Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилда давлат томонидан 30 триллион сўмлик активлар сотувга чиқарилади. Бу ҳақда президент раислигида давлат мулкини хусусийлаштиришга бағишланган йиғилишда айтиб ўтилган.
Ўтган уч йилда давлат томонидан 47 триллион сўмлик активлар сотилиб, бу ўтган ўн йилга нисбатан 30 баробар кўпдир. Иқтисодиётда давлат улуши 13 фоизга, давлат иштирокидаги корхоналар сони эса 2 баробарга қисқарган.
Ҳозирда ҳукумат яна 116 та корхона ва 581 та кўчмас мулк объектини бозорга олиб чиқишни режалаштирмоқда. Шунингдек, 6,1 минг гектар ер участкалари, 300 та кон ва йирик компаниялардаги стратегик улушлар сотувга чиқарилади. Хусусан, "Ўзавтосаноат," "Ўзбекнефтгаз," "Ўзбекистон темир йўллари," "Uzbekistan Airports" ва бошқалар шулар жумласидандир.
Хусусийлаштиришни жадаллаштириш учун тадбиркорларга янги имтиёзлар берилади. Яъни, ижарачилар 5 йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланишда бўлган объектларни сотиб олишлари мумкин бўлади. Бу 632 та объект га тегишли бўлиб, уларни сотиш орқали бюджетга 2 триллион сўм тушум таъминланади.
Ҳозирча сотилмаган активлар нархи пасаяди. Мисол учун, "Ўзпахтасаноат"нинг 131 та объекти 50 фоизгача чегирма билан, 3 йилга бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти билан савдога чиқарилади.
Узоқ вақт сотилмай турган участкалар бирлаштирилиб, такроран савдога қўйилади.
Яна бир стратегик йўналиш - энг йирик давлат корхоналари акцияларини жаҳон биржаларида сотувга чиқаришдир. Жорий йилда Ўзбекистон 28 та, келгуси йилда эса яна 10 та компания акцияларини савдога қўяди.

Изоҳлар мавжуд емас