Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Коронавирус авж олишдан тўхтамаяпти, ҳаёт эса давом этмоқда – одмлар учрашмоқда, севишишмоқда, турмуш қурмоқда...
Бундан икки йил муқаддам мамлакат парламенти ўзбек тўйлари билан шуғулланишни бошлади. Тўйлар жуда дабдабали ўтказилаётгани, кўплаб қарзларга сабаб бўлаётгани айтилди. Натижада меҳмонлар ва автомобиллар сонини чеклаш, исрофгарчилкини тақиқлаш ва жазолаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Аммо, ҳаёт кўрсатганидек, бу чоранинг фойдаси унчалик ҳам сезиларли бўлмади
Кейин саҳнага коронавирус кириб келди: энди, агар тўй қилишни истасангиз, марҳамат қилиб ўйин қоидаларини қабул қилинг. Қизиғи шундаки, бир-бири билан ўз ҳаётини боғлашни истаганлар камайгани йўқ. Кўп одамлар тўйга фақат энг яқин одамларни таклиф қилиб, тежамкорлик ҳақида жиддий ўйлай бошлади.
Коронавирус шароитида тўйларни ташкил этишга ёндашув қандай ўзгаргани, Ўзбекистонда тўй саноатининг хусусияти ва оилавий бахт тушунчаси ҳақида мамлакатимиздаги тўй тадбирларининг энг тажрибали ташкилотчиларидан бири Аделя Ботиргареева Batafsil.uz. мухбирига сўзлаб берди.
Корнавирусга қарамай
– Пандемия даврида тўй ташкилотчиларининг хизматлари қанча харидоргир?
- Ҳозир тўй ташкилотчиларининг хизматлари одатий даврдагидек долзарбдир. Эҳтимол, бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин, чунки кўплаб ёшлар нима қилишни ва қандай қилиб тўй қилишни билишмайди. Уларда савол кўп, шу боис ёшлар агентликка мурожаат қилишга ҳаракат қилишади, хусусан пандемия давомида қандай иш тутишни сўрашади.
– Коронавирус шароитида ташкилотчилик нуқтаи назаридан тўйлар қандай ўзгарган?
– Аввало, ҳозир аксарият одамлар камроқ меҳмон чақириш лозимлигини тушунишмоқда, таклиф этиладиганлар рўйхатини пухта кўриб чиқишмоқда. Кишилар онгига “тор доирадаги тўй” тушунчаси кириб келмоқда, яъни тантана энг яқин 30-50 киши иштирокида ўтказилади. Одамларга нима учун тўйга таклиф қилинмаганлигини тушунтиришга ҳожат йўқ, ҳеч ким хафа бўлмайди, чунки кўпчилик нафақат бизда, балки бутун дунёда бундай ҳолат борлигини тушуниб етмоқда.
- Тантаналарни ўтказишда белгиланган қоидаларига риоя қилинадими? Балки қоидабузарликнинг олдини олишнинг бирор бир йўли топилаётгандир?
- Ташкилотчилар ва келин-куёвлар қоидаларга мувофиқ ҳаракат қилишади ва бу борада ҳеч қандай ҳийлалар ёрдам бермайди. Сўнгги ўзгаришларга кўра, барча тантаналар соат 20:00гача ва фақат очиқ майдонда ўтказилади. Албатта, бу шароитда ишлаш жуда қийин, лекин ушбу қоидаларга риоя қилиш керак. Барча тўйларни тушдан кейин соат учда бошлаймиз ва кечки соат 8 гача тугатамиз. Бу беш соат давомида биз одатдагидек ҳамма нарсага улгурамиз: удумлар, рақс ва танловлар ўтказилмасдан қолмайди.
Албатта енгилликлар бўлишини кутамиз. Ўз тўйини олдиндагидек ўтказмоқчи бўлганлар ҳам йўқ эмас, улар тантанани бошқа муддатга ўтказишни лозим кўришган. Тўйни кечиктиришга рози бўлмаганлар билан биз қоидаларга мувофиқ ҳаракат қиламиз.
Тўй учун яшашми?
- Ўзбекистондаги тўйлар ҳақида гапириб берсангиз: уларнинг ҳаммаси бир хил анъанавий бўлмоқдами ёки одатий меъёрлардан чиқиб кетиш ҳолатлари борми?
- Тўйлар турлича бўлмоқда, хусусан, классик усулда - маросимлар ва анъанавий урф-одатлар билан ўтказаяпмиз. Биз анъанавий тўйларни ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз, чунки ота-оналаримизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, оилавий анъаналарни эъзозлаш ўта муҳимдир, тўйларнинг ўзи ҳам жуда илиқ ўтади.
Албатта, Ғарбдан келиб қолган урф-одатларга кўра тўйларни ўтказиш ҳолатлари йўқ эмас. Мисол учун, охирги 2-3 йил ичида келин-куёвлар никоҳни кўчма рўйхатга олишга одатланмоқда: тантана яшил боғда ёки табиатда бўлиб ўтади, меҳмонлар учун стуллар қўйилади, торли квартет ёки саксофончи мумтоз мусиқа чалади, ФҲДЁ ходими тадбирга ташриф буюриб, никоҳни рўйхатга олади ва охирида умумий суратга тушилади. Коронавирус пандемияси туфайли бу одат жуда ўринлидир.
Бундан ташқари, кўплаб қизиқарли янгиликлар ўйлаб топилган, хусусан қум маросими, ўз оилавий дарахтини экиш урфи пайдо бўлган. Аслида, биз ҳар бир келин-куёв учун қизиқарли маросимни ўтказишга ҳаракат қиламиз, мақсад - уларнинг тўйлари ноёб дақиқалар билан эсда қолсин.
- Тўйларда анъанавий одатлар, масалар Мустақиллик майдонига бориш ёки шапмань виноси солинган идишни синдириш мавжудми?
– Ҳар бир тўйда суратга тушиш шарт. Ёзда ҳамма кўчада суратга тушишни хоҳлайди, масалан Япон боғида (бу бизнинг севимли боғимиз), Жасорат ҳайкали ёнида тушилади. Менимча, Мустақиллик майдонига камроқ ташриф буюрилмоқда, шишани синдириш ҳам камдан-кам учрайди. Барча келин-куёвлар чиройли суратга ёки видеога тушиш, ёрқин ва қизиқарли банкет ўтказишни истайди.
- 2018 йилда парламент тўй-маъракаларни ўтказиш, вақт регламенти, меҳмонлар ва автомобиллар сонини чеклаш қоидаларини тасдиқлади. Бу тўғри деб ўйлайсизми? Ёшлар ва уларнинг оилалари бунга розими?
– Бунда қандайдир маъно бор, чунки мазкур чекловлар кўплаб оилаларга ёрдам берган бўлиши керак. Мамлакатимизда одамлар бу воқеа учун узоқ вақт давомида тайёргарлик қилишади: ота-оналар бола туғилганидан бошлаб тўй учун пул тўплашади, қўшниларникидан кам бўлмаган тўй қилишни орзу қилишади. Лекин тўйни ажойиб ва бой тарзда нишонлашнинг иложи бўлмаса, унда менимча кераги ҳам йўқ. Тўй ҳамён ва оила бюджетини синдирмаслиги керак. Тўйни оддий тарзда нишонлаб, уни эсда қоларли қилиш мумкин.
Аммо, бошқа томондан ҳашаматли тўй қилиш, молу-давлатини завқ билан сарфлашга имкон топадиган одамлар бор. Менимча, бу масалани ҳам инкор қилиш тўғри эмас.
- Тўй кортежлари ҳақида нима дейсиз, ЙПХ ходимлари уларни тўхтатиб турадими?
- Охирги икки йил мобайнида ЙПХ ходимлари мижозларимизни тўхтатганини эслай олмайман. Лекин кортежлар ҳам анча кичрайиб қолди…
- Тўй тантанаси ташкилотчисининг хизматлари қимматга тушадими? Тўйни ўтказиш учун келин-куёвда қанча пул бўлиши керак?
– Аслини олиб қараганда, бу қимматга тушадиган хизмат эмас, тўй бюджетининг 10%ни ташкил этади холос. Тўйларнинг бюджети турлича. Баъзилар тўйга 100 миллион сўм тайёрлашган бўлса, бошқалари – 50 миллионга мўлжаллаган. 20 миллионга ҳам тўй ўтказса бўлади. Албатта, бу ҳолатда кўп нарсалар фарқ қилади, лекин қимматидан кам бўлмаган ижобий туйғуларни беради.
Тошкентда банкет таомномасининг ўртача нархи ҳар бир меҳмонга 250 минг сўмдан бошланади, мусиқачилар, кортеж, рўйхатга олиш 20-25 млн. сўмга тушади. Лекин ўртача нархни айта олмайман. Ҳар-бир келин-куёв ўзгача бюджетга эга ва тўйни ўзгача ўтказади.
– Хизмат фақат Тошкентда мавжудми ёки вилоятлардагилар ҳам ундан фойдаланиши мумкинми? Умуман, Ўзбекистонда тўй саноати қай даражада ривожланган?
– Республикамизнинг айрим йирик шаҳарларида тўй ташкилотчилари борлигини биламан. Тошкентдан Фарғона, Бухоро, Самарқандга тўй ўтказиш учун бутун жамоа бўлиб борганмиз. Бу ҳолда бутун жамоанинг сафар харажатлари, баъзан яшаш харажатларини қоплаш керак бўлади. Шунинг учун пойтахтдан ташқарида ташкилотчиларнинг хизматлари қимматга тушиши мумкин.
Лекин, умуман, Ўзбекистонда, хусусан, Тошкентда тўй саноати жуда яхши даражада ривожланган. Албатта, вилоятлар ўрганиши керак бўлган нарсалар бор, лекин мен бунинг ривожланишига ишонаман ва вилоятларда ҳам қизиқарли тўй лойиҳаларига гувоҳ бўлишимизга аминман.
Умуман олганда, тўй тадбирларини жуда яхши кўрамиз, меҳмонларни қабул қилишни ёқтирамиз, шунинг учун бу йўналишда албатта ривожланамиз. Ягона нарса шундаки, бизда ҳали бу бизнесни ўрганиш учун жой йўқ, махсус ўқув марказлари мавжуд эмас. Лекин ўйлайманки, буларнинг барчаси тез орада пайдо бўлади.
Тўй фариштаси
- Тўй ташкилотчилари нима учун керак? Олдин уларсиз ҳам ўтказардик…
- Илгари кўп ишни ўз қўлимиз билан қилардик: ўзимиз таътилга чиқардик, ўз қўлимиз билан уйимизни таъмирлар эдик. Лекин ҳаёт шиддат билан ўтмоқда, одамлар кўп вақтини ишга сарфлашлари боис, турли хизматлар уларга ёрдамга келмоқда. Таътилга чиқиш учун мен туристик агентлигига бораман, у ерда менинг бюджетимга кўра, ташриф буюрушим мумкин бўлган шаҳарлар ва мамлакатлар, меҳмонхоналар, экскурсиялар таклиф қилинади. Менга хавфсиз ва ҳамёнбоп давлат ёки шаҳар таклиф қилинишини биламан.
Тўй ташкилотчилари ҳам шундай ишлайди. Биз келин-куёвларнинг кўплаб масалаларини ҳал қиламиз. Профессионал ташкилотчилар тўй бошловчиси, расмчи, видеограф ва бошқалар билан музокараларни олиб бориб, барча муаммоларни ўз зиммасига олади. Келин-куёвлар эса шошилмасдан тайёргарлигини олиб бораверади.
Дейлик, бу сизнинг биринчи никоҳингиз бўлса, бундай тантанани қандай нишонлаш ҳақида керакли маълумотларга эга бўлмайсиз ва сизга маслаҳат берадиган одамнинг ўзи йўқ ёки сиз катталарга таянмасдан, ўз кучингиз билан ўтказишга қарор қилдингиз. Шу сабабли бизга ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Дарвоқе, бундай ёшлар учун беш йилдан буён махсус семинар ташкил этиб, унда мутахассисларимиз тўйга тайёргарликнинг барча жиҳатлари ҳақида сўзлаб беради.
Бундан ташқари, тўйларда баъзи кутилмаган ҳолатлар юз бериши мумкин, келин-куёв ва меҳмонлар бу ҳақда билмаслиги учун фақат тўй ташкилотчиси ва унинг жамоаси муаммони ҳал қила олади. Масалан, июнь ойининг бошида тўйларнинг бирида тўй торти билан боғлиқ бир воқеа содир бўлди. Одатда торт келин-куёв келишидан олдин етказиб берилади, лекин ўша куни ҳаво жуда иссиқ эди ва кондиционер борлигига қарамасдан, торт кўзимиз олдида эрий бошлади. Уни секингина олиб чиқиб, кондитер ёрдамида тартибга келтирдик. Икки соат ўтгач, ҳеч нарсадан хабари бўлмаган келин-куёв тортни кесишди. Бу воқеа ҳақида кейинги кун айтиб бердик.
Деярли ҳар қандай тўйда кутилмаган ҳодисалар содир бўлади. Аммо нохуш ҳодисалар фақат муаммони ўз вақтида бартараф этган тажрибали мутахассислар хотирасида қолади. Уларнинг маҳорати туфайли келин-куёв ва меҳмонларнинг кайфияти бузилмасдан, байрам кўнглидагидек ўтади.
– Сиз учун ишингиз қандай аҳамиятга эга? Бу соҳада ишлаш ғояси қандай туғилган?
– Мен учун ишим – бу ҳаётим. Аслида, мен бу иш билан доимо шуғулланиб келганман: даставвал мактабда, кейин институтда ва олдинги ишимда нималарнидир ташкил қилардим. Тўйимга тайёргарлик кўраётиб, шу мавзуга чуқурроқ шўнғидим, ўргана бошладим, материалларни ўқий бошладим. Ўшанда бу ишни севиб қолдим, келин-куёв учун муҳим бўлган кунда уларга қулайлик ва осойишталик бахш этишни ўзимга маъқул кўрдим.
- Тўй ташкилотчиси қандай шахсий фазилатлар, билим, кўникмаларга эга бўлиши керак?
– Энг муҳими, албатта, кишининг ўзида ташкилотчилик бўлиши керак. Шунингдек, яхши хотира, мулоқотчанлик, дипломатия, топқирлик ва албатта, сизга ишонган одамлар олдида масъулиятли бўлиш муҳим аҳамиятга эга.
- Бўлғуси эр-хотинлар олдингизга аниқ истак ва режа билан келишадими? У ёки бу тантанани ташкил этишда нима илҳом беради?
-Одатда келин-куёвлар нимани исташаётганини билишмайди. Шунчаки чиройли туй қилишни хохлашади. Кейинчалик суҳбат давомида уларга нима кераклигини билиб оламиз. Ёшлар “чиройли тўй” тушунчасига турлича ёндошади.
Амалиётимизда ўзига хос тилаклар билан келган бир нечта келин-куёвлар ҳам бўлган. Бир келин тадбир тақдимотини тайёрлаб келиб, тўйхонани безаш, кўйлак тури, куёвнинг кўринишини ҳам ўйлаб қўйган. Мен мантиқий савол бердим: ҳаммаси тайёр бўлса, унда бизнинг нима кераклигимиз бор? Охир-оқибат у бир нарсани яхши тушунди. Режадаги тадбирларни амалга ошириш учун жамоа бўлиши керак.
Бизни расмлар, қўшиқлар, фильмлар илҳомлантиради. Шунингдек, бирор-бир қизиқарли воқеани шакллантиришда келин-куёвларнинг ҳам иштироки бўлиши керак. Жуфтликка нима қизиқарли эканлигини тушуниш учун уларни чуқурроқ ўрганамиз.
- Амалиётингизда эсда қолар воқеалар юз берганми? Балким нохуш ҳодисалар ҳам бўлгандир?
– Аслида, биз ҳар бир тўйни эслаб қоламиз, чунки биз учун уларнинг ҳар бири ноёбдир. Албатта, мен илгари айтиб ўтган нохуш ҳолатлар ҳам юз берган.
Мисол учун, мен эндигина тўй ташкилотчиси сифатида ишимни бошланимда, бир неча кутилмган вазиятлар келиб чиққан. Бир тўй пайтида торт қулаб тушган эди. Бошқа бир ҳолатда буюртма берилган торт ўрнига мутлақо бошқаси олиб келинган. Тасодифан этаги босилиб, келиннинг либоси йиртилиб кетган эди. Яна бир келин қаттиқ йиқилиб тушди. Куёв жуда асабийлашди. Ҳар икки ҳолатда ҳам тўй бўлмайди деб ўйлашди.
– Сизнинг фикрингизча, шахсий сценарий бўйича ўтказилган чиройли тўй эр-хотиннинг бундан кейин ҳам бахтли яшашига кафолат бўлиши мумкинми? Оилавий бахт нимага боғлиқ?
– Эр-хотин бундан кейин ҳам бахтли яшашига кафолат йўқ. Албатта ўта чиройли тўйлар кўп бўлган. Шунга қарамай, ёшлар бироз вақтдан сўнг ажрашишди. Лекин, умуман, менинг 6 йиллик ишим давомида биз "уйлантирган" ёшлар жуда бахтли яшашмоқда, болалари ҳам бор. Мен учта ажрашган оилани биламан холос.
Оилавий бахт эр-хотинга боғлиқ: уларда севиш, оила яратиш истаги қанчалик ривожланганига қарайди. Ҳозир ёшлар дарров ажралишга тайёр. Мен бир нарсанинг тарафдориман. Турмуш қуриш бир марта ва абадий бўлиши керак. Бу икки ёшнинг онгли танлови бўлиши керак, улар бир-бирларини ўзлари танлаши лозим. Ота-оналарнинг маслаҳати туфайли бир-бирига жуда мос келадиган ажойиб оилалар ҳам шаклланади.
Изоҳлар мавжуд емас