Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Фудсуратчи у ёки бу таомни расмда нақадар акс эттириша олиши ресторан ҳамда кафенинг хўрандалар орасидаги оммабоплигини таъминлай олади. Реклама ҳукм сураётган бир даврда яхши ошпазнинг саъй-ҳаракати етарли бўлмайди. Таом – тарғиботга муҳтож товар ҳисобланади. Бу борада ресторан эгаларига профессионаллар кўмак беради.
Ўзбек таомларини суратда акс эттириш, Тошкентда яхши суратга олувчи мутахассис бор ёки йўқлиги, харассмент, блогерлик ва кучли аёл психологияси ҳақида Тошкентнинг таниқли фудсуратчиси Рината Купаева билан суҳбатлашдик.
Фотоаппарат объективидаги таъм
Бир нарсани тушуниш муҳимки, фудсуратчи сеҳргар эмас. Агарда таомнинг ўзи жозибадор бўлмаса, уни чиройли тарзда расмда кўрсатишнинг иложи йўқ. Шундай бир пайтлар бўлганки, “Бас, энди фақат бежирим тортлар билан ишлайман!”,- деганман. Афсуски, биз айтганимиз бўлавермас экан. Мастава, ҳолва, хуллас ташқи кўриниши унчалик ҳам зўр бўлмаган егуликларни суратга олишга тўғри келади. Шунинг учун касбий ҳийлалардан фойдаланамиз.
Миллий таомларимиз ошқозонимиз учун оғирлик қилади. Бундан ташқари, айрим егуликларни фотосуратда кўрсатиш жуда мураккаб. Ёғли ва суюқ ўзбек таомлари шулар сирасига киради. Ёғни косадан қошиқ билан олиб ташлашга тўғри келади.
Уйда бирор марта котлета қовурганмисиз? Унинг кўриниши қандай? Назаримда зўр эмас. Ҳийла қўлламасак, расмда ҳам яхши чиқмайди. Шунда фудсуратчилар керак бўлади. Таом ва егуликларга керакли шакл беришни кўрсатадиган кўплаб роликлар бор. Мен ҳам бу учун махсус воситалардан фойдаланаман.
Мижозларим ғайриоддий нарса хохлашади. Бирор соат уринсамда, уларга маъқул келмайди. Шунда мен “Бу маставага бошқа кўриниш бериб бўлмайди”, -деб айтаман.
Таомни қорин тўқ ҳолатда суратга олиш маъқул. Агарда суратга олиш жараёни узоқ давом этадиган бўлса, қорнимизни тўйдиришни илтимос қиламан. Дастлаб менинг талабларим ошпазларга ёқмайди. Кейинчалик эса ҳақ эканлигимни тушуниб етишади.
Давлатимизда зўр ошпазлар ниҳоятда кўп. Айниқса, пандемиядан кейин кўплари Россия, БАА ва Туркиядан қайтиб келишди. Натижада маҳаллий ресторанларнинг таомномаси жуда ранг-баранглашди. Улар катта янгиликларни олиб келишди. Бир пайтлар “юнонча” ёки “каприз” каби салатлардан бошқаси йўқ эди. Айни пайтда эса Тошкентда ҳамма нарса мунтазир.
Халқаро экспертларнинг эътирофи мен учун катта аҳамиятга эга. Масалан, яқинда бир мижозим Россия маркетинг агентлигидан стратегияга буюртма берган. Уларнинг суратчиси мен билан ёзишма қилиб турди, айни суратга олиш пайтида мен унга тасдиқлаш учун расмларни юбордим. У менга “зўр, яхши чиқибди”, деб жавоб берди. Шундай онларда касбий жиҳатдан ўсаётганимни хис қиламан.
Қийин бўлсада, қизиқ
Суратга олишнинг ҳар-бир йўналиши ўз хусусияти ва мураккабликларига эга. Аёл суратчига айниқса қийин. Бир пайтлар муаммолар шунчалик кўпайиб кетдики, эркак суратчига осон бўлса керак, деб ўйланиб қолдим. Эркак киши уйга қайтгач, иши тугайди, овқат тайёрлаш ёки уй юмушлари ҳақида бош қотирмайди.
Балким шу боис, “фудсуратчи” йўналишида аёллар сони камдир. Барча ҳам бу билан шуғулланишни истамайди, чунки иш ниҳоятда кўп, буюртма эса доим ҳам етарли бўлмайди. Мисол учун тўйларда суратга оладиганларга нисбатан осонроқ. Тўйда сурат олиниб, бир неча кундан кейин мижозга расмлар топширилади холос. Бизнинг иш эса ҳафталаб, ҳаттоқи ойлаб давом этиши мумкин.
Ижод қилиш маъносида суратга олиш жараёни мутлақ эркинлик бера олмайди. Мен барибир буюртмачининг талабига мослашишим керак. Яхши маҳсулот яратиш учун даставвал унга нима кераклигини тушуниш лозим.
Масалан, одамни суратга оладиганлар маълум услуб бўйича ишлашади. Менга мурожаат қилувчилар эса албатта янгилик қилиб беришни сўрашади. Шунинг учун доимо янги шакл ва мазмун излашга мажбурман.
Фудсуратчининг иши осон бўлмасада, қизиқ томонлари ҳам йўқ эмас. Бироқ, бу борада мия доимо ишлаб туриши керак.
Умуман олганда, яхши суратчини қандай топиш мумкинлигини билиш зарур. Ўзбекистонда фудсуратчилар жуда кам. Яхши тўй суратчисини топиш ундан ҳам қийин. Чунки улар ҳар қадамда ўз хизматини таклиф қилади. Лекин шуни ёдда тутиш керакки, қанча арзон бўлса, шунча хизмат сифати паст бўлади. Шунинг учун биладиган кишилар аввало портфолиога қарашади.
Ривожланиш имкониятлари
Афсуски, фудсуратчилик Ўзбекистонда яхши ривожланмаган. Мавжуд менталитет туфайли янгилик киритиш ўта мураккаб вазифа. Шундай бўлсада, бу борадаги рақобат жуда катта.
Бизнинг соҳада нарх-наво масаласи катта роль ўйнайди. Одамларимиз савдолашишни ва тежашни хуш кўради. Бу масалада таниқли россиялик суратчи Игорь Сахаровнинг айтганларини эслайман. Унинг фикрича, “Ҳар-бир устанинг ўз мижози бўлади”. Шундан кейин мен бир қарорга келдим. Агарда одам мен таклиф қилган нархга рози бўлмаса, демак у менинг мижозим эмас.
Одамлар ёрдамчиларимга, бино ижараси учун пул тўлашим кераклигини тушунишмайди. Жиҳозларимиз ҳам вақти-вақти билан ишдан чиқади. Шунинг учун ўз меҳнат ҳаққингизни туширсангиз, фақат муаммолар келиб чиқади.
Танқидчи бўлишни орзу қилганман
10-синфдан бошлаб газеталарда мақолаларим чиқа бошлади. Газетага ишга боришдан олдин шарҳ ёзишни, маданият соҳасида танқидчи бўлишни орзу қилардим ва санъат институтига киришга тайёргарлик кўрдим. Натижада Миллий университетнинг журналистика факультетига ўқишга кирдим. Биринчи курсданоқ "Bella Terra" журналида амалиёт билан шуғулланиш баробарида "Кечки Тошкент" газетасида маънавият бўлими муҳаррири бўлиб ишладим.
Даставвал, газетадаги ишларим юришди. Лекин маълум вақт ўтгач, собиқ КПССдан қолган эски бино, хизмат хонасида ўтирган пенсионерлар менга салбий таъсир қила бошлади. Муҳитни ўзгартириш зарурлигини сездим. Ўша пайтларда газета саҳифаларида чоп қилинагн мақолалар реал ҳаётга мос келмасди. Бу борада Bella Terra журнали бошқалардан фарқ қиларди. Бироқ, ўша пайтларда журнал жамоаси менга унча ҳам ёқмасди. У ерда шахсий ҳаётингиз билан ҳеч ким қизиқмаган.
Кейинчалик яна бир нечта нашрларда фалият кўрсатганман, лекин у ерда ҳам ишим юришмади. Ўз пайтда бир йирик компаниянинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимига раҳбарлиқ қилиш таклифи берилди. Мен мақола ёзишни тўхтатиб, пресс-релизларга ўтдим. Умуман олганда, ишим ёмон эмасди, лекин кўнглим ижод сари интиларди.
Журналистика ва харассмент
Бир куни газетанинг масъул ходими хизмат хонамга кириб, рус версиясининг муҳаррири лавозимини таклиф қилди. Лекин бунинг эвазига у билан муносабат қилишим лозим экан. Мен ундан чиқиб кетишни сўрадим. У дарҳол ҳаммасини тушунди. Бир оз вақт ўтгандан сўнг, ҳеч кимга маълум қилмай, газетани ўзим тарк этдим. Балким ҳеч кимга айтмаганим хатодир, лекин ўша пайтда менга биров ишонардими?
Блог
Фудсуратчилик соҳасига IKulinarka номли кулинария блоги туфайли кириб бордим. Блогни 2011 йилнинг декабрида ташкил этиб, 2018 йилда якунладим. Қарийб 8 йил давомида фудблогерлик қилдим.
Бу ҳаётимнинг тасодифий ҳодисаси бўлмаган. Ўша пайтга қадар ресторанда ишлашга улгурдим, уйда ҳам пиширишни ёқтирардим. Блогдаги суратларим жуда сифатли эди. Ишимга катта масъулият билан ёндошиб, дарров профессионал фотоаппарат харид қилдим.
Ўша дамларда бу каби лойиҳалар асосан миллий таомларга қаратилган эди. Мен эса бирор-бир замонавий тусда иш қилмоқчи эдим. Балким шу боис блог контенти оммалашгандир. Мен машҳурлик чўққисига чиқиб, катта базм ва тўйларга хизмат кўрсатишни бошладим. Чарчоқни билмай ишлашга ўргандим. Лойиҳани давом эттириш учун жамоа йиғиш, мажбуриятларни тақсимлаш керак бўлиб қолди. Лекин, ҳамма нарсанинг ўз вақти бор экан. Блог масаласида танаффус қилишга тўғри келди. Чунки у билан ишлаш оғирлик қила бошлади.
Кучли аёл ким?
Мен кучли эканлигимни тан олмаганман. Аксинча, узоқ вақт ўзимни ожиза деб ҳисоблаганман. Кейинчалик кучлилигимни бўйнимга олиб, сал енгил тортдим. Ҳа, мен кучли инсонман. Бунинг нимаси ёмон?
Шундай бўлсада, айрим ишларни мен учун эркак киши қилишини истадим. Доимо кучли бўлиб юриш қийин экан. Эркакнинг кўмаги ва унинг тушуниши жуда ҳам муҳим.
Биз доим ўзгариб борамиз. Институтда ўқиган ва айни пайтдаги Рината ўртасида катта фарқ бор. Йиллар ўтиб атрофдагилар ҳам ўзгарди. Ҳозирда мени айнан кучли аёллар қўршаб олган.
Таваккалчилик ва Рината
Шубҳасизки, мен таваккалчи инсонман. Акс ҳолда ким ҳар ойда 12 миллион сўм машина учун пул тўлайди? Қолаверса, квартира ва офис учун тўловлар ҳам бор. Таваккалчи эканим ҳақида ёшлигимданоқ онам айтиб келган. Мен шу психологик тоифага мансуб кишилар қаторига кираман. Улар 40 ёшда ҳам таваккалчилик қилаверади.
Икки нафар болам билан эримдан кетганим (охир-оқибат ярашиб олган- таҳр), йирик фоизга мол олганим, оиладаги охирги пулга янги бизнесимни ташкил этганим – буларнинг барчаси таваккалчилик белгисидир.
Бизнинг давлатда фудсуратчи бўлишнинг ўзи ҳам катта таваккалчилик. Ўзбекистонда бу каби расмлар учун ҳеч ким пул тўлашни истмаслигини инобатга олсак, қанчалик қийин бўлганини ҳис этасиз. Ҳомиладорлигимнинг иккинчи ойи оғир токсикоз билан кечатганига қарамай, янги касбни ўрганишга отланганман. Ҳомиладорликнинг олтинчи ойида иккинчи курсга жўнадим. Шунинг учун таваккалчиликдан умуман қўрқмайман.
Ўз қадрини билиш
Гоҳида ёллар ижтимоий тармоқларда бошқаларнинг муваффақияти ҳақида ўқиб қолиб, “Мен ҳеч кимман, ўйда бола билан ўтириб қолдим, қўлимдан бирор иш келмайди”, -деб айтишади. Назаримда, бу билан аёл ўзини ерга уради. Агарда бу каби хабарлар кайфиятни бузса, унда аккаунтга обунани бекор қилиш керак. Бошқа бир томондан, ўз ютуқларини ошкор қилаётган кимсалар ўз ўқувчиларига тўғри маълумот бериши лозим.
Айни пайтда аксарият кишилар мақсадни ҳамма нарсадан устун қўяди. Мободо бирор-бир режаси амалга ошмаса, унда ўзини койиб туради. Лекин омадсизлик тушкунликка сабаб бўлмаслиги керак. Ҳар-бир аёл ўз қадрини билиши ниҳоятда муҳимдир.
Болалигимда онам ва бувим мен учун кучли инсон тимсоли бўлишган. Лекин улар ҳар-хил инсон эди, иккаласи ҳам менга таъсир қилгани боис, айрим пайтда бошим чалғирди. Кейинчалик менга дин қаттиқ таъсир кўрсатди. Шу фикр-хаёллар билан 30 ёшга кириб бордим.
Ўзимни англашим лозимлигини тушуниб етдим. Менимча, қачонки инсон севимли касбини топса, ўшандагина ўзини топа олади. Бу борада Блиновскаянинг марафони менга катта ёрдам берди. Ўйламанг, бу реклама эмас. Бу марафон инсон танаси, айрим пайтда киши ўзини-ўзи танлаши лозимлигига бағишланган.
Инсон ўзини-ўзи яхши кўриши керак, дейишади. Илгари бунинг маъносини тушунмасдим. Санкт-Петербургдаги психологимга мурожаат қилиб, ўзини-ўзи яхши кўриш нима эканлигини тушунтириб беришини сўрадим. У менга “бор, маникюр, педикюр қил, спа-салонга қатна”, -дея маслаҳат берди. Ўн олти ёшимдан бошлаб айтганини қилаяпман. Бунинг фойдаси бўлмади, ўзимни кўпроқ яхши кўра олмадим.
Кейинчалик бу иборанинг мағзини илғаб олдим. Ўзини-ўзи яхши кўриш деганда ўз-ўзини танлай олиш тушунилиши лозим экан. Масалан, агарда толиққан бўлсам, таклиф этилган тадбирга бормайман. Ёки дейлик, ҳамма тановвул қилаётган таомни истеъмол қилмайман, чунки ошқозонимга ёқмайди. Боламни ўзига маъқул бўлмаган спорт тўгарагига олиб бормайман. Одамлар нима деса деяверсин.
Психологияни ўрганиш
Икки йил муқаддам илк бор психотерапияга мурожаат қилганман, ҳозирда эса ўзим психологияни ўрганаяпман. Икки йилда турли мутахассислар билан ишладим, ҳаттоки Санкт-Петербургга Райх терапияси учун борганман.
Собиқ совет иттифоқи давлатларида тезкор натижа кутишади. Ҳамма ўз муаммосининг тезда ҳал бўлишини истайди. Афсуски, бу борада фирибгарларнинг қўлига тушиб қолиш мумкин.
Мутахассисга онгли равишда мурожаат қилинади. Масалан, фарзанд тарбиясида қийналган оналар психология ҳақида ўйлаб қолишади.
Бизнинг Ўзбекистонда негадир психолог ва психотерапевтлардан қўрқишади. Балким тобе бўлиб қолишни ўйлашар. Аслида, малакали психологда бундай мақсад бўлмайди. Бизда эса психологга мурожаат қилган киши бемор, унинг бошида муаммоси бор, деган фикр юради.
Психологияга ўзим учун кириб борганман, бировга ёрдам бериш мақсадини кўзлаганим йўқ. Балким кейинчалик буни ҳам қиларман. Лекин суратга олишни ташламайман. Бу мен учун энг завқли машғулот.
Ўйлайманки, якин икки-уч йил ичида деярли ҳамманинг ўз психологи бўлади.
Изоҳлар мавжуд емас