Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида жума намози вақтида содир бўлган кучли портлаш оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди, 80 дан ортиқ инсон турли даражадаги жароҳатлар олди. Ҳужум пойтахтнинг Шеҳзод Таун ҳудудидаги шиалар масжидида юз берган.
Воқеа жойидан олинган маълумотларга кўра, портлаш намозхонлар энг кўп тўпланган вақтда содир бўлган. Ҳозирда Исломободнинг барча йирик шифохоналарида фавқулодда ҳолат эълон қилинган бўлиб, қутқарув жамоалари ва тиббиёт ходимлари жароҳатланганларга ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этилган.
Полиция ва махсус хизматлар воқеа жойини қуршовга олиб, суриштирув ишларини бошлаб юборган. Ҳозирча дунёнинг ҳеч бир террорчилик гуруҳи ушбу қонли хуруж учун масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ.
Ушбу ҳодиса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга амалга оширган давлат ташрифи якунланиши ва Исломободда хавфсизлик чоралари кучайтирилган бир вақтда юз берган.
Эслатиб ўтамиз, бугун эрталаб АҚШ ҳам қўшни Эрон ҳудудидаги кескинлик туфайли ўз фуқароларини минтақани тарк этишга чақирган эди.
Пойтахтда ва бошқа йирик шаҳарларда хавфсизлик чоралари энг юқори даражага кўтарилган.

Изоҳлар мавжуд емас