Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Рус дунёси" ғоясининг асосий тарғиботчиси Александр Дугин собиқ совет давлатлари, жумладан Ўзбекистоннинг суверенитетини тан олмасликка чақирди. Унинг фикрича, миллий давлатлар даври тугаган ва Россия бу ҳудудларни ўз назоратига олиши шарт.
Владимир Соловьёвнинг Марказий Осиёда "махсус ҳарбий операция" ўтказиш ҳақидаги таҳдидидан сўнг, Дугин ҳам очиқдан-очиқ агрессив баёнот билан чиққан. У Арманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатларнинг мустақил мавжудлигига Россия рози бўла олмаслигини таъкидлаган.
"Ёки улар бизнинг ягона иттифоқимиз таркибига киради, ёки бизга қарши платцдармга айланади. Суверенитет якунланди", — деган Дугин.
Ўзбекистонлик фаоллар ва бошқа эксперлар бу каби чиқишларни индивидуал фикр эмас, балки Кремлнинг хавфли мафкуравий сигнали деб баҳоламоқда. Экспертлар Ўзбекистон ҳукумати ва Ташқи ишлар вазирлигига чора кўришни таклиф қилмоқда.
Унга кўра, суверенитетни инкор этувчи шахсларнинг мамлакатга киришини тақиқлаш, уруш ва босқинчилик мафкурасини тарғиб қилаётган Россия телеканалларини Ўзбекистон ҳудудида блоклаш, Марказий Осиё давлатларининг жамоавий ва очиқ сиёсий жавобини шакллантириш сўралмоқда.
Маълумот учун: Дугин ким?
Александр Дугин Россиянинг империячилик сиёсати асосчиларидан бири ҳисобланади. Унинг Украинага нисбатан худди шундай қарашлари 2022 йилда унга нисбатан суиқасд уюштирилишига сабаб бўлган (ўшанда унинг қизи Дарья Дугина ҳалок бўлган эди). Экспертларнинг фикрича, бу каби баёнотларни жавобсиз қолдириш заифлик сифатида қабул қилиниши ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас