Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Толибон ҳукуматида ишлаган Афғонистон қочқинлар ишлари вазири Халил ур-Раҳмон Ҳаққоний Кобулдаги портлашда ҳалок бўлган.
Бу ҳақда мамлакат ҳукумати матбуот-котиби Забиҳулло Мужоҳид Х ижтимоий тармоғида маълум қилган.
"Ҳаққоний бугун кундузи ҳужум натижасида ҳалок бўлди", - деди Мужоҳид.
Маҳаллий One TV телеканалининг хабар беришича, портлаш агентлик ҳудудида содир бўлган, бир неча киши қурбон бўлган. Марҳумнинг жияни Анас Ҳаққонийга таяниб, Reuters маълум қилишича, портлаш пайтида вазирдан ташқари яна 6 киши ҳалок бўлган.
Халил ур-Раҳмон Ҳаққоний 2021 йилда Толибон ҳокимиятга келганидан кейин вазир лавозимини эгаллаган. АҚШ Давлат департаменти уни Афғонистондаги 20 йиллик уруш пайтида йирик террорчилик ҳужумларига алоқадор жангариларнинг юқори мартабали раҳбари деб атаган. 2021 йилда АҚШ Молия вазирлиги Ҳаққонийни "ўта хавфли халқаро террорчилар" рўйхатига киритган ва Давлат департаменти унинг ҳибсга олинишига олиб келиши мумкин бўлган маълумотлар учун беш миллион доллар таклиф қилган.
Изоҳлар мавжуд емас