Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025 йилнинг биринчи саккиз ойи мобайнида Россия газининг, жумладан Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олган Марказий Осиёга етказиб берилиши 15 фоизга ошган.
Бу ҳақда "Газпром" раҳбари Алексей Миллер Петербург халқаро газ форумида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Миллернинг сўзларига кўра, минтақа жадал иқтисодий ривожланишни намойиш этмоқда ва яқин беш-олти йил ичида Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти 60 фоизга ўсиши мумкин. Унинг таъкидлашича, бундай ўсиш энергия ресурсларига, айниқса табиий газга бўлган талабнинг ошишига олиб келади.
"2025 йилнинг саккиз ойини 2024 йилнинг шу даври билан таққослаяпмиз. Россия газининг Марказий Осиёга - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга етказиб бериш ҳажми 15 фоизга ошди. Бу катта ҳажмлар", - деди "Газпром" раҳбари.
Миллер, шунингдек, "Сибир кучи - 2" мегалойиҳаси доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар минтақага етказиб бериш ҳажмини янада оширишга туртки бўлишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу йўналишларнинг ривожланиши Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон учун барқарор энергия таъминоти ва иқтисодий ўсишни таъминлашда янги имкониятлар очади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда барча ёқилғи қуйиш шохобчалари ишини реал вақт режимида назорат қилувчи янги UGaz рақамли тизими ишга туширилди.
Изоҳлар мавжуд емас