Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШнинг Теҳрондаги виртуал элчихонаси 6 февраль куни шошилинч баёнот билан чиқиб, ўз фуқароларини "ҳозироқ Эронни тарк этиш"га чақирди. Бу огоҳлантириш нафақат мамлакат ичидаги хавфсизлик чораларининг кучайиши, балки Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги ҳал қилувчи музокаралар олдидан юзага келган қалтис вазият билан изоҳланмоқда.
Эрон бўйлаб хавфсизлик чораларининг кучайиши, йўлларнинг ёпилиши, жамоат транспортидаги узилишлар ва интернетнинг ёппасига блокланиши давом этмоқда. Ҳукумат нафақат мобил, балки стационар ва миллий интернет тармоқларига киришни ҳам чеклаб қўйган. Шу билан бирга, авиакомпаниялар Эрон йўналишидаги парвозларни бекор қилаётгани сабабли, АҚШ фуқароларига мамлакатни қуруқлик орқали — Арманистон ёки Туркия йўналишида тарк этиш тавсия қилинмоқда.
Агар Эронни тарк этиш имкони бўлмаса, фуқаролардан хавфсиз бинода паноҳ топиш, озиқ-овқат, сув ва дори-дармон захирасини жамлаш сўралган. Икки фуқароликка (АҚШ ва Эрон) эга шахсларга алоҳида эслатма берилган: Эрон ҳукумати икки фуқароликни тан олмагани сабабли, улар мамлакатдан фақат Эрон паспорти билан чиқиб кетишлари мумкин.
Чегаралардаги ҳолатга кўра, айни дамда Арманистон (Агарак/Нордуз) ва Туркия билан чегарадаги учта ўтиш пункти очик ва АҚШ паспортига эга шахслар учун визасиз режим амал қилмоқда. Туркманистон йўналиши фақат олдиндан махсус рухсатнома билан очиқ, Озарбайжон билан қуруқлик чегаралари эса оддий ҳаракатланиш учун ёпиқлигича қолмоқда.
Аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон расмийларини ядровий қуролдан воз кечиш бўйича янги келишув тузишга чақирганди ва акс ҳолда "кескин чоралар" кўрилишидан огоҳлантирганди. Теҳрон эса ҳар қандай агрессияга кучли зарба билан жавоб беришга тайёрлигини маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас