Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. 1 октябрь куни кечқурун Эрон Исроилни оммавий бомбардимон қилди ва мамлакат томон юздан ортиқ ракеталарни учирди. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари Корпуси (ЭИИҚК) ҳужумни Ҳизбуллоҳ ва ХАМАС гуруҳлари раҳбарларининг ўлими учун қасос деб атади. Исроилда уларга жавоб билан таҳдид қилди. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Портлашлар Тель-Авив ва Қуддусда эшитилди. Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) аҳолини бошпанадан чиқмасликка чақирган. Мамлакатда ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими ишлагани ва ракеталар уриб туширилгани айтилган.
Маҳаллий вақт билан соат 20:30да Исроил армияси хавф бартараф этилгани ва бошпаналаридан чиқиш мумкинлигини эълон қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 180 та ракета учирилган. Зарбадан Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғида жойлашган Ғазо секторида яшаган шахс вафот этган. Икки исроиллик енгил жароҳатлар олган.
Исроил мудофаа армияси матбуот атташеси Даниел Хагари зарбадан кўп ўтмай, брифингда қурбонлар ҳақида ҳали маълумот йўқлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, зарбалар давомида Исроилнинг марказида ва жанубида бир нечта ракета тушган.
Шунингдек, Хагари ушбу ҳужум “оқибатларга олиб келишини” таъкидлаган, аммо Исроил айнан нимани ва қачон амалга оширилишини аниқ айтмаган.
Эрон баёноти
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари Корпуси берилган ракета зарбаси ўтган ҳафта Исроилнинг Бейрутга қилган зарбаси натижасида Ҳизбуллоҳ раҳбари Ҳасан Насруллонинг ўлими, шунингдек, Теҳрондаги портлашда ХАМАС раҳбари Исмоил Ханиянинг вафотига жавобан амалга оширилганини айтган.
ЭИИҚКнинг маълум қилишича, агар Исроил “жавоб қайтарса”, унда “янада ҳалокатли ҳужум” бўлади.
Тунги ҳужум ҳақида буйруқ берган Эроннинг Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоменеи Х тармоғида иврит тилида Исроилга янги ва ундан ҳам кучли зарбаларни ваъда қилган.
Эрон президенти Масуд Пезешкиан ҳам Х тармоғида фикр билдирган. Унинг ёзишича, бу зарбанинг мақсади Эрон можарони хоҳламаслигини, балки ўз манфаатларини ва фуқароларини ҳимоя қилишга тайёрлигини Исроилга кўрсатишдан иборат бўлган.
Пезешкиан бу зарба билан Эрон ўз имкониятларининг фақат бир қисмини кўрсатганини айтган ва "Эрон билан зиддиятга борманг!", -дея огоҳлантирган.
Изоҳлар мавжуд емас