Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг биринчи чорагида Россияда хорижликлар томонидан содир этилган жами жиноятларнинг 35,5 фоизи Ўзбекистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келади. Шундай қилиб, ўзбекистонликлар бу даврда мигрантларнинг энг криминоген гуруҳига айланди. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Россия Ички ишлар вазирлигининг миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Виталий Яковлев "Тинчлик, барқарор ривожланиш ва миграция" халқаро конференциясида сўзлаган нутқида антирейтингда иккинчи ва учинчи ўринларни Тожикистон (16,6 фоиз) ва Қирғизистон (11,5 фоиз) фуқаролари эгаллаганини таъкидлаган. Шу билан бирга, Россияда чет элликлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2025 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,3 фоизга ошган.
"Агар мутлақ рақамларда гапирадиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи чорагида Россияда хорижликлар томонидан 12,5 мингта жиноят содир этилган", - деди у.
Конференция 12 июнь, пайшанба куни Ашхободда бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Россия, Эрон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон миграция идоралари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган.
Аввалроқ Москвадаги меҳнат мигрантлари ётоқхонасида ўтказилган рейд чоғида маҳаллий хавфсизлик кучларининг қўпол хатти-ҳаракатлари туфайли Тошкент Россия томонига норозилик билдирган эди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бундай ҳаракатлар икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларга мутлақо тўғри келмаслигини маълум қилган.
Бунга жавобан Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова мурожаатдаги маълумотлар ўрганилаётгани ва ваколатли органларга етказилганини билдирган. Дипломат Россия Ўзбекистонга белгиланган тартибда холис маълумот тақдим этишини таъкидлади.
Изоҳлар мавжуд емас