Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 13 июнга ўтар кечаси Исроил "Rising Lion" деб номланган операция доирасида Эрондаги ҳарбий ва ядровий обектларга бир қатор ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Ҳужум нишонлари Натанздаги ядровий марказ ва Исфаҳондаги ишлаб чиқариш, Теҳрондаги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) штаб-квартираси, шунингдек, ҳарбий ва турар-жой объектлари бўлган. Ҳаммаси бўлиб олтита портлаш юз берди.
Эрон ҳукумати ҳаво ҳужумлари портлашлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ишлаши билан бирга содир бўлганини тасдиқлади ва ҳужум қайтарилганини маълум қилди. Шу билан бирга, Эрон оммавий ахборот воситаларида ИИҚК генераллари, жумладан, ИИҚК қўмондони Ҳусайн Саламий ва Бош штаб бошлиғи Муҳаммад Багерий, шунингдек, икки нафар ядро мутахассиси ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу маълумот ҳали тасдиқланмади.
Эрон расмийлари Исроилнинг ҳаракатларини "ҳарбий тажовузкорлик ҳаракати" деб атади ва бунга жавобан "қаттиқ ва ўз вақтида жавоб беришга" ваъда берди. Ўз навбатида Исроил ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилиб, захирадагиларни сафарбар қилмоқда. Мамлакат ҳаво ҳудуди ёпилган, армия тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху зарбалардан мақсад Исроил учун "хавфни бартараф этиш" бўлганини ва операция "қанча керак бўлса, шунча кун" давом этишини айтди.
АҚШ операцияда иштирок этмаганини ва Исроилни тўғридан-тўғри ҳарбий қўллаб-қувватламаганини айтди, бироқ улар олдиндан хабардор қилинган. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатларни кескинликни пасайтиришга чақирди. Доналд Трамп эса Эрон жавоб зарбаси берган тақдирда Исроилни ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди.
Эслатиб ўтамизки, бир кун аввал АҚШ ва Эрон ўртасида ядро дастури бўйича навбатдаги музокаралар муваффақиятсизликка учрагани маълум бўлганди. Бунинг фонида АҚШ Давлат департаменти Ироқ ва Кувайтдаги элчихоналар ходимларининг бир қисмини эвакуация қилишни бошлади. Шу билан бирга, Wall Street Journal Исроил Эронга қарши ҳарбий операцияга тайёргарликни якунлагани ҳақида хабар берди. Теҳрон, ўз навбатида, зарба берилган тақдирда "зудлик билан ва ҳалокатли" жавоб беришни ваъда қилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас