Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тожикистонда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ вазият қўшни Ўзбекистондан электр энергияси етказиб бериш орқали маълум даражада яхшиланди. Ҳозир Тожикистонга суткасига икки миллион киловатт-соатга яқин электр энергияси кириб келмоқда. Қўшнилар Ўзбекистоннинг имкониятлари ошса, етказиб бериш ҳажмини оширишга умид қилмоқда.
Бу ҳақда 15 декабрь куни "Азия Плюс" нашри мамлакат Энергетика ва сув ресурслари вазирлигига таяниб хабар берган.
Айни пайтда Тожикистон Ўзбекистондан ҳар куни 2 миллион кВт·соат электр энергияси импорт қилмоқда. Бу қиш мавсумида мамлакатнинг энергияга бўлган талабини қисман қондиришга ёрдам беради.
Тожикистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қозоғистон ва Туркманистондан ҳам электр энергияси етказиб бериш бўйича энергетика вазирлари даражасида дастлабки келишувларга эришилган.
Ҳозирда ушбу мамлакатлардан етказиб бериш билан боғлиқ техник масалаларни ҳал қилиш устида иш олиб борилмоқда.
Тожикистон ташқи бозорларга чиқишда асосан Ўзбекистон энергия тизимига боғлиқ. Тожикистон фақат мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмида Ўзбекистон энергия тизими орқали (500 кВт "Регар-Ғузор" электр узатиш линияси) ташқи бозорларга чиқа олади.
Қозоғистон ва Туркманистондан электр энергияси транзитини таъминлаш учун Ўзбекистон энергетика тизимининг ўтказувчанлик қобилиятини ҳисобга олган ҳолда масалаларни мувофиқлаштириш зарур.
Тожикистоннинг энергетика тизими Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизими (БЭТ) доирасида параллел ишлаши республиканинг шимолий линиялари минтақавий "энергия ҳалқаси"га қўшилгандан сўнг йўлга қўйилади.
Тожикистоннинг Марказий Осиё электр тармоғига 2026 йилнинг биринчи чорагида тўлиқ қўшилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Афғонистонга ҳам 2025 йил электр энергияси етказиб бериш бўйича битим имзолаганди.

Изоҳлар мавжуд емас