Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Вақт ўтмоқда, ҳаёт ўзгариб бормоқда. Аёл ва эркаклар бир тилда гапирадиган вақт ҳам келиб қолар. “Ўзбекистон аёллари” лойиҳамизнинг навбадаги қахрамони – бизнес-леди Замира Рахмонова бунга мутлақо амин. “TESTO by Zamira&Co” таъсисчиларидан бири аёлларга бизнес қилиш нақадар мураккаб эканлиги, карантин шароитида ресторан бизнесининг бошидан кечирганлари, қўрқув, дўстлик ва оиладаги ўйғунликлар ҳақида мухбиримизга сўзлаб берди.
Мураккаб бизнес
– Ўзбекистонда бизнес юритиш қийинми?
– Бизнес учун тўғридан-тўғри хавф йўқ. Бизда бизнес қилиш мумкин, буни кўплаб ҳамкасбларимиз ва бошқа тадбиркорлар ҳам тасдиқлаши мумкин. Мен Ўзбекистонда бизнес юритишни башорат қилиб бўлмайди, деб айтган бўлардим. Барча жорий қилинадиган янгиликлар негадир аввалдан ўйланмайди. Масалан, коронавирус билан боғлиқ вазиятни олайлик. Пандемия шароитида янги чоралар қўпол қилиб айтганда, уларнинг кучга киргунига қадар бир неча соат илгари қабул қилинади. Нимадир душанба куни кучга кирса, бу ҳақда шанба ёки якшанба куни кечқурун маълум қилинади. Янги шароитда ишлашга тайёргарлик кўриш учун вақт бўлмай қолади.
Бизнесдаги ноаниқлик – биринчи душман. Бу жуда кўп энергияни талаб қилади. Шунинг учун Ўзбекистонда бизнесни юритиш катта таваккалчилик ҳисобланади. Бўшашиш мумкин эмас, давлат томонидан доимо таранглик берилади, қайсидир ташқи омиллар сезгир бўлиб туришни тақозо этади.
Умуман олганда, давлатимизда бизнеснинг ўзига хос хусусиятлари жуда кўп. Масалан, мен халқаро компаниялар билан ишлаганман. Уларда ҳамма ишлар аввалдан келишилган режа бўйича амалга оширилади. Бироқ, Ўзбекистонда бирор киши билан шартнома тузсангиз, ҳамкорлик жараёнида маълум бир омиллар ўзгариши мумкин. Шунинг учун фавқулотда иш стратегиясига ўзгартириш киритишга тайёр бўлиш лозим. Менимча, бу бозорнинг эмас, балким шарқ менталитетининг хусусиятидир.
- Ижтимоий тармоқларда ҳокимликларнинг ресторан бизнесига бўлган босими ҳақида кўп ёзилади. Сиз бунга дуч келганмисиз?
- Очиқдан-очиқ босим бўмайди. Лекин маҳаллий ҳокимликлар билан турли вазиятлар бўлган. Масалан Шота Руставели кўчасидаги “TESTO”миз кўп нарсани бошидан кечирган: дастлаб баннер бузилди, яқинда эса ҳеч қандай тушунтиришсиз микроиқлимимизни олиб ташламоқчи бўлишди. Шундай ишлардан сўнг бизнес ва давлат бир дарёнинг иққи қирғоғида турибди, деган хулоса қилинади.
Ривожланган давлатларда ҳуқумат кичик ва ўрта бизнесга доим ёрдам бериб келади. Чунки бизнес ғазнага солиқ келтиради, кўп одамларни ишга жойлаштиради. Бундан ташқари, жамоат овқатланиш объектлари туристик соҳанинг бир бўғини бўлиб, хорижликлар учун мамлакат юзидир. Лекин Ўзбекистонда тадбиркорларга гўёки улар қарздор бўлганидек муносабат қилинади. Жамоат овқатланиш жойлари эса биринчи бўлиб зарба остида қолади. Бу албатта кишини ранжитади, чунки давлатга охиригача таянишни истаймиз.
Айни пайтда бизнинг иккита объект жойлашган туман ҳокимлари билан муносабатларимиз яхши. Улар бизга ёрдам беради, тушунади. Лекин назаримда, бизнес ва давлат ўртасидаги муносабатлар азалдан яхши бўлиши керак, бирор-бир воқеа юз берганидан кейингина музокаралар олиб борилмаслиги лозим. Ҳукумат муаммоларимизни тинглай бошлаганини албатта ижобий баҳолаш мумкин.
- Карантин чекловлари даврида қандай ишладингиз? Пандемиядан чиқарган сабоғингиз ижобимийми ёки салбийми?
- Бу албатта синов бўлди. Янги воқеликларга мослаша олишимизни даврнинг ўз синаб кўрди. Пандемиядан фақат салбий тажриба чиқардим, дея олмайман. Жамоамизнинг жипслаша олганини ижобий тажриба сифатида баҳолайман. Инқироз даврида ҳам сафарбар бўлиб, яхши натижа кўрсата олишимизга гувоҳ бўлдим. Тўғри, қийналган жойларимиз ҳам бор. Лекин тизим ўзининг мустаҳкамалигини намоён қилди.
Биринчи карантинда фақат етказиб бериш билан шуғулланганимиз боис, даромаднинг 80 фоизини йўқотдик. Одамлар уйда бўлишгани сабабли, ўзлари уйда овқат тайёрлаб, бизнинг хизматимизга катта эҳтиёж сезишгани йўқ. Бу йил вазият сал яхшиланди, бор-йўғи 30 фоиз даромадни йўқотдик холос. Бу борада реклама ва ишлаб чиқариш харажатларимизни мақбуллаштириб, кўпроқ фойда олишга ҳарақат қилдик.
Мен маркетинг ва пиар учун жавоб бераман. Шунинг учун аудиториямизнинг қўллаб-қувватлаганидан хурсанд бўлдим. Карантин ойларидан бирида оддий даврга қараганда кўпроқ фойда кўришга ҳам муваффақ бўлдик. Бизнинг лойиҳамиз маъқул бўлганлиги боис, одамлар онгли равишда бизга ташриф буюришди. Бизнинг тақдиримиз қайсидир маънода кишилар қўлида эканлигини улар тушунишди. Бу учун мижозларимиздан жуда миннатдорман.
- Лойиҳани ёпиш ҳақида уйлаганмисиз?
- Икки марта бу ҳақида ўйлаганман. Лекин “TESTO” биз учун шунчаки бизнес эмас. Бу нақадар тўғри эканини билмайману, лекин тадбиркор биринчи навбатда математика ва стратег бўлиши керак. Қай даражада лойиҳани севманг, вақти келиб ундан воз кечишга тайёр бўлиш керак.
Биз охиригача лойиҳамиз яшаб кетишига, иш жойларини сақлаш қолишимизга ишондик. Бунинг уддасидан ҳам чиқдик. Аудиториямиз бизга катта ёрдам берди. Наргиза билан бирга ҳеч ҳам тортинмасдан ёрдам сўрадик, муаммоли жойларимизни ошкор қилдик. Шу очиқлик туфайли балким куч ва имкониятларимизни сақлаб қолгандирмиз. Карантин даврида бирор кишини ишдан бўшатмаганимиздан жуда фахрланамиз.
Ҳалоллик тамойилига асосланган TESTO бу шароитда узоққа бормасди. Бизда алккоголь сотилмайди, кальян ишлатмаймиз, қўшимча даромад келтирадиган бошқа манбадан фойдаланмаймиз. Шунинг учун карантин билан боғлиқ воқеалар бизга қаттиқ таъсир қилди. Ҳозир ҳаммаси жойида, умид қиламизки, бу оғир дамлар ортда қолиб кетади, биз эса ишимизни давом этамиз.
TESTO ва муҳаббат
- Айтингчи, TESTO қандай бошланган? Нега айнан чучварани танладингиз?
- Чучвара кўпроқ ўзим билан боғлиқ. Ҳаммаси беш йил илгари бошланган. Мен иккинчи қизимга хомиладор эдим, фаол ишлардим ва менга ёрдам бериш учун онам яримфабрикат маҳсулотлари ва чучвара жўнатиб турарди. Ишқилиб, шундай пайтлар бўлганки, фақат чучвара истеъмол қилишга тўғри келган. Шу тариқа ижтимой тармоқларда чучвара номи билан машҳур бўлдим ва кафе очишни орзу қила бошладим. Қарангки, орзуим рўёбга чиқди ва TESTO олам юзини кўрди. “TESTO” замонавий чучварахонага айланиб, бошқа миллат ва маданиятларнинг бу турдаги таомларини таклиф қила бошладик. Бу ерда японча гедза, грузинча хенкали, италянча равиоли, ўзбекча чучвара таклиф қилинади. Мабодо бир куни келиб, одамлар чучвара ейишни истамай қолишса, хитойча дим сам ёки бошқа таомларга ўтамиз.
- Ҳамкорингиз ва дугонангиз Наргиза Улуғова билан қандай танишиб қолгансиз?
– Биз korzinka.uz.да танишганмиз. Кейинги умумий бизнесимиз дўстлигимизни кучайтирди холос. Кўпчилик бизга қарата: биргаликда иш очманг, албатта аразлашиб қоласиз, деб айтган. Лекин биз дўстлик ва бизнесни қатъий ажратиб қўйганмиз. Иш юзасидан келиша олмаслигимиз мумкин, лекин ярим соат ўтгач, кафеда ўтириб, маза қилиб кулишиб оламиз.
- Чучварахона очганингизда маркетинг ва реклама соҳасида катта тажрибангиз бўлган. Бу тажриба ёрдам берганми ёки умумий овқатланиш бизнеси умуман бошқачами?
– Албатта ёрдам берган, чунки супермаркетлар ва кафелар мижозлари бир –бировига ўхшайди. Коммуникация соҳасида ишлаб туриб, инсоннинг кўнглига йўл топишни ўрганиш мумкин. Аниқроғи, бирор-бир ҳазил ёки интерьердаги ўзгартириш мижознинг компания тўғрисидаги фикрини ижобий томонга қарата олади. Коммуникация жуда катта роль ўйнайди, у орқали официантлар, мижозлар ва ҳаттоки ижтимоий тармоқлар билан тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мумкин. Биз инсон билан коммуникацияга киришишга, унга қулай шароит яратишга интиламиз.
- Сиз ташкил қилган жойнинг номланиши илиқ ва қулоққа ёқимли эшитилади. Илгаридан шундай ўйланганми?
- Албатта оддий чучвара билан кишини ҳайрон қолдириш қийин. Энг мазали чучвара онамиз ёки бувимиз пиширгани ҳисобланади. Ҳар қандай таом аслида мазали бўлиши лозим. Бизнинг таомхона муҳити билан қизиқ. “TESTO”га келган киши тинчланиши керак. Шунинг учун интерьер ёқимли рангларда ишланган. Ажойиб дизайнер Комила Муҳаммад менинг феъл атворимни интерьерда акс эта олган. Мен TESTO каби сокинман, овозимни баланд қилмайман, мулоқотчанман.
Ёрқин ранглар менга ёқмайди. Шунинг учун скандинавиянинг Хюгге услуби тангланган. Бу ҳаёт фалсафаси бўлиб, унга кўра, инсон ўзининг атрофини ёққан кишилар, ёққан буюмлар билан ўраши керак. Мураккаб даврда яшаётганимизга қарамай, сокинлик ва тинчлик муҳитини сақлашга ҳаракат қилдик. Бизга ташриф буюрган хуранда дунёда юз бераётган ёмон ҳодисалар ҳақида ўйламай қўяди.
Албатта, биз барча манбалардан келиб тушаётган фикр ва мулоҳазаларни инобатга оламиз, масалан, ижтимоий тармоқлар, TripAdviser, Google каби коммуникация каналларини ўқиб турамиз. Ҳар ой якунида ютуқ ва камчиликларимизни таҳлил қиламиз.
Аёлга йўл беринг!
- Айтишларича, бизнесга кирган аёл қатъий характерга эга бўлиши керак экан. Лекин Сизга қараб туриб, бундай дейиш қийин. Бизнес Сизни қандай ўзгартирган?
- Тўғри, менг баҳслаша олмайман, ўз нуқтаи назаримни ҳимоя қилишга қийналаман. Лекин ҳаммаси ҳамкорликка боғлиқ. Наргиза – ажойиб ҳамкор, биз турли вазиятларда бир-биримизни тўлдириб турамиз. Қатъиятлилик керак бўлган жойда у ишга киришади, қаердаки юмшоқ қарор керак бўлса, унда мен борман. Агар биз алоҳида бўлганимизда эди, бизнесимиз бу даражада ривожланмаган бўларди. Ҳа, тўғри, қатъий характер бизнесда керак, лекин ҳозирги замонда дипломатия қоидалари ҳам асқотади.
Бизнес кишини ўзгартиради, чидамли ва тиришқоқ бўлишга ўргатади. Бошқача йўл йўқ. Чунки раҳбар бутун бир жамоа учун жавоб беради.
- Нега korzinka.uz билан хайрлашдингиз? Бу мустақил бўлишга интилишми?
– Бу мен учун жуда мураккаб ва оғриқли қадам бўлган. Бир неча ой қийналганман. Мен korzinka.uz, умуман барча иш берувчиларим ва устозларимдан миннатдорман. Лекин шундай бир пайт келдики, мустақил фаолият юритиш лозимлигини тушундим.
Айни пайтда вақтимни тўғри сарфлашга ҳаракат қиламан: дам олишга, болаларим билан мулоқот қилишга, оилам билан саёҳат қилишга кўп вақт сарфлаяпман. Шунингдек, ўқишга ҳам улгураман. Бировнинг қўлида ишлаганда, буларнинг барчасини амалга ошириш қийин. Менга бошқарувчи ва стратег бўлишга ёрдам берувчи ҳамма нарсани ўрганаяпман.
- Бизнесга кирмоқчи бўлганингизда атрофингиздаги эркаклар қандай муносабат билдирган эди?
- Мен билан Наргизага қарата: “Сизга бу нима учун керак? Яхши пул топаяпсиз, нима етишмайди?” деганлар бўлган. Лекин бизнес бизни яхши маънода қайсар қилди, ҳар қандай танқидга амалий иш билан жавоб беришга ўргатди.
- Ўзбекистонлик тадбиркор аёлларга муносабат қандай? Эркак кишининг кўмагисиз бу борада бирор нарсага эришиш мумкинми?
- TESTO масаласида эркак томонидан қўллаб-қувватлаш бўлган. Бизнинг сармоядор эркак эканини ҳеч қачон яширмаганмиз. Ҳаммасига ўзимиз эришдик, деб айтсак –адолатдан бўлмас. Лекин ўз кучи билан юксак марраларга эришган ва дастлабки капиталини қўлга киритган кўплаб аёлларни биламан.
Шундай бўлсада, аёлларнинг бизнес қилиши нисбатан қийинроқ. Дейлик, музокаралар давомида ёки маълум молиявий келишувларни тузишда эркакларга кўпроқ ишонишади. Шунинг учун аёллар эркаклардан кам эмаслигини доим исботлашига тўғри келади. Мен каби юмшоқ характерли аёлларга икки карра мушкул.
Аёлнинг жой ошхонадами?
- Блогер сифатида аёлларнинг муаммолари ҳақида кўп ёзасиз. Лекин билишимизча, ўзингизни феминистлар қаторига киритмагансиз. Бунга нима дея оласиз?
– Менда соғлом феминизм бор. Бунинг тарафдори бўлган кўплаб танишларим ҳам мавжуд. Айрим нарсаларга кўзимни очгани учун улардан миннатдорман. Мавзуга оид турли адабиётларни ўқиб тураман. Коммуникация ва маркетинг тизимида ишлашим учун ҳам бу мавзу менга қизиқ. Янги йўналиш ва оқимларга қизиқмасдан туриб, коммуникация соҳасида яхши мутахассис бўла олмайсиз. Икки қизим борлиги учун ҳам феминист бўла олмайман.
Дарвоқе, Наргиза ва менинг ўртамиздаги бизнес ижтимоий қиёфага эга. Биз аёлларни фаол қўллаб-қувватлаймиз, чунки уларга нафақат бизнесда, балким умуман ҳаётда осон эмас. Аёлларга нисбатан зўравонлик, адолатсизликлар ҳақида кўплаб янгиликларни эшитамиз. Шу боис аёлларга кўмак кўрсатиш учун коммуникация қиламиз, бизнеснинг аёлларга ёрдам бера олиши ҳақида тақдимотлар уюштирамиз.
- Ҳозирги пайтда кишилар, аввалом бор эркаклар бирор-бир каттароқ нарсага интилаётган аёлларни танқид қилишади. Нима деб ўйлайсиз – аёлнинг жойи ошхонадами?
- Мутлақо йўқ. Бундай гапларни эшитсам, жуда ранжийман. Буларнинг барчаси кўп йиллар давомида жамият томонидан ўйлаб топилган ролли моделлар ҳисобланади. Назаримда, биз бу каби стереотиплардан қутулишимиз керак. Аёллар жамиятнинг 50 фоизини ташкил қилади. Шунинг учун кимдир томонидан ўйлаб топилган қоида бўйича яшаш адолатсиздир.
Аёл ҳеч кимга мажбур эмас. У фақат битта нарсага – бахтли бўлишга мажбур. Уни нима бахтли қилишини ҳам аёлнинг ўзи танлаши керак. Масалан бир пайтлар, яъни – 10-15 йил аввал мен учун катта бахт - бу оналик бўлса, айни пайтда лойиҳаларим, бизнес, коммуникациялар мени бахтли қилмоқда.
Аслида биз эркаклар дунёсида яшаймиз. Бу ҳақда “Кўринмас аёллар” номли китобда батафсил айтилган. Бу китобда келтирилган рақамлар биз эркаклар қурган дунёда яшаётганимиз, эркаклар ёзган ҳикояларни ўқиётганимизни исботлайди.
- Сизнингча, нима учун айрим эркаклар аёлнинг касбий жиҳатдан ўсишига қарши? Бу масалада Ўзбекистонда ўзгариш борми?
– Агарда аёл уй бекаси бўлишдан бош тортиб, эркак-овчи билан баравар бўлишни истаб қолса, бу кўп асрлар илгари ўрнатилган ҳаёт қоидаларига зид бўлади. Лекин ўйлайманки, буни вақт тузатади. 60-70 йил аввал аёлларнинг марафонда юугуриши тақиқланган эди. Ўша пайтларда аёл бўлғуси она, узоқ югуриш унинг организмига салбий таъсир кўрсатади, деб ўйланар эди.
Жамиятимиз ўзгармоқда, лекин бу каби ўзгаришлар тезда юз бермайди. Бу жуда нозик масала. Шунинг учун кутиш керак. Мен ўша кунларга етмасамда, иймоним комилки, балким қизларим, балким невараларим эркак ва аёллар бир тилда гаплашадиган жамиятда албатта яшайди.
- Бугунги кун ота-оналари ўз қизларига нима бериши керак?
– Ота-оналик ўта субъектив масала, бунга аниқ жавоб бериш қийин. Ҳар-бир ота-она тарбиянинг ўз йўлини танлайди. Мен жуда либерал онаман, болаларимга ёқмайдиган ишни қилишга мажбурламайман. Агарда қатта қизим планшетда мултфильм ясаса, мен унга қаршилик қилмайман. Ўртамизда катта ишонч бор.
Биз қизларимизда тўқлик ва ўз-ўзига ҳурматни тарбиялаймиз. Буни айримлар худбинлик деб баҳолаши мумкин. Лекин ўйлайманки, бирор бир ўзингизга ёмқайдиган ишни бажармаслик худбинлик эмас, аксинча – ўзига бўлган ҳурмат белгиси. Қизларга ҳаётда осон бўлмайди, улар доимо ўғиллардан кам эмаслигини иботлашига тўғри келади.
Афсуски, биз шундай дунёда яшаяпмиз. Лекин мен аминманки, қизларни ўзига тўқ қилиб тарбияласак, улар эртага жамият (қариндошлар, қўшнилар, иш берувчилар)нинг фикрига мослашишга мажбур бўлмайди, ўзи учун қизиқ бўлган нарсалар билан шуғулланади. Энг муҳими, уларни ҳеч ким қўллаб-қувватламасада, биз ота-оаналар доимо ёрдам қўлини чўзамиз.
Иш оилага халақит бермайди....
– Оилавий фаровонликинг сири нимада?
- Қани эди билсам! Умуман, тажриба шуни кўрсатадики, инсон ичида аҳиллик бўлмагунча оилада аҳиллик бўлмайди. Турмуш ўртоғим билан 11 йилдан ортиқ биргамиз, икки нафар фарзандли бўлдик. Муносабатларимизда бир неча инқирозни бошдан кечирди. Эҳтимол, эр-хотин вақт ўтиши билан ўзгариб туришини тушуниш муҳимдир, улар ҳар доим ҳам бир-бирига муҳаббат қўйган йигирма ёшли бола бўлиб қола олмайди. Балким, муваффақиятли турмуш учун доимо бир-бирини ўрганиш керакдир.
Уй юмушларини бажаришдан кўра пул топишни яхшироқ бажарадиган бўлсам, бунинг нимаси ёмон? Менинг танлов ҳуқуқим бор. Эрим қизларим билан вақтини мазмунли ўтказишга ҳаракат қилади. Мен йўқ пайтимда улар биргаликда музейларга ташриф буюришади ва ҳоказо. Қизлар отанинг иттифоқдош эканини сезиши муҳим.
Мен ва турмуш ўртоғим ўзимизга ёқадиган иш билан машғулмиз, фарзандларимиз ҳақида бир хил ғамхўрлик қиламиз, келишиб олиб, бир-бировимизга дам олиш учун имкон берамиз. Оиламнинг мароқ билан овқатланиши учун ўз қўлим билан мазали таом пишираман. Агарда бу учун вақт ёки кучим қолмаса, “Экспресс-24” иловасидан фойдаланаман, ҳеч бўлмаганида кўчага чиқиб, KFC сотиб олишим мумкин. Эримнинг ҳам бизга ғамхўрлик қилиши унинг эркак бўлгани учун эмас, балким бизни чексиз севиши учундир. Қачонки эр-хотин ўртасида ҳамкорлик муносабатлари шаклланган бўлса, эътирозга ўрин қолмайди.
- Ўтмишда ота-онангиз Сизни бошқа давлатда ривожланишингизни маъқул билишган. Балким, фарзандларингизга хорижда қулайроқ бўлар?
- Бу биз учун жуда оғриқли масала. Бир томондан, ота-она сифатида болаларнинг ҳаётини яхшилашни ўйлаймиз. Агарда бирорта хорижий ОТМда таҳсил олиш имкони бўлса, биз албатта бундан фойдаланамиз. Бошқа бир томондан - фарзандларим Ўзбекистонни – ўз Ватанини жуда севишади. Улар шу ерда қолишни исташса, нур устига аъло нур бўлади.
- Иккиланиб турган ёш қизларга нима маслаҳат берган бўлардингиз: оила муҳимми ёки касбий ўсишми? Барқарор ойлик маошга рози бўлиб яшаш керакми, ёки янгиликка интилиши лозимми?
– Ўткинчи тушунчалар орқали фикр юритмасликни тавсия қилардим. Кўплаб қизларнинг фикрича, 20 ёшга турмушга чиқмаса, 30 ёшгача карьера қилмаса – бу билан ҳаёти тугаб қолади. Бу вақт чекловлари ўсишга халақит берадиган психологик тўсиқларни келтириб чиқаради.
35 ёшдан кейин она бўлган, 40 ёшдан кейин шахсий бизнесини барпо қилган, 50 ёшдан кейин бошқа давлатга кўчиб, янги ҳаётини бошлаб юборган қанчадан-қанча аёлларни биламан. Бирор нарсани бошлашга ҳеч қачон кеч эмас.
Масалан, менинг олий маълуморти йўқ. Лекин ишончим комилки, 40 ёки 50га кирсамда, барибир олий маълумотли бўламан. “Ёшим ўтди, 18-20 ёшли болалар билан бир парта ортида қандай ўқийман”, - деган фикр умуман менда йўқ. Мен ўз устимда фаол ишлайман, юқорида айтиб ўтилган қўрқувлардан қутулганман, ўзимни вақт кўрсаткичларидан озод қилганман. Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор.
Изоҳлар мавжуд емас