Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жаҳон бозорида олтин нархининг кескин кўтарилиши фонида Навоий кон-металлургия комбинатининг (НКМК) даромади 46,5 фоизга ошган. Унинг умумий даромади 10,8 миллиард долларга етган.
Ўзбекистоннинг энг йирик солиқ тўловчиси ҳисобланган НКМК компанияси 2025 йил учун молиявий ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, компаниянинг соф фойдаси ўтган йилга нисбатан 64 фоизга ўсиб, рекорд даражани қайд этган. Бунга асосий сабаб сифатида йил давомида олтин нархининг бир унция учун 2 650 доллардан 4 500 долларгача, яъни 70 фоиздан кўпроққа қимматлашгани кўрсатилмоқда.
Комбинатнинг ягона акциядори бўлган давлатга 2025 йил якунлари бўйича 3,2 миллиард доллар дивиденд тўланган. Бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан (1,73 миллиард доллар) 85 фоизга кўпдир.
Компания ўтган йили бюджетга 54,6 триллион сўм солиқ тўлаган. 2026 йилда ҳам бюджет даромадларининг 20,2 фоизи айнан НКМК ҳиссасига тўғри келиши кутилмоқда.
Марказий банк комбинатининг бош мижози бўлиб қолмоқда. 2025 йилда банкка 9,99 миллиард долларлик олтин сотилган.
Олтин нархининг баландлиги Ўзбекистон иқтисодиётининг 2025 йилда кутилганидан яхшироқ — 7,7 фоизга ўсишига хизмат қилди. Ҳозирда компанияни қазлар билан бирга 20 миллиард долларга баҳолаган ҳолда Тошкент ва Лондон фонд биржаларида (dual listing) IPOга чиқариш режалаштирилган. Бироқ, ҳукумат IPOдан сўнг бюджетга тушадиган дивидендлар камайишидан хавотирда.
Шунингдек, 2026 йил бошида олтин нархи рекорд даражадаги 5 600 доллардан яна 4 500 долларга тушгани компаниянинг келгуси даромадлари ва IPO жараёнига таъсир қилиши мумкин.
Маълумот учун, НКМК компаниясининг молиявий ҳолати бевосита олтин котировкаларига боғлиқ бўлиб, масалан, нархлар паст бўлган 2022 йилда компания фойдаси 1 млрд долларгача тушиб қолган эди.

Изоҳлар мавжуд емас