Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон ўз фуқароларининг шахсга доир маълумотларини республика ҳудудида сақланишини таъминлаш учун Facebook, Google ва Яндексга хатлар юборган. Мухбиримиз хабар беришича, улардан ҳозирча жавоб келмаган.
“Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларни жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда йиғилиши ва сақланишини таъминлаш мақсадида хорижда фаолият юритаётган “Facebook Inc.” (Facebook Messenger, Instagram, WhatsApp), Google (Google Messenger, YouTube), Mail.ru (Вконтакте, Одноклассники), Microsoft Skype, Telegram, Tencent Wechat, TikTok, Twitter, Yandex (Яндекс.такси, Яндекс.карты, Яндекс.мессенжер, Яндекс.деньги) компанияларига қонунчилик талабларини бажариш ҳақида мурожаат хатлари юборилган”, - дея маълум қилмоқда парламентнинг қуйи палатаси.
Ўзбекистонда апрель ойининг ўрталарида қонунчиликка оид янги ўзгаришлар кучга кирди. Жумладан, "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида" ги қонунга янги 27-1-модда (Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлашнинг махсус шартлари)си жорий этилди.
Унда айтилишича, “ижтимоий тармоқлар ва интернет компаниялар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришда ушбу маълумотларни жисман юртимиз ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда базаларда йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши ҳамда шахсга доир маълумотлар базалари Давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши шарт”.
Парламент аъзоларининг қайд этишича, қонун нормаси кучга кирганига 1 ой бўлган бўлсада, кўзга кўринадиган натижаларга эришилмаган.
Депутатларнинг фикрича, қонунчилик ҳужжатларига бундай нормаларнинг киритилиши авваламбор фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат.
Бундаш ташқари, уларнинг айтишича, сўнгги йилларда юқорида номлари келтирилган ижтимоий тармоқлар ва интернет компанияларга турли хил кибер ҳужумлари уюштирилиб келинмоқда. Бунинг натижасида миллионлаб инсонлар, қолаверса Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари ҳам ўғирланмоқда. Фуқароларимизнинг паспорт маълумотларига ноқонуний тарзда эга бўлаётганлар ушбу маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши хавфи ортмоқда.
Бироқ, техник воситаларнинг Ўзбекистон ҳудудига кўчирилиши шахсга доир маълумотларнинг хавфсизлигини оширишга қандай таъсир кўрсатиши парламент аъзолари томонидан тушунтирилмади.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас