Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мамлакат армияси штаб бошлиғи, генерал Марули Симанжунтакнинг маълум қилишича, Ғазога борадиган 8 минг аскар машғулотларни аллақачон бошлаб юборган. Ҳарбийлар Ғазода асосан тиббий ёрдам кўрсатиш ва муҳандислик ишлари билан шуғулланиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу ташаббус АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан ўтган ойда эълон қилинган Тинчлик кенгаши фаолияти доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур кенгаш БМТ Хавфсизлик Кенгаши мандатига асосан Халқаро барқарорлаштириш кучларини ташкил этиш, Ғазо чегаралари хавфсизлигини таъминлаш ва ҳудудни қуролсизлантириш вазифаларини ўз зиммасига олган.
Индонезия АҚШ воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувининг иккинчи босқичи доирасида Ғазога қўшин киритишга тайёргарлик кўраётган биринчи давлатга айланади.
Индонезия Президенти Прабово Субианто дунёдаги энг йирик мусулмон давлати сифатида Ғазода барқарорлик ўрнатишда иштирок этиши зарурлигини таъкидламоқда. Гарчи мамлакат ичидаги баъзи исломий гуруҳлар АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлаётгани сабабли ушбу қарорни танқид қилаётган бўлса-да, Субианто бу қадам Фаластин–Исроил можаросини "икки давлат" тамойили асосида ҳал этишга хизмат қилишини билдирган.
Исроилнинг "Кан" телеканали хабарига кўра, Ғазо жанубидаги Рафаҳ ва Хон Юнис шаҳарлари оралиғида Индонезия армияси учун казармалар қурилишига махсус ҳудуд ажратилган. Туркия ва Покистон каби бошқа мусулмон давлатлари ҳам қўшин юбориш масаласини кўриб чиқмоқда, бироқ улар фақат тинчликпарварлик миссияси билан чекланиб, ХАМАС гуруҳини қуролсизлантириш жараёнига аралашмасликларини маълум қилишган.
Олдинроқ ХАМАС сиёсий партия сифатида тан олиниши учун қуролларни топширишга тайёрлиги ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас