Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг Адана шаҳрида 34 ёшли эркак оилавий жанжалдан сўнг 6 ва 8 ёшли фарзандларини тўпончадан отиб ўлдирди, сўнгра ўзига ҳам ўқ узди. Ҳодиса оқибатида ота ва икки бола воқеа жойида вафот этган.
Мудҳиш воқеа Саричам тумани, Бойнуёғун маҳалласида содир бўлган. Маълумотларга кўра, 34 ёшли Серген Алтунбаш ва унинг турмуш ўртоғи Гизем Дениз ўртасида келиб чиққан низодан сўнг, аёл уйни тарк этган. Шундан сўнг, ота ўз фарзандлари — 8 ёшли Ада ва 6 ёшли Мертни тўпонча билан бош қисмига отиб ўлдирган ва кейин худди шу қурол билан ўз жонига қасд қилган.
Маълум бўлишича, қотилликдан олдин эркак хотинига хабар юборган: "Менда фақат битта танлов қолди. Биласанми, нега болаларни сен билан қолдирмаяпман?"
Аслида эр-хотин 2021 йилда ажрашишган бўлган, аммо ўша уйда бирга яшашда давом этишган ва охирги бўлиб ўтган жанжалдан сўнг, хотини вақтинчалик уйдан чиқиб кетган.
Қўшнилар ўқ овозини эшитгач, зудлик билан полиция ва тез ёрдам гуруҳларини чақиришган. Уйга кирган тиббиёт ходимлари ота ва икки боланинг жонсиз танасини топишган. Жасадлар экспертиза ўтказиш учун Адана суд-тиббий экспертиза институти моргига етказилган.
Қотиллик ва суиқасддан аввал, ноябрь ойида Серген Алтунбаш ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида оиласи ҳақида илиқ фикрлар ёзган:
"У энг ёмон ва энг оғир кунларимда доим ёнимда бўлди. Бизнинг энг катта бойлигимиз бойлик эмас, маънавият эди. Биз бир-биримизни шу қадар маҳкам тутиб, куч олдикки, бизни ҳеч нарса йиқита олмади ва йиқита олмайди ҳам..."
Воқеадан хабар топган қариндошлар ғазаб отига миниб, марҳумга тегишли бўлган автомобилга ўт қўйиб юборишган.
Ҳозирда полиция мазкур жиноят юзасидан кенг қамровли тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
Маълумот учун, Серген Алтунбаш АҚШ визасини қандай олиш ҳақида YouTube видеолари билан танилган ва ўз компанияси орқали виза бўйича маслаҳатлар берган - у илгари оиласи билан АҚШда яшаган.
Эслатиб ўтамиз, ўзимизда ҳам Марғилонда эркак уй жиҳозлари ёрдамида ўғлини уриб ўлдирганди. Суд уни 10 йилга озодликдан маҳрум қилган.


Изоҳлар мавжуд емас