Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жанубий Кореянинг Кёнгидо провинциясида қурилиш пайтида метро туннели қулаб тушган, оқибатда йўлнинг бир қисми чўкди ва яқин атрофдаги биноларга зарар етган. Бир киши бедарак йўқолган, яна бири вайроналар остида қолган. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Yonhap агентлигининг хабар беришича, воқеа бугун, 11 апрель куни содир бўлган. Ҳодиса жойидан олинган кадрларда ўпирилиш кўп полосали йўлга ва қурилиш майдони яқинида жойлашган биноларнинг бир қисмига таъсир қилганини кўриш мумкин.
Фавқулодда вазият вақтида туннелда беш нафар ишчи бўлган. Маълум бўлишича, улардан уч нафари омон қолган, бир нафари тирик топилган, бироқ у вайроналар остида қолгани аниқланган. Экскаватор машинисти бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Ҳукумат янги қулаш хавфи туфайли яқин атрофдаги уйлар аҳолисини эвакуация қилишни буюрган. Ҳозир улар вақтинча мактабларга жойлаштирилмоқда.
Шу куннинг бошида ишчилар туннель таянчларида ёриқлар борлигини пайқашган. Шу муносабат билан қурилиш устидан ўтган олти полосали йўлда ҳаракат бутунлай тўхтатилган. Авария вақтида Posco E&C компанияси ва инфратузилма вазирлиги мутахассислари объектни текширувдан ўтказаётган бўлган.
Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилиб, қулаш сабаблари ўрганилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас