Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳар қандай халқаро чекловлар бевосита ёки билвосита миллий иқтисодиётда ўз аксини топади ва Марказий банк ўз прогнозларида ушбу омилни ҳисобга олади. Марказий банк раиси Тимур Ишметов 24 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг йирик ҳамкорларидан бири бўлган Россиянинг "Роснефт" ва "Лукойл" нефть компанияларига нисбатан АҚШ ва Европа Иттифоқининг янги санкциялари эҳтимолий таъсирига изоҳ берди.
"Замонавий дунёда рўй бераётган ўзгаришлар маълум бир даврда Ўзбекистонга бевосита ёки билвосита, озми-кўпми таъсир кўрсатади", - деди регулятор раҳбари.
Унинг таъкидлашича, сўнгги санкциялар, жумладан, нефть маҳсулотларига қарши чораларнинг таъсир хавфи истисно қилинмайди, бироқ уларнинг таъсири мамлакатлар ўртасидаги узоқ муддатли шартномалар ва ўзаро ҳамкорликнинг дипломатик механизмлари туфайли чекланган бўлиши мумкин.
Ишметовнинг тушунтиришича, бундай чекловлар жорий этилгандан сўнг, давлатлар учинчи томонлар учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни юмшатиш учун музокаралар олиб бормоқда.
"Музокаралар чоғида санкциялардан мақсад учинчи давлатларга ёки уларнинг аҳолисига зарар етказиш эмаслиги ҳисобга олинмоқда. Шу боис, санкциялар учинчи давлатларга таъсир қилмаслиги учун шароит яратиш мақсадида мунтазам равишда музокаралар олиб борилмоқда. Бундай механизм мавжуд. Ишончим комилки, у бу сафар ҳам амалга оширилади. Хавф юқори бўлса-да, бу кучли таъсир қилмайди, деган умиддамиз," - деди Марказий банк раҳбари.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон санкциялар режимига риоя қилиш масалаларига жуда жиддий ёндашади ва иқтисодиёт учун юзага келиши мумкин бўлган хавфларни минималлаштирган ҳолда халқаро меъёрларга мувофиқ ҳаракат қилишда давом этади.

Изоҳлар мавжуд емас