Загрузка
Загрузка
Ирода Маткаримованинг итлар билан боғлиқ “Ҳаёти”
Воқеалар

Ирода Маткаримованинг итлар билан боғлиқ “Ҳаёти”

8495
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Дайди ҳайвонлар учун "Ҳаёт" номли бошпана - бу ҳамма нарса бутунлай бошқача маънога касб этадиган жой. Бу ҳайвонлар уйи “аҳолиси”нинг ҳикояларини тинглагач, ихтиёрсиз равишда баъзи одамларнинг саҳийлиги ва бошқаларнинг мутлақ бефарқлиги ҳақида ўйлай бошлайсиз. Бу ерда киши ўзига ўзи савол билан мурожаат қилади: нима учун айримлар узоқ сафарга отланиб, виждони ҳам қийнамай, ҳайвони учун бошпана талаб этади, бошқалар эса ўлим тўшагида ҳам тўрт оёқли дўстлари ҳақида ўйлашади?

Тадбиркор аёл ва бошпана асосчиси Ирода Маткаримова билан танишиш учун бораётганимизда, унинг телефони тиним билмади. Бефарқ бўлмаган кишилар итларга нима олиб боришни сўрайди. Бошқалар эса Бектемир туманида итлар қийноққа солинаётгани ҳақида хабар беришди. Яна бир волонтёр клиникага жойлаштирилган жонивор ҳақида қайғуради, уни даволаш учун пул керак. Ветеринария бўлимидан қўнғироқ қилиб, бошпанадаги ҳайвонларни эмлаш масаласини ҳал қилишни сўрашди. Йўл бўйи қўнғироқ устида қўнғироқ бўлиб турди.

Шуниси ҳайратланарлики, кўплаб муаммоларга, бошпананинг қарзига қарамай, унининг бекаси келажакка ишонч кўзи билан боқиб, ўзига хос бўлган эпчиллик билан “итлар иши”ни ҳал қилишни давом этмоқда.

"Хаёт" – бу яшаш ва курашдир

- Иш қандай бошланган? Бошпана яратиш қийин бўлдими? Айниқса қайси ютуқлар билан фахрланасиз?

– 2015 йилда Қибрай тумани ҳокимлиги бизга ер ажратиб, у ерда дайди итлар учун бошпана қуришга рухсат берди. Дастлаб, мен оддий волонтёр эдим, лекин ҳужжатлар ва рўйхатга олиш билан шуғулланишга ҳам ўзимга тўғри келди. Ниҳоят, 2018 йилда барча масалалар ҳал қилинди. Ўша пайтда итлар сони 200 тани ташкил қилиб, улар Янгийўлдаги ижарага олинган участкада яшарди.

Уларни янги жойга кўчирдик, вақтинчалик катакчалар ясадик. Албатта, аввалига жуда қийин бўлди, ўзимиз ҳаракат қилдик, назоратчилар очиқ ҳавода ухлашарди. Икки ярим йил давомида сув келтириб турилди, ўзимиз бошпана бўйлаб челак ташиб, итларга сув қуйдик. Бир ярим йил ток бўлгани йўқ.

Ғамхўр инсонлар жамоасини шакллантирганимиздан фахрланаман. Ахир, ҳайвонларни қутқариб, кимнингдир ҳаётини сақлаб қолганингиздан хурсанд бўласиз. Шунингдек, мактабларда эзгуликдан сабоқ бера бошладик, болаларга ёшлигиданоқ меҳр-оқибатни ўргатаяпмиз.

-  Бошпанага келтирилганларнинг тақдири қандай? Уларни янги шароитга нақадар мослаша олишади?

-  Ҳозир 3 мингга яқин итимиз бор. Уларнинг тақдири турлича. Қибрай хокимиятининг бошпана бериш шартларидан бири - Чирчиқ ва Қибрайдаги итларни ушлаш хизматига тушган итларни ўзимизга олишимиз керак эди. Бу хизматлар барча итларни бизга олиб келишмоқда. Ҳайвонларнинг аксарият қисмини айнан шулар ташкил қилади. Айрим итларни эгалари келтириб топширган.

Албатта, лоқайд бўлмаган одамлар ўзлари қутқарган жониворларни ҳам бошпанага олиб келишади. Дарвозага етиб бормасдан бизга итларни ташлаб кетган ҳолатлар кўп. Кўпларини ўзимиз қутқарамиз, Тошкентда биз 911 хизматига ўхшаймиз: қаердадир бир итни машина уриб кетса, одамлар дарров қўнғироқ қилиб: "Ирода, ёрдам беринг!", деб ёзишади. Бизда Ангрен, Олмалиқ, Гулистон, Сардоба, Навоий, Урганч ва Хоразмдан ҳам итлар келтирилган. Одамлар уларни такси билан жўнатади, биз уларни даволаймиз, бошпана берамиз. Ҳаммага ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.

Бундан ташқари, айни пайтда ҳамма жойда уйлар бузилмоқда, одамлар чиройли ва зотдор итларни кўчада қолдирмоқда. Шунингдек, пандемия йили давомида 1100 та ҳайвон олиб келинди. "Дамас"ларни тўлдириб олиб келишган. Одамларнинг ўзига қийин бўлиб қолгани учун итларидан воз кечишган.

Эгалари касалхонада ётган, эгаси ўлган итларни олиб кетамиз. Бир куни "Ўзэкспомарказ"[коронавирусли беморларни тақсимлаш маркази] дан бир аёл қўнғироқ қилиб: "Ирода, мен ўлаяпман: зарарланиш [ўпканинг] 75%. Ёлғиз яшайман, уйда битта ит болалаган. Қўшнида калит бор, илтимос, уларни қутқаринг!", - деди.

Операциядан олдин саратоннинг тўртинчи босқичига чалинган бир киши итини олиб кетишни илтимос қилди. У эҳтимол, операциядан чиқмаслигини айтди. Итни олиб кетишди, волонтёр Карина Тихомирова уни ажойиб оилага топширди. Унга қўнғироқ қилдим, расмини юбордим. У одам тирикми ёки йўқми, билмадим. Билишдан ҳам кўрқаман...

Мен бепарво бўла олмайман, раҳмим келади, олиб кетаман, ҳайвонлар учун уй қидираман. Албатта, аксарияти дарҳол мослаша олмайди, уй итлари узоқ вақт ўзига кела олмайди: яхши овқатланмайди, уйчадан чиқмайди. Баъзи янги келиб тушганлар тунда тўрни ғажиб, вольердан чиқишга ҳаракат қилишади.

-  Келиб тушган ҳайвонларни янги эгаларга топшириш жараёни хусусида айтиб берсангиз.

-  Ўтган уч йил давомида 1800дан ортиқ итларни янги эгаларига топширдик. Кўплаб ҳайвонлар ИИББ ва ИИВнинг кинологик хизматлари орқали жойлаштирилади. Кўп итларни хорижга ҳам берганмиз. Балиқчилик ва фермер хўжаликлари вакиллари келиб, қўриқлаш учун итларимизни олиб кетишади. Масалан, бир фермер ўзининг 36 гектарлик чорва ҳудуди бўйлаб ажойиб вольерлар қуриб ташлаган ва итларимизга шароит яратиб берган. Итларимиз бутун дунё бўйлаб саёҳат қилишади. Кая ва Триша Эстонияда яшайди. Роки яқинда Англияга кўчиб кетади. Уни волонтёримиз олиб кетди, айни пайтда ҳужжат тайёрланмоқда. Жуда кўп итларимиз Москвага олиб кетилган ( москваликлар кичик итларни хуш кўради, чунки узлариники йирик). Москвадаги фото ва видеолавҳалар олиб турамиз, ҳаттоки Facebookда “Москваликлар” номли альбом ҳам мавжуд. Бешта итимиз яқинда учади, яна еттитаси карантинда тайёрланмоқда. Даставвал, итни топшириш учун шартнома тузардик. Лекин бу ҳужжат номиганига, ёрдам бермайди. Ҳозирда эса пропискалик паспорт нусхасини олиб, унда қайси ит олиб кетилди ва янги эгасининг телефон рақамини ёзиб қўяман. Ўзим ёки волонтёр-куратор вақти-вақти билан қўнғироқ қилиб турамиз. Қолаверса, уйма-уй ҳам юраман. Мабодо итга яхши қарашмаса ёки унинг яшаш шароити ёмон бўлса, уларни қайтиб оламан. Айни пайтда итларга чип қўйиш бўйича Германия билан музокаралар олиб бораяпман. Бунинг натижасида итларнинг мендан кейинги тақдирини кузатиш имкони пайдо бўлади. 

- Бошпана нималарга муҳтож? Харажатлар қанчага тушмоқда? 

- Ҳозирги пайтда жуда қийналаяпмиз, чунки нарх-наво жуда ошган. Бир кунда 2 тонна товуқ гўшти ва 100 килограмм оқшоқ сарфланади. Бундан ташқари, итваччалар, ногирон итларимиз ҳам бор. Уларнинг овқатланиши учун бошқача озуқа талаб этилади. Итларим пишириқ ва нонни хуш кўради. Қарасангиз, бизда озиб кетган ҳайвон йўқ. Касал бўлмаслиги учун яхши озиқлантиришга ҳаракат қиламиз.

Барча итларимиз ахта қилинади, қутуришга қарши эмланади, ҳаммасида паспорт бор. Биз туман поликлиникасига бириктирилганмиз, хусусий ветеринария клиникалари билан ҳамкорлик қиламиз. Ўзимизнинг ветеринария шификори ва фельдшеримиз бор. Бу ерда яшаб, ҳайвонларни парвариш қиладиган ишчиларимизга маош тўлаш керак.

Харажатларимиз талайгина. Айни пайтда 3 мингта итга бир ойга 250-280 миллион сўм кетади. Ҳайвонларнинг қорни тўқ, улар соғлом бўлсада, бу етарли эмас. Ҳайвонларга ҳам ижтимоий муҳит, инсон билан мулоқот керак. Акс ҳолда улар ёввойилашади. Шунинг учун ташриф буюрган одамларни итларимиз хурсандчилик билан қарши олади. Бошпанага келмоқчи бўлганлар учун шанба ва якшанба кунлари автобус ташкил қилинган.

- “Ҳаётга” ким ва қандай ёрдам беради?

– Бу ишни мен волонтёр Лена Тюрина билан бошлаганмиз. У илк вольерларни қуриш ва қараб турувчилар учун уйлар барпо этишга пул тиккан. Ҳозир у ахта қилиш, стерилизация ва зоотакси харажатларини қоплаб келмоқда. Кейинчалик Евгений Мазо ўз рафиқаси билан ёрдам берди: янги сайт ишлаб чиқиб, бизга совға қилди, музлатгич олиб берди, ток ўтказишга кўмаклашди. Дубайлик Виталий Чирков катта ёрдам кўрсатди. У бошпанага сув олиб келди. Волонтёр Олеся Чернова касал итларни назорат қилади. Данияр Башаров Instagramдаги саҳифани юритади. Мен банкда ҳисоб-рақам очдим, унга Payme, Apelsin ва Clickни уладим. Бефарқ бўлмаган кишилар бизга маблағ кўчириб туришади. Тушган пуллар ветеринария клиникаси ва озиқ-овқатга сарфланади.

Бизнес вакиллари ёрдам бермоқда. Yapona mama ва “Ўзбекистон” меҳмонхонаси озиқ-овқат бериб туради, Laktalis Central Asia йогурт ва пишлоқ етказиб беради. Knauf компанияси 50 миллион сўм ёрдам қилди, қарзларимизни ёпиб, овқат сотиб олдик. Akfa 15та катакча туҳфа килди. Click компанияси 18 миллион сўм берди, бу пулга цемент ва шлакоблок харид қилдик. Golden House 750 метр узунликдаги чегара деворини қуриб бераяпти. Натижада 3 гектар ҳудудимиз тўлиқ чегараланади. Дарвоқе, Умид Ғофуров ва унинг обуначилари бизга 25 миллион сўм тўплаб беришди. Бу маблағ 100 метр чамбара қуришга сарфланади. Умуман олганда, блогер дўстларимиз Александра Иванюженко, Никита Макаренко, Лилия Николенко жамоатчилик эътиборини жалб қилишга ёрдам беришмоқда. Хуллас, ҳайвонлар тақдирига бефарқ бўлмаган кишилар кўп экан. Биз уларга жуда миннатдормиз.

- Келажакдаги режаларингиз қандай? Бошқа давлатлар тажрибасини ўрганаяпсизми? Бу каби муассаса фаолиятидан даромад кўриш мумкинми?

- Биз қурилишни давом этаяпмиз. Сиз кўрган кичик ҳудудда қўлимиздан келганини қилдик. Асосий қурилиш катта ҳудудда амалга оширилади. Шартнома, лойиҳа ва рухсатномани олдик. Қурилиш қарийб 250 миллион сўмга тушаркан. Бунча пулимиз йўқ. Бироқ, бирорта ҳомий бизга эътибор беришидан умид қиламиз. Дарвоқе, Олмалиқда “Ҳаёт”нинг филиалини очдик. Бу учун ҳокимлик ер ажратди. Ҳозирча у ерга 100дан ортиқ итлар келтирилди. Волонтёрлар ишламоқда, вольерлар қурилиши давом этмоқда. Навоийда ҳам бошпана очиш учун хат жўнатдим. Бошқа жойларда очмасам керак, волонтёр етишмайди. Фарғонада бошпана учун ер ажратишни сўрагандим. Афсуски, Интернетда дарҳол номақбул гаплар пайдо бўлди...

Озуқа ишлаб чиқариш заводини очиш бўйича режаларимиз бор. Маҳсулотнинг 50 фоизи бошпананинг ўзига кетса, қолган қисмини сотиб, айрим харажатларимизни қоплаймиз. Бошпана ўзини-ўзи қоплаши керак. Мен ўзга чора кўрмаяпман. Чунки, мунтазам келиб турадиган ёрдам йўқ, ўзимизнинг кучимиз етмаяпти. Мен бировдан илтимос қилишга уяламан, қарзимиз катта эканлигини айтиш ҳам ноқулай. Чунки ёзган хабарларим остида кишиларнинг ғазабли муносабатини кўраяпман. Кўпчилик ишсиз қолган, ейишга нони йўқ.

Биз бошқа давлатлар тажрибасини доим кузатиб борамиз. Волонтёрларимиз Россия, Украина ва бошқа чет эл давлатлари билан боғланишади. Улар берган тавсияларни тинглаймиз. Бироқ, хорижда ва бизда бошпанага бўлган муносабат турлича. У ердаги одамлар бошқача, ҳайвонларни севишади. Бизда эса “Итларга эмас, одамларга ёрдам беринг”, дейилади. Ахир одамларга ёрдам бермоқчи бўлганлар кўп. Ҳайвонларга эса саноқли кишилар ёрдам қўлини чўзади.

Биз эзгу амал қилаётганимизга аминман. Мамлакатни қутқаришга ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз. Ҳайвонларнинг шафқатсизларча ўлдирилишини олдини олиб, бу каби даҳшатли ҳолатларни кўришдан болаларимизни ҳимоя қилаяпмиз. Инсоннинг ҳайвонлар билан мулоқот қилиши уни меҳрибон қилади, масъулият ҳиссини оширади, тиббий нуқтаи назардан ҳам одамни соғлом қилади. Бу билан биз шунчаки шуғулланмаётганимизни наҳотки одамлар тушунмаса?

Биз қўл остидагиларимиз учун масъулмиз...

- АҚШ, Европа ва Россияда давлат бошпаналари бор, Туркияда эса дайди итларни стерилизация қилиш ва уларга чип қўйиш масаласи билан давлатнинг ўзи шуғулланади. Сизнингча, нега бизда бу масалалар билан давлат шуғулланмаяпти? Нима учун итларни ушлаш хизмати дайди итларга бу қадар шафқатсиз муомалада бўлмоқда?

- Билмадим, уларнинг ўзидан сўраб кўриш керакдир. Давлат Меҳрибонлик уйлари ва бошқа муаммолар билан шуғулланмоқда. Улар ер ажратиб беришди. Назаримда, бошқа ишларни одамлар килиши керак. Ажратилган ер учун ижара пули олинмайди. Ахир одамлар ўрнидан туриб, бу ерга келиб, савобли иш қилса бўладику? Ўзбекистонда қанча киши яшайди? Ҳар-бир оила биттадан ит олганида эди....

Албатта, давлат бу масалага эътибор берса, яхши бўларди. Ҳеч бўлмаганида эгаларнинг масъулияти тўғрисидаги қонун қабул қилиш керак. Эгалар ўзларининг ит ва мушукларини стерилизация қилсин, кўчага чиқариб юбормасин. Текинга стерилизация ва ахта қилиш учун бизга грант беришса бўлди. Бошқа ҳеч нарса керак эмас.

Биргина Тошкент шаҳрида йилига 10 мингта ит ушланади. Уларнинг ҳар-бири стирилизация ва ахта қилинганида дайди ҳайвонлар сони бунчалик кўп бўлмасди.

- Ҳалқ орасида “Ит- инсонга дўст”, “Итдек вафодор”, деган гаплар бор. Нима деб ўйлайсиз, нега одам ит ёки мушукка дўст бўла олмайди? Нима учун ҳайвонлар кўчада қолдирилади, уларга нисбатан шафқатсизлик ва агрессия қилинади?

-  Биласизми, мен инсонларга қараганда, ҳайвонларни кўпроқ тушунаман. Мен одамларни, уларнинг хоинлигини тушуна олмайман. Айримлар менга қўнғироқ қилиб, “Эратага Россия кўчиб кўтаяпман, уйимни сотдим. Итимни нима қилай”, деб сўрашади. Майли, жойим бўлмасада мен итни оламан, чунки жониворга раҳмим келади. Лекин бу ҳайвонни олаётганингда нималарни уйлагансан? Шу боис, эгалар масъулиияти бўйича қонун керак. Одам фарзанди учун қандай бўлса, уй ҳайвонларни учун ҳам шундай жавоб берсин. Клуб итлари фақат рухсатномаси бор ва солиқ тўлайдиган клубларда бўлсин. Бошқаларни ахта қилиб, стерилизациялаш керак. Барча итларни эмлаш, чип қўйиш, ягона компьютер базасига киритиш лозим. Ит, мушук ва ҳаттоки бечора эшакларни қийноққа солганлик учун қатъий жиноий жавобгарлик белгилаш шарт. Фақат ўшандагина бизда тартиб бўлади.

- Болалигингизда ҳайвонларнинг ўрни қандай бўлган? Уйда ҳайвон сақлаганмисиз?

-     Мен ҳеч қачон ҳайвонларсиз яшамаганман. Болалигимда итлар, мушуклар ҳам бўлган. Айни пайтда уйимда 3 та мушук яшайди, 40га яқин мушукларга ҳовлида қараб тураман, ишхонадамда ҳам тахминан 50та мушук ва 5та ит бор. Хуллас, хўжалигимиз катта. Ҳайвонларни хафа қиладиган кишиларни яхши кўрмайман. Ҳеч қачон муаммо ёки дардни четлаб ўтолмайман. Шу боис, бирор нарса юз берса, дарров менга ёзишади. Қанчалик мушкул бўлмасин, ҳеч кимга ва ҳеч қачон ёрдам қўлини аямайман. 

-  Умуман олганда, Сиз учун “Ҳаёт”нинг аҳамияти қандай? Бу шунчаки севимли машғулотми ёки ....?

- Бу ҳақиқатан ҳам менинг “Ҳаётим”. Бу ерда болаларим яшайди. Кўпроқ келиб, итлар билан ўйнашга ҳаракат қиламан. Лекин бошқа фаолият – улгуржи савдо билан ҳам шуғулланаман. Бу хўжаликни юритиш учун металл сотишим ва пул ишлашим керак. Буларнинг барчаси катта пул туради. Шунчаки чиройли кўзлар учун ҳеч ким пул бермайди. Мен доим бир нарсани такрорлайман – балким бу менинг Ердаги асосий мақсадимдир.

– Шунча ишни қилишга қандай улгурасиз?

– Мен соат 4да уйғонаман. Соат 6да ишга чиқиб кетаман. Кун буйи телефонда, компьютерда ишлайман, “Ҳаёт”нинг муаммоларини ҳал қиламан, Telegram ва Facebookдаги каналларни юритаман. Бу ерга камералар ўрнатилган, телефонимда онлайн кўриб тураман. Ким келгани, нима қилаётгани, қачон сув берилгани ойдек равшан. 

- Яқинларингиз ҳайвонлар билан шуғулланишингизга қандай қарашади? Хурсандчиликка вақт қоладими?

– Эндигина бу ишни бошлаганимда уйдагилар мени тушунишмаган. Чунки ишдан кейин ҳужжат тайёрлаш билан шуғулланганман. Кейин эса итларни кўчириш бошланди, оиланинг кўп маблағи шунга кетарди. Бир муддат қизим норози бўлиб юрди. Вақт ўтгач, ўзи ҳам ўрганди, дугоналарини ёрдамга чақирди. Айни пайтда улар бизда волонтёрлик қилишмоқда. Ҳозир қизим оилали, фарзанди бор. Лекин масофадан туриб ҳам ёрдам беришга ҳаракат қилади. Онам 83 ёшдалар. Лекин шунга қарамай, иккита ит ва иккита мушуги бор. Дугоналарим ҳам “Сенга нима учун бу иш керак? Қилишга ишинг йўқми?” деб айтишган. Биз ҳар жума ёки шанба кунлари “гап”га борардик. Ҳозир эса бунга вақт йўқ. Бир ойда бир марта улар билан бирор жойга чиқишим мумкин.

- Бу ишга кўп вақт ва пул сарфлаяпсиз. Бировлар Сизни тушунмаслиги ҳаётингизнинг бир қисмига айланиб қолгандир... Очиқчасига Сизга қарши чиққанлар борми?

- Албатта қарши чиқадиганлар кўп. Уларнинг айримлари эвтаназия тарафдорлари ҳисобланади. Мен итга умр бермаганман ва уни яшашдан маҳрум қилмоқчи эмасман. Имкони бўлса, ҳайвонни албатта қутқариб қоламан. Шифокор бунинг иложи йўқ десагина, тўхташим мумкин.

Одатда хайрия пулларидан фойда кўришимни айтишади. Итларни гўштга топширади, деганлар ҳам йўқ эмас. Барча пуллар касса орқали кирим қилинади, шартномалар тузилади. Итларни яхши овқатлантирамиз. Акс ҳолда улар бир-бировини аллақачон ғажиб ташларди. Барча ҳисоботларимиз шаффоф ҳолда каналимизга қўйилган. Яна бир гап- менга давлат 2.5 минг доллар маош тўлармиш! Бундай ёрдам бўлганида эди...

Кимдир менга ҳасад қилинади, деб айтади. Ҳар тонгда туриб, ҳайвонларга нима беришни, қаердан пул олишни ва қарзлардан қутулишни уйлашга кимнинг ҳасади бўлиши мумкин? Менинг ҳолимга тушиш кимга керак?

Мен ҳеч кимдан хафа бўлмайман. Яратганнинг ўзи баҳо берсин. Асосли танқидни албатта қабул қиламан ва балким, бирор ишим нотўғри бўлаётгандир, деб ўйланиб қоламан. Масалан, илгари биз Москвадан “Баавекто” таблеткаларини сотиб олардик. Шифокор келиб, бу жуда қиммат, бошқа даволаш усуллари борлигини айтди. Шу тариқа, демодекоз ва моховдан ўз доримизни ишлаб чиқдик. Жарроҳлардан кўп фойдали маслаҳат олганмиз.

- Бошпана билан шуғулланиш жараёнида бу ишни бошлаганингиздан афсус чекканмисиз?

–Айрим пайтларда бу хаёлимдан ўтган. Лекин мен қўл остимдагилар учун жавобгарманку. Қолаверса, ҳамма ишни охиригача етказишга ўрганганман. Шунинг учун итларим билан бирга курашишни давом эттираман. Керак бўлса, давлат идоралари, фирмалар ва керакли кишиларни ишга соламан. Чунки эзгу иш билан шуғулланаётганимга ишонаман. Ҳаётда оптимист бўлганим учун ишим бароридан келади.

-Волонтёрлар орасида эркаклар кам экан, асосан аёллар ишлаяпти. Бошпаналар ҳам қоида тариқасида, аёллар томонидан ташкил этилган. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Тўғри, аёллар аксариятни ташкил қилади. Манимча, уларда раҳмдиллик кўпроқ бўлса керак.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...