Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 14 январь куни Таиланднинг шимоли-шарқида оғир темир йўл ҳалокати содир бўлди. Юқори тезликдаги темир йўл қурилишида ишлаётган улкан қурилиш крани ҳаракатланаётган йўловчи поезд устига қулаши оқибатида ўнлаб инсонлар ҳаётдан кўз юмди.
Фожиа чоршанба куни эрталаб Накхонратчасима провинциясида, Бангкокдан 230 км узоқликда содир бўлган. Бангкокдан Убонратчатхани йўналиши бўйича кетаётган йўловчи поезди юқори тезликдаги темир йўл қурилиши олиб борилаётган ҳудуддан ўтаётганда, тепадаги улкан қурилиш крани унинг устига қулаган.

Зарба оқибатида поезд изидан чиқиб кетган ва қисқа муддатли ёнғин юзага келган.
Дастлабки хабарларда қурбонлар сони камроқ айтилган эди, бироқ қутқарув ишлари давомида мудҳиш рақамлар ўсиб бормоқда:
Ҳалок бўлганлар камида 22 киши. Полиция қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигидан хавотирда. 55 киши турли даражадаги жароҳатлар билан шифохоналарга етказилган.

Ҳозирда воқеа жойида қутқарув гуруҳлари ва тез тиббий ёрдам ходимлари ишламоқда. Ёнғин тўлиқ ўчирилган. Мутахассислар вайроналар остида қолган бўлиши мумкин бўлган бошқа йўловчиларни қидиришмоқда.
Ушбу йўналиш бўйлаб ҳаракатланувчи поездлар қатнови вақтинча тўхтатилган. Таиланд ҳукумати воқеа юзасидан зудлик билан тергов бошлаган.
Сўнгги кунларда Таиландда сайёҳлар ва йўловчилар иштирокидаги бахтсиз ҳодисалар тез-тез кузатилмоқда. Кечагина Андаман денгизида Ўзбекистон, Россия ва бошқа давлатлар фуқаролари бўлган сайёҳлик катери балиқчилар кемаси билан тўқнашиб кетиши натижасида сувга ғарқ бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас