Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Beeline собиқ Совет Иттифоқининг тўрт давлати - Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва Қирғизистон учун ягона SIM -карталар чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақида Beeline Uzbekistan Бош директори Сергей Афониннинг сўзларига ҳавола қилиб, мухбиримиз хабар бермоқда.
"Барча ўзбек операторлари орасидаги роуминг нархларимизни ҳисоблаб чиқдик. Бошқаларга нисбатан нархларимиз бир неча баробар арзон экан. Шунга қарамай, уларнинг жуда қиммат эканлигини тан оламиз. Биз жорий йилда роуминг нархини пасайтирамиз. Бу кейинги икки ой ичида амалга ошади. Аммо биз учун ўтган йилнинг 4 декабридан бошлаб Ўзбекистонда йўлга қўйилган бошланғич лойиҳа асосий ҳисобланади”, - деди у.
Афониннинг сўзларига кўра, ҳозирнинг ўзида Beeline Uzbekistan офисларида иккита рақамли битта СИМ-карта - бири Ўзбекистон учун, иккинчиси Россия учун сотиб олишингиз мумкин.
"Сиз дейлик Ўзбекистонда уландингиз. Россияга келишингиз биланоқ, USSD сўрови орқали хабарнома келади ва автоматик равишда чекловчиз бошланғич лимитга эга Beeline абонентига айланасиз. Кейинчалик ўзингизга мос келадиган исталган тарифга ўтишингиз мумкин ва Россиянинг оддий абонентига айланасиз. Ҳозирча бу Россиянинг Beeline компанияси билан амалга оширилди. Келгусида Қирғизистон ва Қозоғистонда шунга ўхшаш лойиҳани тадбиқ этмоқчимиз. Биз тўртта давлатни роумингсиз зонага бирлаштириш ниятидамиз ", - деди у.
Шунингдек унинг таъкидлашича, компания мазкур чорани биринчи навбатда ишга борадиган одамлар, яъни мигрантларга қулайлик яратиш учун амалга оширган.
"Ҳозирча бу дастлабки лойиҳа ҳисобланиб, Ўзбекистондан ташқарида учинчи шахсларга маълумотларни узатиш билан боғлиқ айрим чекловлар мавжуд. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон қонунчилигига тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг тўлиқ ишлай олади. Бу хусусан, "Шахсий маълумотлар тўғрисида"ги қонун ва операторларнинг лицензион мажбуриятларига оид ўзгартиришларга тегишлидир”, - деди Афонин.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ўзбек регулятори (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги) ушбу лойиҳа натижаларини ўрганмоқда.
"Улар қандай бошқарилаётгани ва қанчалик шаффофлигини кузатишмоқда. Агар ҳаммаси яхши бўлса, бу ташаббусни тезда кенгайтира оламиз. Биз буни жорий йилда амалга оширмоқчимиз",- дея хулоса қилди у.
Изоҳлар мавжуд емас