Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари 8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарди. Бу умумий генерациянинг 22 фоизини ташкил этади. Бундай ҳажм 7 миллиондан зиёд хонадонни 9 ой давомида электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.
Маълумотлар 23 сентябрь ҳолатига кўра Энергетика вазирлиги томонидан тақдим этилган.
Айни пайтда Ўзбекистонда умумий қуввати 4 минг 600 мегаватт бўлган 12 та қуёш ва 5 та шамол электр станцияси ишлаб турибди. Уларнинг фаолияти туфайли йил бошидан буён 2,4 миллиард куб метр табиий газ тежалди, атмосферага 3,5 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинди.
Барча гидроэлектр станцияларни ҳисобга олганда, "яшил" генерация ҳажми 13,2 миллиард киловатт-соатни ташкил этади.
Эслатиб ўтамизки, 2025 йил июль ойида Ўзбекистонда рекорд ўрнатилган эди: ўшанда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг умумий ҳажмининг 17 фоизи "яшил" манбалар ҳиссасига тўғри келган.
Йил бошида Энергетика вазирлиги 2024 йилда республикада яшил энергетикани ривожлантириш устунлик қилганини маълум қилган эди. Йил давомида 2 минг 700 мегаваттдан зиёд янги қувватлар ишга тушган бўлса, шундан 1 минг 800 мегаватт қайта тикланувчи энергия манбаларига тўғри келади.
2030 йилга бориб Ўзбекистон умумий генерацияда яшил энергия улушини 50 фоизга етказишни мақсад қилган.
Изоҳлар мавжуд емас