Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. UZIMEI тизими фирибгарлар нишонига айланди. Фойдаланувчилар кимдир ноқонуний равишда уларнинг паспортлари бўйича телефонларни рўйхатга қўяётганидан шикоят қилишмоқда. Бу ҳақида мухбиримиз хабар берди.
Эслатиб ўтамизки, тизимнинг моҳияти шундан иборатки, хориждан телефонларни олиб киритувчи компания ёки алоҳида шахс ҳар-бир қурилма учун 44 дан 55 минг сўмгача пул тўлаб, уларни UZIMEI тизими операторида мустақил рўйхатдан ўтказиши керак.
Тизим муаллифларининг фикрича, бунинг натижасида Ўзбекистонга смартфон ёки планшетларни контрабанда қилишни чеклаш имкони пайдо бўлади, чунки рўйхатга олинмаган қурилмалар бу ерда ишламайди. Бундан ташқари, ўғирланган ёки йўқолган смартфонни блоклаш мумкин бўлади.
Тизимни жорий этиш 2019 йилнинг 1 апрелидан бошланди. Биринчи босқичда ўша пайтда Ўзбекистонда фойдаланилган барча мобил телефонлар автоматик равишда бепул рўйхатдан ўтказилган эди. Бир неча ой ичида мамлакатда 30 миллионга яқин қурилма рўйхатга олинган. 1 декабрь куни эса иккинчи босқич бошланиб, рўйхатга олиш пуллик бўлди.
Яқинда ижтимоий тармоқларда хориждан олиб келган ёки жўнатилган телефонларини рўйхатдан ўтказишга уринган фойдаланувчилардан шикоятлар кела бошлади. Рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилганда, уларнинг паспортига номаълум телефонлар рўйхатга олинганлиги аниқланган.
"20 август куни дадам Кореядан чартер орқали келди. Кеча телефонни рўйхатдан ўтказиш учун у почтага борган. Бироқ, у ерда аллақачон унинг номига қурилма рўйхатга олинганлиги айтилган. Қариндошларимиздан ҳеч бири дадамнинг паспорт маълумотларидан фойдаланиб, ўша кунлар телефонни рўйхатдан ўтказмаган. Дадам Яшнобод туман ИИБга борганида, у 58 -сонли ҳарбий шаҳарчага жўнатилган, у ерда бундай ҳолатлар учун махсус бўлим бор. Маълум бўлишича, хориждан келган бундай жабрланганлар кўп экан. Улар аризани қабул қилишмаган, бироқ аэропорт хавфсизлик хизмати раҳбарига ёзишни маслаҳат беришган. Дадам хатни ёзиб, почта орқали жўнатган. Қандай қилиб сохта рўйхатга олишни бекор қилиш мумкин? Нима сабабдан телефон бошқа киши номига қайд қилинар экан?",- деб ёзмоқда фойдаланувчилардан бири.
Шунингдек, унинг таъкидлашича, компаниянинг бу йўналишдаги сиёсати кўплаб саволлар туғдирмоқда. Мисол учун, нима учун бошқа бировнинг маълумотларидан фойдаланиб телефонни улаши мумкину, рўйхатга олишни бекор қилиб бўлмайди?
"Фақат Ўзбекистонда республика фуқаросининг шахсий паспортига эга бўла туриб, ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаслик ва шахсни тасдиқловчи ушбу ҳужжатга алоқасиз бўлиш мумкин. Масалан, бир киши Тошкентга чартер рейси билан келган, фирмага пул тўлаган, меҳмонхонада карантидан ўтган ва табиийки, паспортини меҳмонхона рўйхатхонасига топширган. Карантин тугаганидан кейин телефонни UZIMEI.UZ тизимида рўйхатдан ўтказиш керак бўлганида тизим рўйхатдан ўтказмаган. Сабаби – мазкур паспортга бошқа қурилма рўйтга олинган бўлган", - деб ёзади яна бир ўзбекистонлик.
UZIMEI идорасига расмий мурожаатдан сўнг у яна ИИБга юборилган. У ерда эса қайтадан UZIMEI га йўналтиришган.
"UZIMEI.UZ идорасининг расмий вакилига паспорт билан мурожаат қилиш фойда бермади. Паспорт маълумотларини ўғирлаган шахс паспорти эгасига нисбатан кўпроқ ҳуқуқларга эга. Ахир бу бемаънилик эмасми? UZIMEI.UZ тузилганида фақат пул ва фойда ҳақида ўйланган. Бироқ, идоранинг ҳуқуқий мақоми ва истеъмолчиларни фирибгарликдан ҳимоя қилиш ҳақида ҳеч кимнинг боши қотмаган", - дейди фойдаланувчи.
UZIMEI компанияси бу ҳолат юзасидан ўзининг Facebook даги саҳифасида шарҳ бериб, "Шахсий маълумотлар тўғрисида"ги қонундан кўчирма келтирган. Унга кўра, "Шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади. Шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 46-моддаси(2), Жиноят кодексининг 141-моддасида(2) жавобгарлик назарда тутилган."
Шунингдек, компания алданган фойдаланувчиларга ушбу масала бўйича батафсил маълумот олиш учун тизим операторига info@uzimei.uz электрон почта манзили орқали хат жўнатиш ва фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлимига шахсан мурожаат қилишни таклиф қилган.
Демак, мамлакатда бутун бир фирибгарлик тармоқ фаолият олиб бораётган экан. Мамлакатга телефонларни ноқонуний олиб кирган одамлар қаердадир ўзбекистонликларнинг паспорт нусхаларини олиб, уларга "чапдан олинган" уяли телефонларни рўйхатдан ўтказишмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу масалага жиддий бош қотириши керак. Зеро, нафақат шахсий маълумотларни ўғирлаш, балки бундан ҳам оғирроқ оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган фирибгарлик ҳақида гап кетмоқда. Масалан дейлик, ноқоний келтирилган қўл телефонларидан бири жиноят пайтида ишлатилса ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари паспортига телефон рўйхатдан ўтказилган фуқаро эътироз билдиришсачи? Бу ҳолатда жиноятга даҳли йўқлигини қандай исподлаш мумкин? Яна бир қизиқ савол: мамлакатда ҳеч нимадан хабари бўлмаган канча фуқаро номига бундай телефонларни рўйхатга олган бўлса?
Изоҳлар мавжуд емас