Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Исроил ва "Ҳизбуллоҳ" ҳаракати ўртасидаги келишув битими бугун, 27 ноябрда кучга киради. Бу ҳақда АҚШ президенти Джо Байден маълум қилган ва келишувга Вашингтон воситачилигида эришилганлигини таъкидлаган. АҚШ келишув узоқ муддатли бўлишига ва минтақадаги вазиятни барқарорлаштиришга умид қилмоқда.
Келишув шартларига кўра, "Ҳизбуллоҳ" қуролланишни тўхтатиши ва Исроилга қилинадиган ҳар қандай ҳужумлардан ўзини тийиши шарт. Ҳаракатнинг қуролли тузилмалари чегарадан камида 30 километр масофада, Литани дарёсидан ташқарига олиб чиқилиши керак.
Ўз навбатида, Исроил 60 кун ичида ўз қўшинларини Ливан жанубидан олиб чиқишни ўз зиммасига олади, шундан сўнг бу ҳудудлар Ливан армияси назорати остига ўтади. Ливан ҳарбий кучлари "Ҳизбуллоҳ"нинг озод қилинган ҳудудларга қайтишини олдини олишлари керак.
Бундан ташқари, Исроил агар "Ҳизбуллоҳ"ни қуроллантириш билан боғлиқ ҳар қандай объектлар унинг назорати остида пайдо бўлса, уларни йўқ қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Эришилган келишувларни амалга ошириш учун АҚШ бошчилигидаги халқаро қўмита тузилади ва вазиятни назорат қилади.
Эслатиб ўтамизки, Исроил ва "Ҳизбуллоҳ" ўртасидаги жанглар октябрь ойида, Исроил Жанубий Ливанга қуруқликдаги ҳужумини бошлаганида авж олган эди. Можаро жиддий вайронагарчиликларга ва кўплаб қурбонларга, шу жумладан тинч аҳолининг жабрланишига олиб келди.
Изоҳлар мавжуд емас