Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун АҚШнинг Хитойдан импорт бўйича 104 фоизлик божлари кучга киради. Божларни яна ошириш тўғрисидаги қарорни АҚШ президенти Хитой бунга жавобан 34 фоизлик божларни жорий қилишни тўхтатмагани учун қабул қилган. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Кеча Оқ уй Хитойдан импорт қилиш учун амалдаги 20 ва 34 фоизга қўшимча равишда 50 фоизлик бож белгилади. Натижада якуний ставка 104 фоизни ташкил этди.
Бундан олдин Хитой АҚШ президенти томонидан бўладиган таҳдидларга ён бермаслиги, Вашингтоннинг "шантажи”га учмаслиги ва савдо урушида охиригача боришини билдирганди.
Шу билан бирга, Оқ уйнинг фикрича, Пекин келишув тузмоқчи, аммо буни қандай қилишни билмаяпти.
“Агар Хитой божлар бўйича келишув тузишга қарор қилса, АҚШ президенти Доналд Трамп бу борада ниҳоятда сахий бўлади”,- деди Оқ уй матбуот котиби Керолин Левитт. Шунингдек, у Хитой каби "қасос олишга" қарор қилган давлатлар хато қилаётганини қўшимча қилди.
"Америкага қарши зарба берилганда, [президент] кучлироқ зарба беради. Шунинг учун бугун ярим тунда Хитойга нисбатан 104 фоизлик божлар кучга киради," - деди у ва президентнинг "синмаслигига" ишонтирди.
Хитой Трампнинг янги божлар билан таҳдидидан сўнг "охиригача курашиш" ниятини эълон қилди.
"Босим ва таҳдидлар - Хитой билан муносабатларни олиб боришнинг нотўғри усули," - дея таъкидлади Хитой савдо вазирлиги ва АҚШни савдо урушини тўхтатишга чақирди.
Эслатиб ўтамизки, Хитой АҚШнинг ҳаракатларига жавобан АҚШнинг барча товарларига 34 фоизлик бож жорий этишини маълум қилганди. Янги тарифлар 10 апрелдан кучга киради.
Изоҳлар мавжуд емас