Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. ХХР Давлат кенгашининг тарифлар бўйича комиссияси Америка товарларига жавоб божини 34 фоиздан 84 фоизга оширишга қарор қилган. Янги ставка 10 апрелдан кучга киради. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Ушбу хабарни ХХР ҳукуматининг "Синьхуа" расмий ахборот агентлиги маълум қилган.
Ўтган ҳафта АҚШ қарши чоралар доирасида Хитой товарларига 34 фоизлик импорт божи жорий этилишини эълон қилди. Бунга жавобан Хитой Америка маҳсулотларига худди шундай бож белгилади. Кейинроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Пекиннинг жавобини хато деб атади ва 50 фоизлик қўшимча бож жорий қилди. Натижада амалдаги 20 ва 34 фоизли божларни ҳисобга олган ҳолда умумий ставка 104 фоизни ташкил этди.
Бунга жавобан Пекин симметрик қарор қабул қилиб, АҚШдан импорт божини 84 фоизга кўтарди.
Хитой томонининг баёнотида қайд этилишича, АҚШнинг ҳаракатлари хато бўлиб, унинг ортидан янги хато эргашади. Пекин бу чоралар Хитойнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказади, кўп томонлама савдо тизимига раҳна солади ва жаҳон иқтисодиёти барқарорлигига таъсир қилади, деб ҳисоблайди.
"Хитой АҚШни зудлик билан нотўғри амалиётдан воз кечишга, Хитойга қарши барча бир томонлама божларни бекор қилишга ва келишмовчиликларни ўзаро ҳурмат асосида тенг ҳуқуқли мулоқот йўли билан ҳал қилишга чақиради," - дея таъкидланади хабарда.
Эслатиб ўтамизки, Доналд Трамп жорий қилган импорт божларининг молиявий оқибатлари у учун кутилмаганда оғриқли бўлди. Forbes журналининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ президентининг бойлиги янги тарифлар эълон қилинганидан бир неча кун ичида 500 миллион долларга камайган.
Изоҳлар мавжуд емас