республикада ушбу патологияни ташхислаш учун замонавий ускуналар билан жиҳозланган текширув хоналари ташкил этилмоқда. Масалан, онкология марказининг деярли барча ҳудудий филиалларида ўрнатилган замонавий рақамли маммографлар харид қилинди. Скрининг дастури учун кўчма рақамли маммографлар ҳам мавжуд. Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий марказига ПЭТ/КТ қурилмасини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, у касалликнинг клиникадан олдин намоён бўлишида ўсма мавжудлигини аниқлай олади.
Онкология маркази ходимлари кўрикдан ўтказиш учун ҳудудларга боришмоқда, у ерда профилактика чора-тадбирлар амалга ошириш, эрта босқичда саратонни аниқлаш вазифаси бажарилади. Бу касаллик ҳақида яна бир бор эслатиб туриш учун аёллар билан учрашувлар ўтказамиз ва энг муҳими, бугунги кунда бу ташхис якуний ҳукм эмаслигини уларга етказишга ҳаракат қиламиз.
Кўкрак бези саратони глобал муаммо, чунки бу патологиянинг тарқалиши бутун дунёда ортиб бормоқда. Бу тарқалганлик бўйича барча хавфли ўсимталар орасида иккинчи ўринда туриб, аёлларда энг кўп учрайдиган саратон касаллиги ҳисобланади. Шу боис, октябрь ойида дунё бўйлаб кўкрак бези саратони каби мудҳиш касалликка қарши курашишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.
Бу мавзуга аёллар эътиборини жалб қилиш учун дунёнинг кўплаб мамлакатларида октябрь ойи "кўкрак бези саратони ойи" ёки "пушти рангли тасма ойи" деб номланади. Бу даврда маммологлар супермаркетларда, йирик савдо марказларида маслаҳатлар ўтказадилар. Аёлнинг касалликдан хабардор эканлигини билдирувчи белги сифатида пушти рангли тасма ёки тасма тасвири туширилган нишонлар берилади, ушбу касаллик ҳақидаги маълумотларни акс этган варақалар тарқатилади, текширувдан ўтиши мумкин бўлган манзиллар айтилади.
Минг афсуски, республикамизда ҳам бу касалликнинг кўпайиш тенденцияси кузатилмоқда. Бундан ташқари, бутун дунёда бўлгани каби, кўкрак бези саратони ҳам ёшланмоқда. Агар илгари у менопаузагача ва ундан кейинги даврида топилган бўлса, энди ёш аёлларда ҳам кузатилмоқда. Кўкрак бези саратони билан касалланган энг ёш беморим 18 ёшли қиз эди.
Сабаб нимада?
Кўкрак саратонининг аниқ сабаблари номаълум, лекин кузатиш давомида бу патология эҳтимолини оширувчи бир қатор омиллар аниқланди.
Ушбу патология ривожланишининг асосий сабаблари орасида эндокрин тизимидаги бузилишларни кўрсатиб ўтардим, хусусан қалқонсимон без касалликлари, тухумдон дисфункцияси, кичик тос органи касалликлари, сут безларининг дисгормонал гиперплазияси, семизлик, қандли диабет, шунингдек, жигар касалликлари сабаб бўлиши мумкин. Чунки тухумдонлар томонидан ишлаб чиқарилган эстрогенларнинг аксарияти жигарда сақланади. Бундан ташқари, контрацептивларини нотўғри қабул қилиш мазкур хавфни оширади.
Репродуктив тизимининг функционал ҳолати бузилган аёллар хавфли гуруҳга киради. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, касалликнинг ривожланиш хавфи менарха, яъни ҳайз кўришнинг эрта бошланиши, шунингдек, кеч менопауза ёки ҳомиладорлик, насл кўра олмаслик натижасида ортади.
Эстроген таркиби юқори бўлган оғзаки контрацептивларни қабул қилиш, бир вақтнинг ўзида прогестеронсиз узоқ муддатли ўрин босувчи экстроген терапиясини қўллаш ҳам бу касалликнинг ривожланишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, касаллик ривожланишида оғирлашган оилавий анамнез, оилавий кўкрак бези саратонининг 1/3 ҳолатларида учрайдиган BRCA 1 ва BRCA 2 генлар мутацияларнинг мавжудлиги катта роль ўйнайди. 70 ёшгача бўлган бу генларнинг ташувчиларида касалликнинг ривожланиш хавфи ортади ва 87% га етади.
Чекиш, кимёвий канцерогенлар, ионлаштирувчи радиация, ҳайвон ёғларини ортиқча истеъмол қилиш ва юқори калорияли парҳез каби экзоген омиллар кўкрак саратони ривожланишида муайян роль ўйнайди.
Энг муҳими – ўз вақтида аниқлаш
Касалликни дастлабки босқичларда мустақил равишда аниқлаш мумкин, бунинг учун ҳар икки ҳафтада бир марта сут безларини мустақил текшириш керак, яъни кўзгу олдида туриб, сут безларининг симметриклигига эътибор бериш, босиб кўриш, суюқлик чиқиши ёки йўқлигига гувоҳ бўлиш ва кўкрак безларини бармоқлар билан пайпаслаш лозим. Ҳар қандай патология аниқланса, дарҳол шифокор билан маслаҳатлашиш талаб этилади.
Тўғрисини айтсам, 16-18 ёшга тўлган барча ёш қизларга сут безларини ультратовуш орқали текширишни тавсия қилган бўлардим. Бу кўкрак тўқималарининг якуний шаклланиш босқичи бўлиб, бу даврда баъзи қизларда фиброаденома ва кистоаденома каби касалликлар бўлиши мумкин. Кистоаденома - ҳаттоки зудлик билан жарроҳлик аралашувини талаб этадиган жараён ҳисобланади.
Кўкрак саратонидан бутунлай соғайиб кетиш мумкин, энг асосийси - ўз вақтида шифокор билан маслаҳатлашиб, касалликни эрта босқичда аниқлашдир. Онкологлар томонидан бу касалликка қарши курашиш учун фойдаланадиган дори-дармонлар рўйхати катта ва хилма-хил бўлиб, улар нафақат ўсма жараёнини камайтиришга, балки ўсманинг ўзагида кечадиган жараёнларга, пролиферация ва апотоз жараёнларига қаратилган. Айни пайтда молекуляр ва генетик даражада ўсимтани бартараф этишган қаратилган таргентли препаратлар мавжуд.
Стереотиплар ва аёллар қўрқуви
Аёлларнинг энг катта қўрқувларидан бири - кўкраклари бутунлай олиб ташланиши ва бу ҳолда у қандай яшашини ўйлашдан иборат. Аслида, биз амалиётга органни сақлаб қолувчи кўплаб операцияларни жорий қилганмиз. Кимётерапиядан сўнг ўсимта бутунлай йўқ бўлганини кўрсак, нурли терапияни ўтказамиз. Кўкрак қолдирилиши ҳам мумкин ёки сут безларини асраб қолиб, касални фаол кузатув остига оламиз.
Мендан кўкрак пластик жарроҳлигига муносабатингиз қандай, силикон кўкрак бези саратонини қўзғатиши мумкинми, деб сўрашади? Мен кўкрак пластик жарроҳлигига ижобий муносабат билдираман, лекин катта кўкрак жинсий жозибадорликнинг белгиси эмас. Кўп одамлар чиройли кўриниш учун кўкрак бези коррекцияга боришади, баъзи аёлларга буни эрлари тавсия қилишади. Бунинг нақадар тўғри эканлигини аёлнинг ўзи ҳал қилиши лозим.
Бу борада бир нарсани яхши тушуниш керакки, силиконнинг ўзи кўкрак бези саратонига олиб келмайди, лекин нотўғри жарроҳлик аралашуви, жарроҳлик пайтида кўкрак тўқималарини жароҳатлаш кўкрак саратонига сабаб бўлиши мумкин.
Кўпинча, сут безларини катталаштириш ёки тузатиш бўйича операция аёл туғмасликка қарор қилганидан кейин амалга оширилади. Менинг амалиётимда бир қиз имплантлар ёрдамида кўкрак коррекциясини қилган эди, имплантлар кичик кўкрак мушак остига киритилган бўлиб, бу туғруқдан кейинги даврда чақалоқни эмизишга тўсқинлик қилмаган.
Кўкрак безини рентген қилиш ҳақида ҳам кўп миш-мишлар мавжуд. Ушбу муолажа, яъни маммография йилига бир марта, 40 ёшдан кейин амалга оширилиши керак.
Тиббиётга қандай келинади
Менинг оиламда шифокорлар бўлган - бобом ҳарбий шифокор бўлиб, Совет армиясида хизмат қилган ва Улуғ Ватан урушида қатнашган. Икки холам ҳам шификор. Улар билан доим фахрланиб юрганман. Тўртинчи синфда ўқиганимда рус тилидан “Бугунги кун кумирлари” мавзусида ёзган иншомни холамга бағишлаганман. Ўшанда ҳам холамнинг қандай ишлаши ва одамларнинг соғлиги ва ҳаётини сақлаб қолиши ҳақида ёзиб, шифокорлик касби ҳақида ўйлардим.
Яқинларим бу касбни энг зарур ва инсонпарвар деб ҳисоблаганлари учун ишимга ижобий муносабатда бўлишади. Шифокор бўлиш - менинг болалик орзуим. "Улғайганингда ким бўласан?", деб сўраганларида мен ҳар доим ишонч билан шифокор, деб жавоб берганман, мен ўзимни бошқа касбда тасаввур қила олмайман. Ҳатто дугоналарим билан "онаю-қизлар” ўйнаган пайтда, мен фақат шифокор бўлардим. Менда "Доктор Айболит" ўйинчоқлар тўплами бор эди ва у билан барча қўғирчоқларни даволардим: термометр қўйганман, укол қилганман, дори-дармон берардим.
Кўриб турганингиздек, тиббиётга бўлган меҳрим эрта болаликдан менга ҳамроҳ бўлган ва у оиламиз тарихи билан боғлиқ. Аввалига қандай қилиб китоб варақлаганимни яхши эслайман, кейин ҳарфларни таний бошладим ва холамнинг тиббий энциклопедиясини қўлга олдим. Мен соатлаб фотосуратларга қарардим, холамдан турли касалликлар ҳақида сўраб турганман.
Характер ва ирода кучи
Табиатан мен жуда меҳрибон, тинчликпарвар, эътиборли, масъулиятли инсонман. Мен жарроҳман, жарроҳлик эса қатъийликни талаб қилади. Шунинг учун вақт ўтиши билан янада қатъий бўлиб қолдим, лекин бунинг учун сабр каби сифат ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Беморларимга келадиган бўлсак, мен уларга доимо меҳрибон ва эътиборли бўламан. Менга мурожаат қилаётган одамларнинг дунёси ва ички ҳолатини, психологиясини ўрганишга ҳаракат қиламан. Онкология-бу аразлашлардан, яъни одамларнинг ичида сақланадиган ва чиқариб юборилмайдиган ички аразлашлардан келиб чиқадиган касаллик деган назария мавжуд.
Бундай тоифадаги беморлар билан ишлаш қийин, лекин мен уларнинг фалсафасини, ички ҳолатини ўрганишга ҳаракат қиламан, аразлашларини унутишларига ёрдам бераман, ҳаётдан завқланишга ўргатаман. Яқинда мен бир беморни қучоқлаб олганимда у йиғлаб юборди ва "Доктор, наҳотки мени ҳам яхши кўрадиган ва қучоқлаб оладиган инсон бўлса?!", деди. Менга унинг сўзлари қаттиқ таъсир қилди, ҳар бир инсон севги, меҳр ва тушунишга лойиқ деб ҳисоблайман. Айниқса аёлларимиз.
Шифокор психологияни билиши керак, чунки бизга кўплаб беморлар келишади ва уларнинг ҳар бири ўз фалсафаси, ўз дунёқараши, ўз характерига эга, ташхисни ўзича талқин қилади ва кўпинча беморнинг характерига мослашиш, касаллик ҳақидаги маълумотни тўғри етказа олиш ва беморни даволанишга кўндириш керак бўлади.
Спортсиз хаёт йўқ
Мен ҳам спортга қизиқаман, уни яхши кўраман, лекин, афсуски, айни пайтда унга кам вақт ажратаяпман. Спорт мен учун севимли машғулот. Мен сузишни ёқтираман, ҳафтада бир неча маротаба бассейнга бориб тураман.
Шунингдек волейбол, шахмат ўйнашни яхши кўраман, бир пайтлар теннис билан шуғулланганман. Умуман, спортга болалигимдан, мактабда ўқиганимда, гимнастика секциясига қатнаганимда меҳр қўйганман. Ҳатто бир неча марта мусобақаларга борганмиз, кейин оиламиз кўчганидан сўнг мактабни ўзгартирдим ва спортнинг бу турини ташлаб қўйдим.
Менимча, спорт инсонни чиниқтиради, уни эпчил, тезкор, сабрли бўлишга ўргатади. Шунингдек, спорт кучли энергия манбаидир. Ҳар қандай одамда спорт билан шуғулланишга, ҳаётда бирор нарсаси ўзгартиришга истак бўлиши керак. Ўшанда вақт ҳам, мақсад ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлади.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас