Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 27 октябрь куни Туркиянинг Баликесир вилояти Синдирги туманида 6,1 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларни бошқариш агентлиги (AFAD) маълум қилди. Зилзила Истанбул, Измир ва Маниса шаҳарларида ҳам сезилган.
Маълумотларга кўра, зилзила маҳаллий вақт билан соат 22:48 да Баликесир вилоятининг Синдирги туманидан 8 километр жануби-шарқда содир бўлган. Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Мемишоғлунинг маълум қилишича, зилзила пайтида қўрққанидан деразадан сакраб жароҳат олган 19 нафар фуқародан 4 нафарига жавоб берилган. Қолган жабрланувчиларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Ҳодиса эпимарказига яқин жойлашган Синдирги тумани ҳокимининг сўзларига кўра, аввалги зилзилада ҳам катта зарар кўрган ва яшаш учун яроқсиз бўлиб қолган шаҳар марказидаги учта бино ҳамда битта дўкон вайрон бўлган. Тунги вақт бўлгани сабабли, дўкон ичида одам бўлмаган. Маниса шаҳрида эса бир уйнинг том қисми қулагани маълум қилинган.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳам зилзиладан жабрланган Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған зилзиладан жабрланган фуқароларга ҳамдардлик билдирди. Давлат раҳбари баёнотида қуйидагича сўзларни келтирди:
"Баликесир вилоятининг Синдирги туманида рўй берган ва қўшни вилоятларда ҳам сезилган зилзиладан жабр кўрган фуқароларга ҳамдардлик билдираман.
AFAD бошчилигидаги тегишли тузилмалар жойларда текширув ва назорат ишларини эҳтиёткорлик билан давом эттирмоқда. Биз ҳам жараённи яқиндан кузатмоқдамиз.
Аллоҳ юртимиз ва халқимизни ҳар қандай офатдан асрасин".
Ҳозирда маҳаллий ҳокимият ва қутқарув хизмати ходимлари қишлоқ ҳудудлардаги вазиятни ҳам ўрганмоқда.
Сейсмологлар маълумотларни таҳлил қилар экан, зилзиланинг магнитудаси ва таъсир куч даражаси янгиланиши мумкинлиги қайд этилмоқда. Шунингдек, АҚШ Геологик хизмати мутахассислари силкиниш харитасини қайта янгилаш ишларини олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 июн куни Туркиянинг Муғла вилоятида жойлашган Мармарис курорт шаҳрида 5,8 магнитудали кучли зилзила содир бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас