Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонлик яна бир хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев муаллифни рухсатисиз шеърларидан фойдалангани учун жаримага тортилди.
Муаллифлик ҳуқуқини бузувчига нисбатан кўрилган чоралар ҳақида Интеллектуал мулк департаменти матбуот хизмати маълум қилди.
Адлия вазирлиги муаллифи Шоҳрух Абдувоҳидовга тегишли "Юрак", " Мени деб окарди сочларнинг она", "Кўзларингни қизганма мендан" ва "Барчасини Худога солдим" шеърларидан ижрочи Жалолиддин Аҳмадалиев ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз ва шартнома тузмасдан фойдаланганини аниқлади.
Ҳуқуқбузарга нисбатан Жиноят кодексининг 177-1-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Данғара туман судининг ҳукмига кўра, ҳуқуқбузарга жарима жазоси тайинланган. Жарима миқдори кўрсатилмаган, аммо 177-1-модда бўйича БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача (375 минг сўмдан 1,9 миллион сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.
Қайд этилишича, муаллиф ҳуқуқбузардан БҲМнинг 20 бараваридан 1 000 бараваригача миқдорда зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Интеллектуал мулк департаменти ижодий касб эгаларидан муаллифлик ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ барча ҳолатлар тўғрисида Адлия вазирлигига 1008 ёки info@adliya.uz телефон рақамлари орқали хабар беришни сўрайди.
Аввалроқ хонанда Ботир Қодиров муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбли деб топилганди. Суд қарорига кўра, у шоир Шамсиддин Тўраевга 130 миллион сўмдан ортиқ товон пули тўлайди.
Изоҳлар мавжуд емас